Шу кунда Навоийдаги қамоқхоналарда жазо муддатини ўтаётган маҳкум блогерлар Фозилхўжа Орифхўжаев ва Отабек Сатторий “Эзгулик” ҳуқуқбонлик ташкилоти вакили билан учрашувда ўзларининг ноҳақ қамалганларини айтиб, маҳкамалар адолатли ҳукм чиқармаганидан шикоят қилишган.
Шу йилнинг 12-15 май кунлари Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили — Омбудсман қошидаги Миллий превентив механизмлар бўйича ишчи гуруҳи Навоий вилоятидаги қамоқхоналарни бориб кўрди. Бу ҳақда комиссия таркибида маҳкумлар билан учрашган Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти маълумот тарқатди.
“Эзгулик” матбуот хизматига кўра, учрашувларда иштирок этган ташкилот раиси ўринбосари Бекзод Нурматов Зарафшондаги 2200 ўринли колонияда 684 нафар маҳкум жазо муддатини ўтаётгани, уларнинг 27 таси диний-радикал оқимларга мансубликда айбланганини урғулаган.
Навоий вилоятининг қаттиқ тартибли Қизилтепа колониясида эса 1123 нафар маҳбус жазо муддатини ўтамоқда, бу ерда диний экстремизмга алоқадор моддалар бўйича қамалган 62 нафар маҳкум мавжуд.
Фаоллар мазкур колонияда жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Олмазор тумани суди ҳукми билан жамоат хавфсизлигига таҳдид солувчи материаллар тарқатишда айбланиб, 7,5 йилга қамалган таниқли блогер Фозилхўжа Орифхўжаев билан учрашган. Ҳуқуқ фаолига кўра, блогернинг соғлиғи билан боғлиқ муаммо йўқ, қамоқхона шароитидан ҳам шикоят қилган эмас. Аммо у ўзининг ноҳақ қамалганини айтиб, озод қилинишида кўмак сўраган.
Ижтимоий тармоқларда Аброр Мухтор Алий тахаллуси остида зиддиятли чиқишлари билан танилган Аброр Абдуазимов билан Тошкентдаги “Тўхтабой” масжиди олдида бўлиб ўтган тортишув ортидан қўлга олинган блогер Фозилхўжа Орифхўжаев шу йилнинг 26 январь куни 7 йилу 6 ойга қамалган эди.
Human Rights Watch халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти блогер Фозилхўжа Орифхўжаевга қўйилган барча айбловлар сиёсий дея, Ўзбекистон расмийларини бу айбловларни олиб ташлаш ва уни озод қилишга чақирган.
Навоий шаҳридаги 4-сонли умумий тартибли колония сиғими эса 1800 кишига мўлжалланган ва бу ерда 1142 нафар маҳкум сақланади. Уларнинг 60 нафари диний оқимларга мансубликда айбланган. Колонияда жазо муддатини ўтаётган таниқли блогер Отабек Сатторий қурилиш молларига нақш босувчи цехда компьютер оператори вазифасини бажармоқда.
“Эзгулик” фаолига кўра, қисқа муддатли учрашувда блогер ўзининг ноҳақ қамалгани, судларнинг адолатсизлигини таъкидлаган. Унинг айтишича, блогер оилада ёлғиз боқувчи ва кекса ота-онанинг ёлғиз ўғлидир. У президент Мирзиёев сиёсатига ишониб, блогерлик фаолиятига киришгани ва оқибатда коррупция қурбонига айланганини таъкидлаган.
40 ёшли Отабек Сатторий Музработ туман судининг 2021 йил 10 майидаги қарори билан 6,5 йилга озодликдан маҳрум қилинган. Бундан 1,5 ой муқаддам Ўзбекистон Олий суди Сатторийга нисбатан жиноят ишлари бўйича Музработ туман судининг мазкур ҳукми ҳамда Самарқанд вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясининг 2021 йил 15 июлидаги ажримини ўзгаришсиз қолдириб, блогернинг ҳукм ва ажримни бекор қилиш тўғрисидаги шикояти қаноатлантирган эмас.
Сатторийнинг қамалиши Ўзбекистонда ҳам, халқаро ташкилотлар миқёсида ҳам “сўз эркинлигига қарши зарба” сифатида баҳоланган.
“Мониторинг натижаларига кўра, қамоқхоналарнинг моддий техник базасини мустаҳкамлаш, уларнинг ош-овқати сифатини яхшилишга уринилмоқда. Шикоятларнинг асосий қисми суд ҳукмларининг адолатсизлигидан. Энг ёмон кўрсаткич — маҳкумларнинг катта қисмини ёшларнинг ташкил қилишидир”, дейилган “Эзгулик” жамияти хабарномасида.
“Эзгулик”рнинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифасида эълон қилинган бу хабар бир неча соат ичида олиб ташланганига қарамай, деярли барча маҳаллий нашрлар жамиятга иқтибосан бу маълумотларни тарқатишга улгурган.
Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти раҳбари, Омбудсман ҳузуридаги инсоннинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларига риоя этилиши бўйича комиссия аъзоси Абдураҳмон Ташанов “Озодлик”нинг бу борадаги сўровини изоҳсиз қолдирди.