Линклар

Шошилинч хабар
24 декабр 2024, Тошкент вақти: 08:28

Қирғизистон: Депутатларнинг телефонлари тингланган. Омбудсмен изоҳ сўрамоқда


Қирғизистон акийкатчиси (омбудсмени) Токон Мамитов сиёсатчи ва фаолларнинг телефонда сўзлашувлари эшитилиши ва уларнинг “Telegram”даги аккаунтларига бузиб кирилиши масаласида иккинчи марта Бош прокуратурага сўров юборди.

Назорат идораси омбудсменга жавоб берганича йўқ. Сўзлашувларни тинглаган Ички ишлар вазирлиги эса бу “яширин эшитувлар” натижалари махфийлигини иддао қилмоқда. Адвокатлар иш билан танишишда қийинчиликларга дуч келишаётганидан шикоят қилишяпти. Бош прокуратура ва ИИВ билдиришича, телефонда сўзлашувлар қонун доирасида тингланган.

Омбудсмен институти ёйинлаган хабарномада Токон Мамитов аввалроқ Жогорку Кенеш спикери, Бош прокуратура, Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси ҳамда ИИВ раҳбарларига мурожаат қилгани урғуланади.

Омбудсмен институти маълум қилишича, акийкатчи Бош прокуратурага қайта мурожаат қиларкан, кўрсатилган 100 нафар сиёсатчи, депутат ва партия фаолларига, айниқса, суд қарорида санаб ўтилган Жогорку Кенеш депутатларига оид барча факт ва материаллар, улар махсус ҳуқуқий мақомга эгалигига қарамай тергов судьяси томонидан ўрганилган ёки йўқлигини, шунингдек, ҚР ИИВ терговчиси томонидан тергов судьясига республиканинг 100 фуқароси сўзлашувларини эшитишга асос берадиган мукаммал маълумот тақдим этилган ёки йўқлигини аниқлаштиришни илтимос қилган.

Қирғизистон ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари фаоллар, жамоат арбоблари ва депутатларни яширинча тинглаётгани ҳақида август ойи охирларидагина маълум бўлган эди, ҳолбуки, аён бўлишича, “тергов тадбирлари” 5-6-9 октябрдаги тартибсизликлар бўйича қўзғатилган жиноят ишлари доирасида 6 январдан 10 февралгача ўтказилган экан.

Бирмунча вақт ўтиб Клара Сооронқулова ҳамда Рита Қорасартоваларнинг “Telegram” аккаунтларига бузиб кирилиб, уларнинг шахсий ёзишмалари ва аудиохабарлари ижтимоий тармоқларда эълон қилинди. Бундан ташқари, юрист Сания Тўхтағозиеванинг аккаунтига ҳам бузиб киришди. Улар бу ишлар ортида Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси ва Ички ишлар вазирлиги турган бўлиши мумкин, дея шубҳаланмоқда.

Ҳуқуқбон Рита Қорасартова Бош прокуратура ушбу воқеаларга лоқайд қараётганидан норозилигини айтади:

“Бош прокуратуранинг вазифаси – қонун устуворлигини таъминлаш. Улар айтиши керак, ҳар бир инсоннинг шахсий ҳаёти дахлсиз ва унга аралашиш мумкин эмас, дея. Телефонда сўзлашувларни яширинча тинглаб қонунни бузишди. Юз нафар кишининг ҳар бири бўйича сабаб ва асосларни талаб қилиш лозим. Қўйиб берилса, битта жиноят ишини рўкач қилиб юзта эмас, минглаб одамни эшитишади. Биз кутяпмиз, қани, Бош прокуратура лоақал огоҳлантириш берармикан.”

Телефонда сўзлашувлар махфий тингланиши масаласини Жогорку Кенеш депутатлари ҳам кўтариб чиқишди. Қолаверса, телефонлари тингланган фуқаролар орасида қонун бўйича дахлсизлик мақомига эга бўлмиш депутатлар ҳам бор. Ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларининг бу тутуми уларнинг хатти-ҳаракатлари қонунийлигини катта шубҳа остига қўяди.

Масаланинг шу жиҳатлари хусусида Жогорку Кенешнинг 8 сентябрда бўлиб ўтган йиғилишида бош прокурор ўринбосари Турусбек Ишеналиев қуйидагича тушунтириш берган эди:

“Амалдаги қонунчиликка кўра, Жогорку Кенеш депутатини кўздан кечириш мумкин эмас холос. Бундан ташқари, у фақат бош прокурор илтимосномаси ва Жогорку Кенеш розилиги билангина жавобгарликка тортилади. Телефонда сўзлашувларини эшитиш эса умумий қоидалар бўйича амалга оширилади.”

Суҳбатлари тингланган собиқ ва амалдаги депутатлар, сиёсатчилар, фаоллар ва ҳуқуқбонлардан айримлари сўнгги президент сайловига номзодини қўйган шахслардир. Улар орасида Абдил Сегизбоев, Адахон Мадумаров, Клара Сооронқулова ҳамда Қурсан Асановлар бор.

Ички ишлар вазирлиги маълум қилишича, телефонлар 6 январдан 10 февралгача тингланган.

Президент сайлови 11 январь куни бўлиб ўтди, унда Садир Жапаров ғалаба қозонди. Сайловга қадар у бош вазир ва президент вазифасини бажарувчи лавозимини эгаллаб турди, сайлов кампанияси бошланиши олдидан вақтинча лавозим бўшади.

Жогорку Кенеш депутати Мирлан Жеенчороевга кўра, қонун ҳурмат қилинадиган мамлакатда президентликка номзоднинг суҳбатлари тингланиши катта жанжалга олиб келган бўлур эди.

“Бу иш суд рухсати билан қилинмоқда. Мен суднинг қарорини қонунга хилоф деб биламан. Чунки тингланганлар орасида нафақат депутатлар, балки президентликка номзодлар ҳам бўлган. Бошқа мамлакатларда президентликка номзодга бунақа муомала қилинса, бутун халқ бош кўтарган бўларди. Ҳатто президент сайлови натижаларини бекор қилдиришарди. Шундай экан, Бош прокуратура ҳуқуқий баҳо бериши керак”, деб ҳисоблайди парламент аъзоси.

Боз устига, Жеенчороев фикрича, сўзлашувларни тинглашга рухсат берган Бишкекнинг Биринчи май тумани суди судьяси Чингизбек Бердимуродовни лавозимидан олиб, жавобгарликка тортиш лозим. Бу ҳақда у бир ой муқаддам парламент йиғилишида айтган эди.

Ўшанда Биринчи май тумани суди қарор қабул қилишда судья қонундан четга чиқмаганини иддао қилган.

“Судья қонуний ва холис қарор чиқарган. Идоралараро тергов гуруҳи 2020 йил октябрь ойида юз берган тартибсизликлар бўйича очилган жиноят ишларини судга қадар юритиш доирасида тергов тадбирлари ўтказиш ҳақида илтимоснома киритган. Илтимосномани кўриб чиқишда идоралараро тергов гуруҳи ва Бош прокуратура раҳбарлари иштирок этган. Тергов судьяси илтимосномани қаноатлантирган, бу қарорни ўз ваколатлари доирасида қабул қилган”, дейилган эди суд идораси баёнотида.

Эслатиб ўтамиз, 14 сентябрь куни ИИВ Қурсан Асанов ҳамда молиячи Алмаз Сарибоевларни “ҳокимиятни куч билан босиб олишга тайёргарлик кўриш учун бошқа шахслар билан тил бириктирган” деган гумон билан қўлга олган эди. Унга нисбатан Қирғизистон Жиноят кодексининг 309-моддаси (“Ҳокимиятни куч ишлатиш йўли билан босиб олиш”) бўйича айблов эълон қилинган.

Бу воқеадан олдинроқ Қурсан Асанов билан Алмаз Сарибоевнинг сўзлашувлари аудиоёзуви ижтимоий тармоқларда тарқатилган.

Қурсан Асановнинг адвокати Чинара Жакупбекова 6 октябрь куни Россия ва Қозоғистондан икки эксперт аудиоёзув йиғма, яъни қалбаки, деган хулосага келганини айтди.

ИИВ эса, ўз навбатида, бошқа экспертиза тайинлашини, Асановнинг адвокатлари ташаббуси билан ўтказилган экспертизада бошқа материаллар қиёслаб ўрганилмаганини иддао қилди.

Бишкекнинг Биринчи май тумани судида 8 октябрь куни 2020 йилнинг 5-6-9 октябрь кунлари содир бўлган оммавий тартибсизликлар бўйича суд жараёни бошланди. Мазкур жараёнда судланувчиларни ҳимоя қилаётган адвокатлар, телефонда сўзлашувлар натижалари конфиденциал маълумот сифатида алоҳида ажратилганлиги сабабли жиноят иши материаллари билан таниша олишмаяпти.

Шу муносабат билан, қамоқда сақланаётган собиқ президент Алмазбек Атамбоевнинг адвокати Замир Жоошев (унинг телефони ҳам тингланган) Ички ишлар вазирлигини судга бермоқчи.

Қирғизистонда телефон суҳбатлари эшитилган мухолифатчи сиёсатчиларни қамаш ҳоллари олдин ҳам бўлган.

Хусусан, 2016 йилда суҳбатлари аудиотасмаси эълон қилинганидан сўнг “Элдик парламент” (“Халқ парламенти”) ҳаракати етакчилари ҳибсга олинган. Ўшанда Қубаничбек Қодиров, Бектур Асанов, Эрнест Карибеков, Достон Саригулов, Бекбўлат Талгарбеков, Тўрабай Колубаев, Марат Султонов, Александр Гусев ва Тойғонбек Қалматов ҳокимиятни босиб олишга уринганликда айбланиб, судга тортилган. Кейинроқ улардан айримлари оқланиб чиққан.

XS
SM
MD
LG