Линклар

Шошилинч хабар
22 феврал 2025, Тошкент вақти: 14:39

Қирғизистон ниқобни тақиқлади. Ҳижобга тақиқ йўқ - расмийлар


Жорий йилнинг 1 февралидан Қирғизистонда фуқаронинг "шахсини аниқлашга имкон бермайдиган" кийимларни кийиш тақиқланди.
Жорий йилнинг 1 февралидан Қирғизистонда фуқаронинг "шахсини аниқлашга имкон бермайдиган" кийимларни кийиш тақиқланди.

Қирғизистон юзни тўлиқ ёпадиган исломий ниқобни тақиқлади. Ҳокимият вакиллари таъкидлашича, бу тақиқ Марказий Осиёнинг бошқа барча мамлакатларида мактаб ва идораларда узоқ вақтдан бери тақиқланган ҳижобга исломий рўмолга тегишли эмас.

Қирғизистон мусулмон аҳолиси кўпчиликни ташкил этадиган Марказий Осиёда ниқобни, яъни кўзлардан ташқари бутун тана, соч ва юзни беркитадиган узун либосни тақиқлаган охирги давлат бўлди.

1 февралдан кучга кирган тақиққа кўра, жамоат жойларида ниқоб кийган аёлларга 20 минг сўм (230 доллар) миқдорида жарима солинади.

Аёлларнинг исломий кийимлари ва эркакларнинг соқоллари Марказий Осиёда узоқ вақтдан бери ҳукумат кампаниялари ва жамоатчилик баҳсларининг асосий мавзусига айланган, чунки бу ердаги қатъий дунёвий ҳукуматлар ислом таъсири кучайишидан хавотирда.

Қирғиз қонун чиқарувчилари айтишича, тақиқ хавфсизлик нуқтаи назаридан зарур – одамларнинг юзини кўриш ва шахс аниқлаш имконияти бўлиши керак. Аммо қарши чиқувчилар бу тақиқ аёлларни ўзлари хоҳлаган кийимни танлаш эркинлигидан маҳрум қилишини таъкидлашмоқда.

"Анъаналаримизнинг бир қисми"

Тақиқ диний соҳадаги қонунчиликка киритилган ўзгартишларда қайд этилган. Президент Садир Жапаров томонидан 21 январда имзоланган қонунда маҳаллий тилда “паранжи” деб аталадиган ниқоб ҳақида аниқ сўз юритилмаган.

Бироқ у "давлат идоралари ва жамоат жойларида шахсни аниқлашга имкон бермайдиган кийим"ни тақиқлайди. Бу Марказий Осиёда ниқобни таърифлаш учун қўлланиладиган ибора. Иш юзасидан ёки тиббий сабабларга кўра тақиладиган юз ниқоблари бу тақиқдан мустасно.

Қонун чиқарувчилар ва ҳукуматпараст дин арбобларининг таъкидлашича, бу тақиқ ҳижобга, яъни соч ва бўйинни ёпиб, юзни очиқ қолдирадиган исломий рўмолга тааллуқли эмас.

Қирғизистонлик аёллар Бишкекдаги Халқаро ҳижоб кунига бағишланган тадбирда. 2 февраль, 2019 йил.
Қирғизистонлик аёллар Бишкекдаги Халқаро ҳижоб кунига бағишланган тадбирда. 2 февраль, 2019 йил.

Қирғизистон Марказий Осиёдаги мактаб ва идораларда ҳижоб кийишга рухсат берадиган ягона давлатдир.

"Рўмолга ҳеч қандай чеклов қўйилмайди. Оналаримиз ва опа-сингилларимиз ҳар доим урф-одатларимиз ва динимизнинг бир қисми сифатида рўмол ўраб юришган," деди парламент спикери Нурланбек Шакиев ўтган йили қонун лойиҳасини тақдим этаётганда.

Ниқоб Форс кўрфази араб давлатларида кенг тарқалган. Қирғизистонда ниқоб кийиш анъанаси бўлмаса-да, сўнгги йилларда баъзи консерватив аёллар орасида бу либос тобора оммалашиб бормоқда.

Қизғин баҳс

Қирғизистонда ниқоб масаласи устида кўп йиллардан бери қизғин жамоатчилик муҳокамаси давом этиб келмоқда. Унинг оммалашуви қарийб ўн йил олдин давлат томонидан қўллаб-қувватланган "Қаёққа кетмоқдамиз?" номли кампанияга сабаб бўлган эди.

2023 йилда депутат Шарапаткан Мажитова жанубий Ўш вилоятига борганида, маҳаллий аёлларнинг кўпчилиги бутун танани қоплайдиган ниқоб кийиб юрганидан шокка тушди ва бунга қарши янги кампанияга бошчилик қилди.

Мажитова парламент мажлисида: "Ўшда ҳар тўртинчи аёл ниқоб тақади ва уларнинг сони кундан-кунга ортиб бормоқда", деди.

Мажитованинг ташвиқоти эркакларнинг соқолини ҳам нишонга олди, чунки бу диний консерватизм белгиси сифатида қаралади. У ҳукумат ва парламентни ниқоб ва узун соқолларни тақиқлашга чақирди ва уларни "хавфсизликка таҳдид" деб баҳолади.

Давлат томонидан қўллаб-қувватланадиган Қирғизистон мусулмонлари диний бошқармаси "ҳижоб [мусулмон аёллар учун] мажбурий, лекин ниқоб мажбурий эмас" дея баёнот берди.

Бироқ танқидчилар тақиқ ниқобдаги аёлларни жамиятдан узоқлаштириши ва яккалаб қўйиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирмоқда.

Ниқоб тутган 38 ёшли уй бекаси “Озодлик” радиоси қирғиз хизматига ушбу тақиқ унинг ҳаётини мураккаблаштиришини айтди.

Тошкентда соқол ва ҳижобга қарши рейдлар, диндорларга тегишли емакхоналар ёпилмоқда
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:17:15 0:00

Икки фарзанднинг онаси исмини ошкор этмаслик шарти билан сўзлаб, олти йил аввал турмуш қурганида Россияда ишлаётган эрининг илтимосига кўра ниқоб тақишни бошлаганини айтди.

"Энди тақиқ қўйилди, нима қилишимни билмай қолдим. Эрим уйга қайтганида нима дейишини тасаввур қилолмайман," дейди жанубий Қорасув шаҳрида яшовчи аёл.

"Тақиқ ҳақида интернетдан ўқиганимдан бери иложи борича уйдан ташқарига чиқмасликка ҳаракат қиляпман. [Зарур ҳолларда ташқарига чиқсам] юзимни тиббий ниқоб билан ёпиб оляпман," дея қўшимча қилди у.

Хавфсизлик номи билан

Марказий Осиёнинг бошқа давлатлари, жумладан, Қозоғистон, Тожикистон ва Ўзбекистон мактаб, идора ва давлат муассасаларида ҳижобни тақиқлаган.

Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот органлари кўча ва бозорларда узун соқол қўйган эркакларни тўхтатиб, уларни соқолини олишга мажбур қилиш учун рейдлар ўтказиб туради.

Исломнинг ҳар қандай ташқи белгиларига чекловлар кўпинча хавфсизликни таъминлаш ва анъанавий қадриятларни ҳимоя қилиш баҳонасида амалга оширилади.

Тожикистон ҳижобга қарши кураш бошлайди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:37 0:00

Марказий Осиё расмийлари ўз мамлакатларининг миллий либослари аёллар учун исломий кийим талабларига жавоб беришини таъкидлашади.

Туркманистон ҳижобни расман тақиқламаган, бироқ аёллардан иш жойида ва оммавий тадбирларда туркман миллий кийимларини кийишни талаб қилади. Баъзи ҳижоб кийган аёлларга расмийлар томонидан рўмолларини ечиш буюрилгани ҳақида хабарлар тарқалган.

Тожикистон мунтазам равишда аёллар учун тожик анъанавий кийимларини тарғиб қилади, шу билан бирга исломий либосларга ишора қилиб, тожикларга "ёт" бўлган кийимларни тақиқлайди.

Форум

XS
SM
MD
LG