Линклар

Шошилинч хабар
07 ноябр 2024, Тошкент вақти: 22:45

Қирғизистонда Ўрхан Инандини қидириш давом этмоқда


1 июнга ўтар кечаси Бишкекда ғойиб бўлган “Сапат” халқаро таълим муассасаси президенти Ўрхан Инандининг қаердалиги мавҳумлигича қолмоқда. Ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари қидирув ишлари кучайтирилганини маълум қилган, “Одам ўғирлаш” моддаси бўйича жиноят иши очилган.

Инандининг йўқолиб қолиши Қирғизистонда катта ижтимоий резонансга сабаб бўлди. Президент Садир Жапаров қидирувни кучайтиришга чақирди, парламент эса ҳукуматни қирғизистонликнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишда қатъий чоралар кўришга чорлади.

2 июнь куни Туркиянинг Қирғизистондаги элчихонаси биноси олдида Ўрхан Инандини топиш талаби билан ўнлаб кишилар тўпланди. Уларнинг иддаосича, Инандининг ўғирланиши ортида Туркия махсус хизматлари турган бўлиши мумкин, аммо элчихона ушбу айблов юзасидан ҳануз бирон изоҳ берган эмас. Шундай норозилик чиқишлари 1 июнь куни ҳам бўлган эди.

“Ўрхан Инандининг ғойиб бўлиши хавотир уйғотади, эртага унинг ўрнида мен ёки “Сапат”нинг бошқа ҳар қайси битирувчиси бўлиши мумкин. Биз Туркия элчиси ҳузуримизга чиқиб, ўз муносабатини билдиришини талаб қиламиз”, дейди “Сапат” лицейи ўқитувчиси Махабат Мурзакматова.

Туркиянинг Қирғизистондаги элчихонаси олдида намойиш¸ 2 июн 2021 йил
Туркиянинг Қирғизистондаги элчихонаси олдида намойиш¸ 2 июн 2021 йил

“Озодлик” мухбири Ўрхан Инандининг йўқолиб қолиши билан боғлиқ вазият бўйича изоҳ олиш учун Туркия элчиси билан боғлана олмади. Бу орада мамлакат Вазирлар маҳкамаси биноси олдида норозилик акцияси давом этди. Митинг иштирокчилари олдига президент маъмуриятининг Мудофаа, ҳуқуқ-тартибот ва фавқулодда вазиятлар шуъбаси мудири Адилет Жанузаков чиқиб, президент Садир Жапаров Инандини қидиришни кучайтиришга буйруқ берганини хабар қилди.

1 июнь куни “Сапат” мактаблар тармоғи президентининг рафиқаси Рейҳан Инанди ижтимоий тармоқлар орқали Қирғизистон ҳукуматига мурожаат қилган ва эрини қидиришга кўмаклашаётган барчага миннатдорлик билдирган эди.

“Мен эримнинг соғ-саломат қайтишини хоҳлайман холос. Қирғизистон ҳукуматидан уни излашга ёрдамлашишни илтимос қиламан. Агар у мамлакатдан бадарға қилинса, ҳаёти хавф остида қолишини Туркия матбуоти орқали билиб олгандирсиз, албатта. Мен унинг хавфсизлигини ўйлаб алағда бўляпман. Қирғиз халқининг одиллиги ва дўстлигига ишонаман. Умид қиламанки, эримни депортация қилмайдилар”, деб ёзган Рейҳан Инанди.

Инандининг йўқолиши факти Қирғизистон жиноятлар ва ножўя ишлар ягона реестрига Жиноят кодексининг 170-моддаси (“Одам ўғирлаш”) бўйича қайд қилинган. ИИВ хабарномасига кўра, ИИВ, Бишкек ИИББ ва Октябр тумани ИИБнинг тажрибали терговчилари ва тезкор ходимларидан иборат махсус гуруҳ тузилган.

Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси эса махсус хизмат 2019 йилдаёқ уюшган жиноий гуруҳларнинг Инандини ундан пул талаб қилиш мақсадида ўғирламоқчи бўлгани ҳақида маълумот олганини билдирди. “Инандига уни ўғирлашлари мумкинлиги ҳақида хабар берилган, унга шахсий қўриқчи олиш ва эҳтиёт чораларини кўриш тавсия этилган”, дейилади қўмита хабарномасида.

Инандининг қариндошларига кўра, ўша огоҳлантиришдан сўнг у ростдан ҳам соқчи ёллаган бўлса-да, ғойиб бўлган куни ёлғиз бўлган. Муаллимнинг тарафдорлари у пул ундириш мақсадида ўғирлангани эҳтимолини истисно қилишмайди. Бироқ уларнинг аксарияти “Сапат” мактаби президенти турк махсус хизматлари томонидан ўғриланган, деб ишонишга мойил.

Эсен Омурканов
Эсен Омурканов

“Туркия ҳукуматининг рейтинги тушиб кетяпти, Эрдўғон партияси уч қисмга парчаланди, мухолиф партиялар эса, аксинча, кучга тўлмоқда. Атиги 30 фоиз сайловчи дастагига куни қолган Эрдўғон мана шунақа томошалар билан эътиборни ўзига тортмоқчи. Кениядан 30 ёшли ўқитувчини ўғирлашди, бу ҳам Туркияда томошага айлантирилди. Улар Ўрхан Инандини ҳам ўғирлаб, шу кўйга солмоқчи бўлишган”, дея ўз тахминларини баён қилади сиёсатшунос Эсен Омурканов.

Туркияда таваллуд топган Ўрхан Инанди “Сапат” мактаблар тармоғи асосчиларидан бири саналади. У 1995 йилдан бери Қирғизистонда ишлаб келаётганди. 2001 йилда “Сапат” президенти бўлган. 2012 йилда Қирғизистон фуқаролигини олган. Унинг Туркия фуқаролигидан чиққани тўғрисида маълумот йўқ.

Жамоатчилик фаоли ва ҳуқуқбон Рита Карасартова Қирғизистон фуқаросининг турк махсус хизматлари тарафидан ўғирлаб кетилгани ҳақидаги тахмин тасдиқланса, бу мамлакат обрўсига путур етказишини айтади. “Биз ўз фуқароларини ва ўз суверенитетини ҳимоя қила олмайдиган давлатга айланамиз”, урғулайди у.

Ўрхан Инанди
Ўрхан Инанди

Расмий маълумотга кўра, 1 июнь куни Октябрь тумани ИИБга Малдибаев ва Саманчин кўчалари чорраҳасида давлат рақами 01KG 599AHR бўлган Lexus 470 русумли автомобил эшиклари очиқ ҳолда тургани ҳақида хабар қилинган. У ерга милиция етиб борганида, Ўрхан Инандининг ўғли Юсуф Косе отаси охирги марта 31 май куни соат 18.00 да алоқага чиққанини, ўшандан буён дараги йўқлигини маълум қилган. Юсуф Косе милицияга ариза берган. Материаллар Ягона реестрга қайд қилиниб, судгача текширув бошлаб юборилган.

Роза Айтматова, Ишенгул Болжурова, Тинчтибек Чоротегин бошлиқ қатор жамоат арбоблари, олимлар ва ҳуқуқбонлар Қирғизистон ҳукуматига мурожаат қилиб, Инандини мумкин қадар тезроқ топишга чақиришган.

Парламентнинг халқаро ишлар, мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитасида Инанди тарафдорларининг унинг ғойиб бўлиши воқеасида чет давлатлар махсус хизматларининг эҳтимолий иштироки ҳақидаги аризаси инобатга олинди. Қўмита Вазирлар маҳкамасини Қирғизистон фуқаросининг ҳуқуқлари ҳимояси учун дадил қадамлар ташлашга даъват қилмоқда.

Яқинда Интернетда “Манас” халқаро аэропортига Туркиядан махсус борт учиб келгани ҳақида маълумот пайдо бўлганди. Тармоқда учоқнинг фотосуратлари ҳам эълон қилинган. Бироқ аэропорт матбуот хизмати бу Туркияга оид хусусий учоқ эканини, у Томчи аэропортига машғулот парвозини амалга ошириб, сўнг ортга қайтганини маълум қилди.

“Сапат” таълим муассасалари тармоғи Қирғизистонда 1992 йилдан бери фаолият юритади. Бугунги кунда тармоқ 16 лицей, “Ала-тоо” халқаро университети, “UWIS” халқаро мактаби ҳамда 4 та тўлиқсиз умумтаълим мактабини ўз ичига олади. Ушбу муассасаларда 10 мингдан ортиқ ўқувчи ва талабалар таълим олмоқда.

2016 йили Туркияда давлат тўнтаришига уриниш бўлганди. Ҳукумат уни ташкил қилишда 20 йилдан зиёд вақт мобайнида АҚШда ихтиёрий қувғинда юрган Фатҳулла Гулен ва унинг издошларини айблади. Ўша воқеаларда 250 киши нобуд бўлганди. Гуленнинг ўзи айбловларни рад этиб келади.

Кейинроқ Туркия ҳукумати Қирғизистонни Гулен билан алоқаси бор деб ҳисобланган “Себат” турк мактабларини ёпишга чақирди. Аммо ўша пайтдаги президент Алмазбек Атамбаев мазкур мактаблардан ҳеч қандай хавф-хатар йўқлигини айтиб, Анқаранинг талабини рад қилган. 2017 йилда эса таълим муассасалари тармоғи Қирғизистонда қайта рўйхатдан ўтиб, “Сапат” номини олган.

2018 йилда Туркия ҳукумати мамлакатга давлатга қарашли “Маариф” фонди билан ҳамкорлик қилиш, жумладан, “Сапат” мактабларини ўша фондга оид муассасалар билан алмаштириш орқали таълим соҳасида янгича шаклда ўзаро алоқалар ўрнатиш таклифи билан чиққан эди. 2021 йилнинг май ойида эса Қирғизистон Таълим вазирлиги янги ўқув йили бошлангунча Бишкекда “Маариф” фондининг 61 синфли илк мактаби очилишини маълум қилган.

XS
SM
MD
LG