Линклар

Шошилинч хабар
06 ноябр 2024, Тошкент вақти: 23:35

“Қизларни ўқитинг, токи бировга муҳтож бўлишмасин”. Тожикистонлик фоҳиша – ўз кечмишлари ва нега бу йўлдан қайта олмаётгани ҳақида


“Настояшчее время” телеканали Бутунжаҳон одам савдосига қарши кураш кунига бағишланган махсус лойиҳа доирасида турли мамлакатлардаги фоҳиша аёллар, клиник руҳшунослар, тадқиқотчи ва шифокорлар билан мулоқот қилиб, фоҳишаликнинг сабаблари, ижтимоий ва руҳий жиҳатлари, эркаклар нега сексни сотиб олиши ҳақида уларнинг фикрларини ўрганди. Қуйида тожикистонлик фоҳиша аёл ўз бошидан кечирганларини ҳикоя қилиб берган.

***

Тахмина Тожикистондаги қишлоқда туғилиб, вояга етган. Ҳозир у 34 ёшда. Фоҳишалик қила бошлаганига 8 йил бўлди. Тожикистонда фоҳишалик қонунга хилоф. Фоҳишалик билан шуғулланиш жарима ёки маъмурий қамоқ билан жазоланади. Қўшмачилик учун эса жиноий жавобгарлик бор.

“Ўзимдан жирканаман”

Кўзгуда ўз аксимга қарашга ботинолмас эдим. Унда ўзимни эмас, “фоҳиша”ни кўрардим, бутун зино ишларим кўз олдимдан ўтарди. Ҳар гал ичимда таънали бир сас: “Сен бунақа эмасдинг-ку, покиза аёл эдинг-ку, нега ҳаётингни барбод қилдинг?” дея қалбимни ўртар эди. Ўзимдан ирганардим. Мутлақо ёт одамнинг сенга тегинишини кўтариш жуда оғир. Ичимга чироқ ёқса ёришмасди. Ўзимдан, танамдан нафратланар эдим. Аммо чорасини топдим. Ҳар сафар, шунақа фикрлар чулғаб олганида ётиб ухлайдиган бўлдим. Уйқу ҳамиша ёрдам беради.

Ичимдаги “мен” мени ҳануз қабул қилмаган. Лекин мен бунга жиддий қарамайман. Ўзимни бу менинг ишим, ортиқ ҳеч нарса эмас, деб ишонтирдим. Бу иш билан шуғулланганим билан ёмон одам эмасман, ёмон бўлиб қолмайман ҳам, деб овундим. Инсонийликни йўқотиб қўймаслик мен учун ҳаммасидан муҳим.

Фоҳишаликда хайрли ҳеч нима йўқ. Давлат аёлларга ёрдам бериши лозим, токи бу йўлга кириб кетмасинлар. Кирган аёл кўп азоб чекади, ишонинг. Ортга қайтиш ва ҳаётимни ўзгартириш имкони бўлганида эди, албатта шундай қилган бўлардим. Қизларни ўқитиш, иш билан таъминлаш керак, шунда катта йўл ёқасига чиқадиганлар камаяди. Аёлларга кўмаклашиб, секин-аста фоҳишабозликни тақиқласа бўлади.

Фаҳшни бас қилсам, тузукроқ иш топиб, қизимга гўзал бир ҳаёт яратиб берсам, дейман. Токи унинг тақдири меникига ўхшамасин, университетда ўқисин, ҳеч кимга муҳтож бўлмасин. Ҳозир онаси нима ишлар қилиб юрганини билмайди у, аммо вақти келиб ҳаммасини сўзлаб бераман.

Ота-онам ҳам билишмайди ҳалигача. Пойтахтдаги бир ошхонада ишлайди, деб юришади. Очиғи, билишларини хоҳламайман ҳам. Иснод бу.

Пиёниста ва зўравон эр, барбод бўлган турмуш, фоҳишалик

19 ёшимда мени бир қариндошимизнинг қўшнисининг ўғлига узатишди. Бизнинг оиламиз куёвни танимасди, ота-онасини танир эди фақат. Тўй тожик одатлари бўйича ўтди. Эрим биринчи кечада‑ёқ жўралари билан ичиб келиб, менга тирғала бошлади. Уни маст аҳволда кўриб, қўрқиб кетдим. Ўзимга яқин йўлатмасликка уриндим. Эримнинг жаҳли чиқди, мени урди ва раъйимга қарамай мен билан қўшилди. Жуда ёмон оғриди, никоҳ кечам ана шунақа даҳшатли кечди. Ўзимни шармисор қиз каби ҳис қилардим. Эрталаб уйғонганимда аъзойи баданим қақшаб оғрир, дардимни кимга айтишни билмасдим. Тушунар, деган илинжда қайин опамга ёрилдим, бироқ у “эрга тегиш шунақа бўлади, чидаш керак”, деди холос.

Тўрт йил тоқат қилдим. Эрим жуда кўп ичар, мени дўппосларди. Икки марта ҳомилам тушди. Учинчи марта юкли эканман, бир гал яна кайфда урган эди, ота уйимга қочиб кетдим. Оиламнинг боши кўкка етгани йўқ, албатта. Бунга қадар неча марта юз-кўзим кўкариб борган бўлсам, ҳар сафар ота-онам мени қўярда-қўймай эримнинг ёнига қайтариб юборган. Бу гал ҳам жўнатишмоқчи эди, мен йиғлаб, бўйимда борлигини ва яна бир фарзанд доғига чидай олмаслигимни айтдим, агар қайтишга мажбур қилсаларингиз ўзимни ўлдираман, дедим. Ҳайтовур, бу пўписамдан сўнг қолишга изн беришди.

Таъна-маломатлардан бошим чиқмай қолди. Улар менга: “Ёмон хотин бўлдинг, яхши хотин бўлганингда оилангни сақлаб қолган бўлардинг, арзимаган нарсага эрингни ташлаб қочмасдинг”, дейишарди. Мен бу таъналарни сиртимга юқтирмасликка тиришардим, борадиган ерим йўқ эди-да ахир. Маълумотим, тайинли касб-ҳунарим бўлганида ҳам бир нави эди. Кўзим ёриганидан сўнг болам шаънига ҳам таъналар айтила бошлади. Мен кун бўйи йиғлар эдим, ўзимни ўлдирай десам фарзандимни кўзим қиймасди. Қизалоғим бир ёшга тўлгач ота-онамга Душанбега бориб ўзимга иш топмоқчи эканимни, боламга қараб туришларини илтимос қилдим. Улар рози бўлишди.

Пойтахтда дастлабки кезлар қариндошимизникида яшаб турдим, ресторанга идиш-товоқ ювувчи бўлиб жойлашганимдан кейин эса ўзим билан бирга ишлайдиган аёл бошқа қизлар билан ижарада турадиган квартирага кўчиб бордим. Ресторанда менга кунига 40 сомоний (3.5 доллар) тўлашарди. Хонадошларимиз орасида бир қувноқ жувон бор эди, у фоҳишалик қилишини ҳаммамиз билардик, лекин у ҳеч қачон эркакларни уйга бошлаб келмаган. Кунларнинг бирида икковимиз узоқ суҳбатлашдик: у қачон ва қандай қилиб бу йўлга кирганини сўзлаб бергач, менга ҳам таклиф қилди. Мен рад этдим ва бундай қилиш хато бўлади, менга кераги йўқ, дедим.

Идиш-товоқ ювувчи бўлиб ишлаш менга кун сайин қийин кеча бошлади. Белимда оғриқ пайдо бўлиб, кейинчалик елкаларим, қўл-оёғим ҳам қақшайдиган бўлди. Гоҳида эрталаб оёқда тура олмай қолардим. Аммо мен ишлашим, пул топишим керак эди. Ойлигим ўзимдан ортиши маҳол бўлса-да, емай-киймай оиламга пул жўнатишга тиришардим. Бир куни болам касал бўлиб қолганини эшитдим, жўнатишга пулим йўқ эди. Ўтириб, юм-юм йиғладим. Ижарадошим аҳволимни фаҳмлаб, таклифи ҳануз кучда эканини, бу ишни бир-икки марта қилган билан ёмон бўлиб қолмаслигимни, боз устига, боламни деб ва муҳтожликдан шунга мажбур қолаётганимни айтди. Мен розилик бердим.

“У яхши одам, мен эса фоҳишаман”

Биринчи мижозимни шу жувон топди. Мен у билан “нейтрал” ҳудудда учрашишим керак эди. Туппа-тузук эркак чиқиб қолди. Яқинда хотини ўлиб, ёлғизликдан сиқилганида фоҳиша хизматидан фойдаланмоқчи бўлибди. Гапга берилиб кетдик. Унга бутун тарихимни сўзлаб бердим, менга раҳми келди. Эрталабгача ёнида қолдим, ҳолбуки у билан ётганимиздан сўнг кетишим мумкин эди. Жинсий алоқа қилмаганимга анча бўлганди. Эрим билан айрилишганимиздан сўнг ҳеч ким билан ётмагандим. Эрталаб у менга 600 сомоний (50 доллар) берди. Бу катта пул эди мен учун. Сўнгра “бу пулни ота-онангга бер, болангни даволатишсин. Ўзинг ҳам иложи бўлса бу ишингни ташла”, деди.

Шундай қилиб фоҳишаликка кириб қолдим. Бошланишига дугонам қарашиб турди, бора-бора ўз мижозларим пайдо бўлди ва мен ишимдан, катта йўл бўйига чиқишдан ийманмай қўйдим.

Ўша, биринчи мижозимга кўп гапларни айтган бўлардим. Берган ёрдами ва дардимни англагани учун ундан миннатдорман. У билан дўстлашиб кетдик ҳатто. Кейинроқ тушундимки, ўзим билмаган ҳолда унга ошиқ бўлиб қолибман. Аммо бундан нима наф? У яхши одам, мен эса бузуқман, тенги эмасман унинг. Табиийки, ҳисларим ҳақида унга оғиз очганим йўқ. Айтиб нима қиламан? Қачондир эрга тегишимга кўзим етмайди сира. Фоҳишаларнинг ҳеч кимга кераги йўқ. Биз атиги бир кечаликмиз, бир умрлик эмас.

“Қанийди унутсам ўша тунни”

Кунларнинг бирида трассада турганида ёнимда машина тўхтади. Биз нарх ва бошқа шартларни келишдик. Кейин машинага ўтириб, чорбоққа жўнадик. Мижозим мени ўзи учун олганини, дўстлари ўз қизлари билан боражагини айтди. Манзилга етиб келиб, ичкарига кирдик, у ерда эса бир гала маст-аласт эркак бор эди. Бошқа қизлар қани, деб сўрадим. Ташқарига чиқишувди, ҳадемай келишади, деб жавоб беришди. Ичкилик таклиф қилишганди, хоҳламадим. Ярим соат ўтса ҳамки қизлардан дарак бўлмади. Мени даҳшат босди. Бир пайт эркаклардан бири менга суйкала бошлади. “Сен билан эмасман”, деб қайтариб ташладим. Шунда мени бу ерга олиб келган йигит: “Нима фарқи бор, фоҳишасан-ку, пулингни тўлаб истаганимизни қиламиз. Керак бўлса ҳаммамиз бирваракайига ётамиз сен билан”, деди. Улар 12-15 киши эди.

Тирғалиб турган эркак мени нариги хонага судрамоқчи бўлди. Шунда улфатлари: “Нимадан уяласан, шу ерда бажаравер, нима, жониворинг кичкинами?” деб масхара қилишди. Ва у мени ўша ернинг ўзида ечинтиришга тутинди. Бўйсунмаган эдим, бирови олдимга келиб, мушт солди ва мени маҳкам ушлаб турди, шериги эса зўрлай бошлади.

Ўша тунни ҳеч қачон унутмасам керак. Мени навбатма-навбат зўрладилар. Бир томондан тан оғриғи, иккинчи томондан жирканиш ва аламдан ўлаёздим. Ҳатто йиғлагани мадорим йўқ эди. Шу ерда куним битди, деб ўйлагандим. Улар нафсини қондириб бўлганида мен оёқда тура олмасдим. Мени машинага ортиб, шаҳарга олиб кетишди. Биттаси таҳдид қилдики, органда катта танишлари бор эмиш, бировга чурқ этгудек бўлсам, мени ернинг тагида бўлсам ҳам топишармиш. Ҳеч кимга шикоят қила олмаслигимни жуда яхши билишарди улар. Милицияга бориб нима дейман? Салом, менинг исмим Тахмина, фоҳишаман, дейманми? Йўқ. Бунақаси кетмайди. Улар мени олган жойларига элтиб қўйиб, қўлимга 200 сомоний (17 доллар) тутқазгач, тушириб юборишди. Мен қизларни қўнғироқ қилиб чақирдим. Келиб, олиб кетишди. Ювинтириб, тўшагимга ётқизиб қўйишди. Таниш врачни чақиришди.

Шундан сўнг фоҳишаликни ташлашга қарор қилдим. Соғайиб кетгач бошқа иш изладим, лекин топа олмадим. Ноилож, трассага қайтдим.

Қанийди, ўша кечани унута олсам...

XS
SM
MD
LG