Линклар

Шошилинч хабар
22 ноябр 2024, Тошкент вақти: 23:18

Қўшнилар учун ёмон янгилик. Қозоғистон буғдой ва ун экспортини тўхтатиб қўйди


Қозоғистоннинг жанубдаги қўшнилари импорт қиладиган буғдойнинг 90 фоизи Қозоғистонга тўғри келади. Шу сабабдан Нур-Султоннинг буғдой экспортини тўхтатиш қарори қўшнилари учун ёмон янгиликдир.

Дунёнинг энг йирик буғдой етиштирувчи давлатлардан бири бўлган Қозоғистон бир вақтнинг ўзида мамлакат ичида фойдаланиш ҳамда бошқа мамлакатларга сотиш учун Россиядан нисбатан арзон буғдой импорт қилади.

Аммо дунёдаги энг йирик буғдой экспортчиси ҳисобланувчи Россия жорий йилнинг март ойида Москва бошчилигидаги Евросиё иқтисодий иттифоқига (ЕИИ) аъзо давлатлар – Қозоғистон, Қирғизистон, Беларусь ва Арманистонга дон экспортини вақтинча тақиқлади.

Қозоғистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги 15 апрелдан бошлаб уч ой давомида буғдой ва ун экспортини мос равишда 1 миллион тонна ва 300 минг тоннага чекланишини маълум қилди. Чекловлар ёзда узайтириладими ёки йўқми, номаълум.

Украинага босқин ортидан Ғарб давлатлари жорий қилган кескин санкциялари фонида Россия ҳукумати «ички озиқ-овқат бозорини ташқи чекловлар шароитида ҳимоя қилиш» мақсадида буғдой, жавдар, арпа ва маккажўхори экспортини 30 июнга қадар тўхтатиб қўйди.

Москванинг бу қарори Россия буғдойининг ЕИИдаги энг йирик харидори Қозоғистонни нисбатан арзон қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини импорт қилиш имкониятидан маҳрум қилди.

Россия дон экспортини чеклаганидан икки-уч ҳафта ўтгач, Қозоғистоннинг ун ишлаб чиқарувчи ширкатлари захиралар тугаб, иш тўхтаб қолаётгани ҳақида бонг ура бошлади. Қозоғистондаги донни қайта ишловчилар иттифоқи ҳукуматни экспортни тўхтатишга чақирди.

Натижада Қозоғистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Москва тақиқи туфайли Қозоғистонда юзага келган дон «тақчиллигини» бартараф этиш учун дон экспортни чеклади.

Қишлоқ хўжалиги вазирининг биринчи ўринбосари Аидарбек Сапаровнинг сўзларига кўра, Россия тақиқи «қозоғистонлик тегирмончиларни зудлик билан маҳаллий етиштирувчилардан ғалла сотиб олишга ўтишга мажбур қилди». Қозоғистондаги етиштирувчилар ўз ҳосилини Россиядан қимматроқ нархда сотади.

Йирик буғдой ва маккажўхори етиштирувчиси ҳисобланувчи Украинадаги уруш туфайли жаҳон миқёсида буғдой ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари кўтарилмоқда.

Камбағал қўшнилар

Тожикистон ҳар йили Қозоғистондан қарийб 1 миллион тонна буғдой сотиб олади. Бу эса Душанбе ғалла импортининг 94 фоизини ташкил қилади.

Қозоғистоннинг буғдой ва ун экспортини чеклаш қарори Тожикистон қандай таъсир кўрсатаётгани ҳозирча номаълум. Аммо Қозоғистон чекловни июндан кейин узайтирса, Марказий Осиёдаги энг қашшоқ мамлакат ҳисобланувчи Тожикистонда кескин озиқ-овқат тақчиллиги юзага келиши мумкин.

Нон Тожикистонда энг муҳим озиқ-овқат маҳсулоти бўлиб, мамлакатда айрим оилалар «нонушта учун нон, чой ва шакар» истеъмол қилади.

Тожикистон ҳукумати озиқ-овқат маҳсулотлари нархи асоссиз кўтарилиши олдини олиш ва энг заиф оилаларни қўллаб-қувватлаш учун махсус режа ишлаб чиқилганини маълум қилди, аммо режа тафсилотлари ошкор этилгани йўқ.

1 апрель куни Тожикистон президенти Имомали Раҳмон халқни озиқ-овқат ғамлаб қўйишга чақирди. Раҳмон Украинадаги урушни тилга олмади, бироқ «инсониятни, айниқса, озиқ-овқат хавфсизлиги нуқтаи назаридан жуда мушкул йил кутмоқда», деди.

Раҳмон тожикистонликларни яхши ҳосил олиш ва «икки йиллик ҳосилни» жамлаш учун астойдил ҳаракат қилишга чорлади. Раҳмон ўтмишдаги инқирозлар, жумладан, коронавирус пандемияси даврида ҳам шундай чақириқ қилган.

Айрим тожикистонликлар ижтимоий тармоқларда ҳукуматни иш ўринлари ярата олмаётганликда, муносиб маош билан таъминланмаганликда ва «доим халқни ўз ҳолига ташлаб қўяётганликда» айблаб, ғазаб қилишди.

«Ойига 800 сомони [тахминан 64 доллар] маош билан мен оиламни бир ой боқа олмайман. Қандай қилиб икки йил учун озиқ-овқат жамлаб қўйишим керак?», деб ёзди ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларидан бири.

«Ҳозиргина 325 сомонига 50 килограммлик бир қоп ун сотиб олдим. Бу мен эрим билан биргаликдаги топадиган ойлик даромадимизнинг чорак қисмига тўғри келади», деб ёзди Хўжанд шаҳрида яшовчи Раҳима.

Унинг беш кишидан иборат оиласи уйда нон ёпиш учун «ойига икки қоп ун» ишлатади, «чунки тайёр нон сотиб олишга ҳамма ҳам қодир эмас».

«Кичик ҳовлимизни ҳисобга олмаганда, еримиз йўқ. Аслида Тожикистонда кўпчиликнинг экин етиштириб, ўзини-ўзи таъминлаш учун ери йўқ», деб ёзди Раҳима.

34 миллиондан кўп аҳолига эга қўшни Ўзбекистон Қозоғистон донининг энг йирик харидори ҳисобланади.

БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти маълумотларига кўра, Ўзбекистон буғдойга бўлган ички эҳтиёжининг қарийб 35 фоизини импорт қилади. Импорт қилинадиган буғдойнинг асосий қисми Қозоғистондан келади.

Қозоғистоннинг буғдой ва ун экспортни чеклаши қарори Ўзбекистоннинг ички озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш учун хориждан, асосан Қозоғистондан 600 минг тонна дон сотиб олиш режасига эълон қилинган пайтга тўғри келди.

4 апрель куни Тошкент апрель ва июль ойлари орасида Қозоғистондан 100 минг тонна буғдой сотиб олиш режалаштирилганини маълум қилган эди.

Ўзбекистонда буғдой етиштириш кўлами 30 июнь куни ўз якунига етадиган 2021 – 22 йилги бозор мавсумида қисқариши кутилмоқда: ўтган йилда 6,2 миллион тоннани ташкил қилган ҳосил у йил 5,5 миллион тонна атрофида бўлиши тахмин қилинмоқда.

Туркманистон 2020 йилда 15,1 миллион долларга буғдой импорт қилган. Бу сумманинг 12 миллионига қозоқ буғдойи харид қилинган.

Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев Ашхободга 2021 йил октябрь ойида қилган ташрифи чоғида «ўзаро манфаатли шартлар асосида» Туркманистонга «қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, биринчи навбатда, буғдой ва ун етказиб бериш кўламини кўпайтиришни» ваъда қилган эди.

Бу эса Ашхободга сўнгги йилларда Туркманистонни қийнаб келаётган сурункали озиқ-овқат, айниқса ун тақчиллигини бартараф этишга ёрдам бериши кутилган эди. Аммо ҳозирги таъминот танқислиги фонида Қозоғистон ўз ваъдасидан чиқа оладими ёки йўқми, номаълум бўлиб қолмоқда.

ЕОИИ аъзоси Қирғизистон импорт қиладиган буғдойнинг қарийб 40 фоизи Қозоғистондан келади. Бишкекнинг асосий дон етказиб берувчиси Россиядир.

Қирғизистон Дон ишлаб чиқарувчилар уюшмаси раҳбари Рустам Жунушев Озодлик радиоси қирғиз хизмати билан суҳбатда:

«Биз Қозоғистондан ғалла сотиб олишни камайтирдик, чунки у [Россия буғдойидан] 30 фоизга қиммат», - деди.

Москва ЕОИИ давлатларига дон экспортини тақиқлаганига қарамай, Қирғизистон яқин кунларда Россиядан 450 минг тонна буғдой харид қилишга умид қилмоқда.

XS
SM
MD
LG