Қозоғистоннинг Атирау вилоятидаги масжиднинг собиқ қоровули Қейқуат Оспанов одам ичига кириб олган “жинлар”ни ҳайдаб чиқаришини иддао қилади.
Оспанов бутун мамлакатни кезганча “одамларни жинлардан халос қилади” ва бу маросимни видеога олиб, ижтимоий тармоқларга чиқаради. Аммо унинг Атирауда беш яшар қизча билан ўтказган экзорцизм маросимидан олган видеоси кўплаб қозоғистонликларни шокка солди. Роликда қўллари боғлиқ ҳолда ерда ётган қизалоқни, уни ушлаб турган онасини кўриш мумкин. Боланинг тепасида турган эркак унга савол бермоқда, лекин саволлар йиғлаётган қизчага эмас, гўёки унинг ичига ўрнашиб олган жинларга қаратилган.
“Сен минг йиллик жинмисан ёки юз йиллик?” – деб сўрайди “экзорцист”.
“Минг йиллик”, – жавоб беради бола овози.
“У ерда нечтасизлар?” – яна сўрайди Опанов “жинлар”дан.
“Тўққизта”, – деб жавоб беради қизча.
Қизалоқнинг онаси Гулзира фарзандини “табиб”га ўз ихтиёри билан олиб келганини, уни Instagram орқали топганини айтади. Шунингдек, онанинг сўзларига кўра, у қизи “болаларга хос бўлмаган хатти-ҳаракатлар қилгани учун” Оспановдан ёрдам сўрашга мажур бўлган эмиш.
“Ҳозир қизимнинг аҳволи анча яхши. Қейқуат оғага ҳеч қандай эътирозим йўқ, аксинча, одамларга кўп нафи тегяпти. Юзлаб кишилар ичларидаги жинларни қувиб чиқартириш учун навбатда туришибди. У чинакам халқ табиби”, дейди Гулзира.
Онанинг миннатдорлик сўзларига қарамай, Қозоғистон болалар омбудсмани Динара Закиева қизчани таҳқирланган ҳисоблаб, ишни судгача олиб боришга ва “экзорцист” фаолиятига чек қўйишга ваъда бермоқда. Мазкур ролик маориф вазирлиги раҳбарларини ҳам ғазабга солди, улар воқеа ўрганилишини маълум қилишди.
“Қозоғистон Маориф вазирлигининг Болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси вазиятни ўз назоратига олган. Ҳозирда болага барча зарур ёрдам, жумладан, ушбу “муолажа” оқибатларини минималлаштириш мақсадида руҳий-психологик кўмак берилмоқда. Бола ҳаёти ва соғлиғига таҳдид солувчи бу каби хатти-ҳаракатларга жамиятимизда ўрин йўқ!” – дейилади вазирлик баёнотида.
Атирау вилояти бош имом хатиби Алтинбек Утисханов ўзини “жинқувар” домла ёки табиб деб эълон қилган Оспановнинг уламоларга ҳам, тиббиётга ҳам ҳеч бир дахли йўқлигини айтди. Утисхановга кўра, Оспановнинг динга ягона дахлдор жойи у 2009 йилда маҳаллий масжидда қоровул бўлиб ишлаганидир.
Қозоқ ОАВлари ёзишича, Қейқуат Оспанов илгари Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан “Ерен еңбегі үшін” (“Фидокорона меҳнатлари учун”) кўкрак нишони билан тақдирланган. “Жин қувиш” маросими чиқарган резонанс манзарасида ушбу маълумот жамоатчиликни ажаблантирмоқда.
Оспановнинг ўзи Caspian news журналистларига берган изоҳида қизча видеоси бу қадар кенг тарқалишини кутмаганини айтган. Унинг сўзларига кўра, “қизалоқнинг ичидаги жинларни дуо ўқиб 10 дақиқада чиқарган”. “Болани маҳкам ушлаб туришди, чунки унинг ичидаги жин жуда кучли эди”, дея тушунтирган “табиб”.
Қозоғистонлик сиёсатшунос Газиз Абишев фикрича, одамларнинг жинларга ишониши ва гўё уларни ҳайдаб чиқариш учун “экзорцист”ларга мурожаат қилиши Қозоғистон жамиятининг ижтимоий деградацияга учрагани белгиларидир.
“Таълим сифати пасайиб кетгани оқибатида мана шунақа қаллоблар, бидъатчилар майдонга чиқиб, омма онггини заҳарламоқда. Давлат қўл қовуштириб турмасдан уларга ҳаддини билдириб қўйиши керак. Акс ҳолда бу жаҳолат мамлакатимизни еб битиради”, таъкидлайди Абишев.
2016 йилда Қозоғистон уламолари ҳукуматни мамлакатда фолбинлик, сеҳргарлик ва дуохонлик хизматлари рекламасини тақиқлашга чақиришган эди. Ўз хотинини шафқатсизларча ўлдиргани учун суд қилинган собиқ вазир Қуандиқ Бишимбаев фолбинлар хизматидан фойдаланганига иқрор бўлганидан сўнг бу мавзу қайтадан кун тартибига чиқди. Бироқ мамлакатда оккультистлар фаолияти ҳануз тартибга солингани йўқ.
Форум