Линклар

Шошилинч хабар
24 ноябр 2024, Тошкент вақти: 18:06

Қозоғистонда тенге курси тушмоқда. Нега бундай бўлди ва аҳоли турмушига қандай таъсир қилади?



Қозоғистон тенгеси.
Қозоғистон тенгеси.

Қозоғистон миллий валютаси заифлашишда давом этмоқда. Июнь бошида маҳаллий фонд биржасида АҚШ доллари 2022 йилнинг кузидаги кўрсаткичга қадар қимматлашди. Ҳозирда саррофлар бир долларга 480 тенге беришмоқда.

Тенге ортиқча мустаҳкамлангани ҳақида молия бозори экспертлари кўпдан бери гапириб келишмоқда эди. 2024 йил бюджетида 1 доллар учун 470 тенге назарда тутилган пайтда 440-445 тенге курс фойдали бўлмаслиги ҳаммага тушунарли.

Ёзнинг бошларида мамлакатда аҳолини миллий валюта қадрсизланишига тайёрлаш мақсадида ахборот кампанияси ташкил қилинди. Дастлаб Миллий банк раҳбарининг собиқ маслаҳатчиси Айдархон Кусаинов давлат аралашмаганида доллар баҳоси 700 тенгега чиқиб кетарди, дея одамларни шоширди. Яқинда эса чет эл валюталари жорий курсининг зарари ҳақида сенат спикери Маулен Ашимбаев ҳам фикр билдирди.

“Юқори фоиз ставкаси, доимий доллар оқими ва баланд нефт нархлари шароитида тенге ортиқча қимматлашади. Бу нимага олиб келади? Экспорт қимматлашиб, импорт арзонлашади. Демак, бизнинг товар ишлаб чиқарувчиларимиз Хитой, Россия, Туркия ва бошқа мамлакатлар ишлаб чиқарувчиларига нисбатан ноқулай аҳволда қоладилар: улар нархлардан ютқазишади ва, бинобарин, ички ишлаб чиқариш ўсишдан тўхтайди. Бу иқтисодий ўсишга таъсир қилади”, деди мулозим.

Ой бориб омон қайтмаганлар - Қозоғистонда ҳалок бўлган мигрантлар ҳикояси
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:19:53 0:00

Иқтисодчи Арман Бейсембаев фикрича, миллий банк курсни тартибга солишдан буткул воз кеча олмайди, чунки бу ҳаддан зиёд тебранишларга ва миллий валютага ишонч узил-кесил йўқолишига олиб келиши мумкин. Тенге ҳамиша Миллий фонднинг валюта захираларини сарфлаш ҳисобига мустаҳкамланади, ҳукуматнинг иқтисодий блоки валюта билан бюджетдаги туйнукларни ёпади. Бироқ Қозоғистон ўз захираларини абадий сарфлаши мумкин эмас. Фонддан валюта олиш ҳажми камайгач, тенге секин-аста шўнғий бошлади.

“Тенгенинг аномал мустаҳкамланиши билан боғлиқ вазият узоқ давом этмаслиги ва эртами ё кеч, барҳам топиши йил бошидаёқ маълум эди. Охир-оқибат шундай бўлди ҳам, – дейди эксперт. – Чунки 440 курс бўйича 1 млрд доллар чиқариш бошқаю, айтайлик, 480 курс бўйича чиқариш бошқа. Бу ерда бир неча миллиард тенгелик тафовут юзага келади. Буни тушуниш керак. Агар курс аномал мустаҳкамланаётган бўлса, сиз бу бир неча миллиард тенгени ололмайсиз, лекин уларни қаердандир олиш керак”.

Тенге курси жорий йил учун прогноз қилинган кўрсаткичга тушган экан, савол туғилади: энди нима бўлади? Қозоғистон молиячилар ассоциациясига изоҳ берган аксар экспертларга кўра, тенге янада қадрсизланишига асос йўқ. Жорий ойда Миллий фонддан валюта чиқариш режалари ҳам шунга ишора қилмоқда. Июлда ҳукумат 550 миллион долларни бозорда сотмоқчи. Ўтган ойда бу сумма 420 миллионни ташкил қилганди.

Қадрсизланаётган тенге энг аввало даромади кам фуқароларга зарба беради. Қиммат доллар ўз-ўзидан барча товар ва хизматлар нархларини ошириб юборади. Бу қачон содир бўлиши ҳозирча номаълум, лекин содир бўлишига ҳеч кимда шубҳа йўқ.

Форум

XS
SM
MD
LG