Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 10:33

Қозоғистон ТИВ: Европарламентнинг “январь воқеалари”га доир резолюцияси нохолисдир


Полиция Олмаотада ҳужжат текширмоқда. 19 январь 2022 йил
Полиция Олмаотада ҳужжат текширмоқда. 19 январь 2022 йил

Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги 21 январда бир кун аввал “январь воқеалари” бўйича Европарламент қабул қилган резолюцияни “нохолис” деб атади. Ҳужжатда Европа депутатлари мамлакатда шу йилнинг бошларида содир бўлган қонли воқеалар муносабати билан халқаро тергов ўтказишга чақиришмоқда.

“Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги Европа парламентининг мамлакатимиздаги вазият юзасидан қабул қилган резолюциясини бир ёқлама ва нохолис хулоса ҳамда маълумотларга асосланганини маълум қилади. Қозоғистондаги фожиали январь воқеаларига холис баҳо берилмагани бизни ташвишга солмоқда”, дейилган баёнотда.

Қозоғистон ташқи сиёсат маҳкамасига кўра, резолюция лойиҳасини ишлаб чиқиш чоғида Европарламент депутатлари Қозоғистон расмийларидан тафсилот ва изоҳ сўраб мурожаат қилмаган.

“Қозоғистон Республикаси раҳбарияти томонидан қўзғатилган расмий тергов натижалари эълон қилинмасдан бу каби ҳужжатлар қабул қилинишини ножоиз деб ҳисоблаймиз. Яна бир карра тасдиқлаймизки, тергов натижалари халқаро жамоатчиликка тақдим этилади”, дейилган ТИВ баёнотида.

20 январь куни қабул қилинган резолюцияда Европа депутатлари, хусусан, халқаро тергов ўтказиш, шунингдек инсон ҳуқуқларига доир қонунбузарликлари учун Қозоғистон мулозимларига нисбатан санкциялар жорий этишга чақирганлар.

Қозоғистон ташқи ишлар вазири Мухтор Тлеуберди бир неча кун олдин француз ОАВларига берган интервьюсида Қозоғистон ҳукумати тергов натижаларини эълон қилиш ниятида эканини айтди. Айни чоғда, у президент Қасим-Жомарт Тоқаев риторикасини давом эттириб, мамлакатнинг ўндан ортиқ ҳудудлари ва Олмаота шаҳри “террорчилар ҳужумига учраган”ини тасдиқловчи далиллар мавжудлигини билдирди.

“Ватандошларимиз, менинг дўстларим сўзлаб беришича, қуролли жангарилар орасида на қозоқ ва на рус тилини биладиган одамлар бўлган. Улар турли Осиё тилларида гапиришган, айримлари қозоқчада кучли акцент билан гапирган”, деди Тлеуберди.

Қозоғистон ТИВ раҳбарига кўра, буларнинг бари “террорчилар орасида ажнабийлар бўлганини исботлайди”.

Суюлтирилган газ нархи кескин оширилиши ортидан 2 январь куни Қозоғистон ғарбида намойишлар бошланганида мамлакат расмийлари норозилик акцияси иштирокчиларини “намойишчилар” деб атаган эди, аммо кейинроқ баёнотлар мазмуни кескинлашиб, “ўн минглаб террорчи” ҳақида гапира бошлашди.

“Террорчилар” ҳақидаги тезис илк бор 5 январь куни Хавфсизлик кенгаши йиғилишида президент Қосим-Жомарт Тоқаев тилидан янгради. У гўё “халқаро террорчи тўдалар” Қозоғистонга “ҳужум қилишган”ини айтиб, буни Коллектив хавфсизлик ташкилотидан ҳарбий ёрдам сўраш ва “махсус амалиёт”ни бошлаган кучишлатар тузилмаларга “огоҳлантиришсиз ўқ узиш”га буйруқ беришда баҳона ўлароқ қўллади.

Сўнгги расмий маълумотларда январь воқеаларида 227 киши қурбон бўлгани айтилмоқда, бироқ қатор ноҳукумат ташкилотлар қурбонлар сони камайтириб кўрсатилган, деб ҳисоблайди. Ўлганларнинг бир қисми расман “террорчилик ҳужумларида қатнашган қуролли бандитлар” сифатида кўрсатилмоқда.

Қозоғистон ИИВ 11 январдаги маълумотида бутун мамлакат бўйича қарийб 10 минг киши ҳибсга олинганини билдирган.

XS
SM
MD
LG