Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 10:07

"Кемел Жомартович". Тоқаев оиласининг Россия билан ришталари


Россия президенти Владимир Путин ва Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев. Россия-Қозоғистон Минтақавий ҳамкорлик форуми - Омск, 7 ноябрь, 2019
Россия президенти Владимир Путин ва Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев. Россия-Қозоғистон Минтақавий ҳамкорлик форуми - Омск, 7 ноябрь, 2019

Владимир Путин 10 январь куни КХШТ йиғилишида Қозоғистон президенти Тоқаевни адашиб Кемел Жомартович деб юборди. Бу янглишиш тасодиф бўлиши мумкин эмас: Кемел – Тоқаевнинг отасининг исми. 2019 йили, Тоқаев Қозоғистон президенти вазифасини бажарувчи бўлганидан сўнг унинг ўғли Тимур исмини Кемелга ўзгартирган.

Озодликнинг рус хизмати ва “Настояшчее время” телеканали мухбирлари Тимурнинг Россиядаги бизнес-активларини топишди: у 2016 йилда “Маяк” ОАЖ директорлар кенгашига кирган. Ушбу қурилиш ширкати Химки шаҳридаги ягона жамоат стадионини бузиб ташлаганликда айбланиши ортидан тилга тушган эди.

Айрим таҳлилчилар Қозоғистонда юз берган тартибсизликларни Тоқаев ва Назарбоев кланлари ўртасидаги кураш оқибати, дея талқин қилишади. Бироқ Озодлик маълумотига кўра, Қасим-Жомарт Тоқаевнинг рус хотинидан кўрган ўғли атиги беш йил бурун собиқ президент Назарбоев ҳамда унинг бошқарувчиси ҳамда “ғазначиси” Кенес Ракишев билан алоқадор бизнес тузилмалар билан қаттиқ боғланган эди. Ракишев намойишлар бошланганидан сўнг Қозоғистондан чиқиб кетгани айтилмоқда.

Тоқаев ва унинг Россия фуқаролигидан кечмаган рус хотини

“Википедия”даги Қасим-Жомарт Тоқаев саҳифасида у Надежда Давидовна Тоқаева исмли аёлга уйлангани айтилган. Президентнинг расмий сайтидаги маълумотларда эса у ажрашгани ва Тимур исмли ўғли борлиги кўрсатилган. Тоқаев президент лавозимига келганидан сўнг қозоқ медиаси Надежда Тоқаева Россия фуқароси эканини аниқлашди. Россия ИИВ қайдларига кўра, у фуқароликдан воз кечмаган. Қозоғистон ОАВлари ёзишича, эр-хотиннинг ажрашишига айнан шу ҳолат сабаб бўлган. Аммо онасидан фарқли ўлароқ, Тимур Россия фуқароси эмас.

2021 йил декабрда Навальнийнинг Коррупцияга қарши кураш фонди “Росреестр”дан юқори мартабали мулозимларнинг шахсий маълумотлари яширилгани ҳақида суриштирув эълон қилган эди. Суриштирувда Қасим-Жомарт Тоқаевнинг собиқ рафиқаси ва ўғли Тимур ҳам тилга олинган, улар Москва шаҳрининг энг яхши жойларида қиймати бир неча миллион долларга тенг данғиллама квартираларга эгалик қилиши айтилганди.

Кейинроқ Озодлик журналистлари Надежда Тоқаеванинг Москва вилояти, Абрамцево посёлкасида шоҳона чорбоғи ҳам бўлганини аниқлашди.

Швейцария коллежидан – Химкига

Тимур Тоқаев билан боғлиқ “Маяк” ОАЖ 2014 йилда Химки шаҳрида (Москва вилояти) ягона жамоат стадионини бузиб, ўрнига турар-жой қурмоқчи бўлганида каттагина жанжал кўтарилган эди. Аммо пировардида суд ширкат тарафини олган ва “Маяк” номли турар-жой мажмуаси барибир қурилган.

Озодлик журналистлари очиқ манбалардан ширкатнинг 2016 йилдаги ҳисботларини топиб, ўшанда унинг директорлар кенгаши аъзоларидан бири Қозоғистон президентининг ўғли Тимур Тоқаев бўлганини аниқлашди. Ҳужжатда унга доир илгари ҳеч қаерда чиқмаган маълумотлар ҳам бор: “Маълумоти – олий. Сиёсий фанлар номзоди. Леман коллежи, Женева Швейцария. Вебстер университети умумтаълим коллежи дипломи, Бельвю, Швеецария. РФ Ташқи ишлар вазирлиги академияси дипломи”.

Интернетда Тимур Тоқаев 2009 йили Россия ТИВ академиясида ҳимоя қилган диссертациясини топиш мумкин. “Қозоғистоннинг Ғарбга нисбатан стратегияси. Миллий манфаатлар, устувор вазифалар, йўналишлар” номли илмий ишда Назарбоев фамилияси 112 марта тилга олинган. Қиёслаш учун Путин, Обама ва Буш фамилиялари биргаликда 21 марта қайд этилган. “Россия – Қозоғистоннинг ягона иттифоқчиси”, деб ёзган кичик Тоқаев.

“Маяк” ОАЖнинг кейинги йиллардаги ҳисоботларини топишнинг имкони бўлмади, Тимур Тоқаев ҳали ҳам директорлар кенгашидами, йўқми – номаълум.

Тимур ва унинг командаси

Тимур Тоқаев Қозоғистонда ҳам қатор юридик шахслар билан боғланган. Хусусан, у бобоси Кемел Тоқаев номи билан аталувчи хайрия фонди раҳбари саналади. Фонд сайтида у бошқарув аъзоси деб кўрсатилган.

Яқин ўтмишда кичик Тоқаев фаолияти тугатилган “САЛИШ” ширкати соҳибларидан бири эди. Унинг аввалги номи “Аби Петролеум Кэпитал” бўлган: қозоқ ОАВларига кўра, Тимур унинг таъсисчилари рўйхатига 2002 йилда, яъни 18 ёшида кирган ва шундан сўнг тез орада ширкат Атирау вилоятидаги конни ишлатишга лицензия олган.

Тимур Тоқаевнинг нефть ширкатида улуш соҳиби бўлиши отаси Қозоғистон бош вазири лавозимидан ТИВ раҳбарлигига ўтган пайтга тўғри келади. “Аби Петролеум Кэпитал”нинг Тимур билан тенг улушга эга иккинчи мулкдори – қозоқ дипломати Темиртой Избастиннинг ўғли, айни чоғда Қасим-Жомарт Тоқаевнинг жияни, яъни Тимурнинг амакиваччаси Муҳамед Избастиндир. Икки қариндошнинг оилавий бизнеси бошида ёмон бўлмаган: 2012 йили ширкат тахминан 50 млн доллар соф фойда қилган. Аммо кейинчалик даромад камайиб кетган ва 2014 йилдан зарарига ишлай бошлаган, 2020 йилда эса тугатилиб, “Салиш” МЧШга айлантирилган.

2018 йилда “Scanner Project” нашри Тимур Тоқаев фамилиясини Женеванинг Chemin Gilbert-Trolliet кўчаси 3-уй манзилида яшовчилар рўйхатидан топган эди. kz.expert нашри эса Тоқаевнинг Женевадаги квартирасини 2 млн долларга баҳолаган. Аммо, ОАВ маълумотларига кўра, президентнинг ўғли Женевада эмас, Москвада муқим яшайди ва “отасининг таниш-билишлари ёрдамида” тадбиркорлик билан шуғулланади. Бунда айнан “Маяк” ОАЖ девелоперлик ширкати назарда тутилган бўлса ажаб эмас. Зеро, ширкат мулкдорлари орасида кичик Тоқаевдан ташқари Қозоғистоннинг қатор йирик тадбиркорлари ҳам бор.

“Маяк”нинг асосий мулкдори (57,4 фоиз акциялар эгаси) – Нидерландияда рўйхатга олинган Dostyk Investments B.V. фонди саналади, фондни эса амалда Назарбоевнинг ўртанча куёви ҳамда Қозоғистоннинг энг обрўли тадбиркори Тимур Қулибаев назорат қилади.

Ширкатнинг яна бир мулкдори – Кенес Ракишев, Қозоғистоннинг энг бадавлат одамларидан бири саналади. Энг муҳими, журналист ва болгерлар уни “Назарбоевнинг ишончли ҳамёни” дея таърифлашади. Шунингдек, Кенесов ўз бизнес доирасида “рус тупроғида илдиз отмоқчи бўлган ватандошларга кўмаклашувчи мурувватпеша” сифатида ҳам машҳур.

Ракишев Назарбоев давридаги кўзга кўринган сиёсатчилардан бири Имангали Тасмагамбетовнинг қизига уйланган. Унинг қайнотаси президент маъмурияти раҳбари, Олмаота ва Астана ҳокими, мудофаа вазири, 2016–2019 йилларда Қозоғистоннинг Россиядаги элчиси лавозимларида ишлаган.

XS
SM
MD
LG