Линклар

Шошилинч хабар
02 ноябр 2024, Тошкент вақти: 04:31

“Қозоғистон халқидан узр сўрайман”, деб видеомурожаат ёзишга мажбур қилишди”. Собиқ маҳбусларнинг кечмишлари


Павлодар вилоятининг Экибастуз шаҳрида 5 январь куни тахминан 500 киши митингга чиққан эди. Митинг тинч ўтган – бузғунчилик, полиция билан тўқнашувлар бўлмаган. Аммо эртасига қарийб юз киши – ҳар беш митингчидан бири қўлга олинди. Ўша маҳбуслардан бир нечаси Озодликнинг қозоқ хизмати билан суҳбатда маъмурий қамоқда бўлган пайтларида уларни калтаклашгани, хўрлашгани, озод этишларидан олдин эса “Қозоғистон халқидан кечирим сўраб” видеомурожаат ёздиришганини сўзлаб берди.

“Уриб, қийнаб, 10 суткага тиқиб қўйишди”

Экибастузлик фаол Калиаскар Амренов (у қозоғистонлик ҳуқуқбонлар тузган сиёсий маҳкумлар рўйхатига киради) 4 ва 5 январь кунлари Жанаўзен аҳолисига хайрихоҳ фуқаро сифатида тинч митингга чиқади. 6 январь оқшомида унга қўнғироқ қилиб, полиция ходимлари митингчиларнинг уйларига бориб, эшикни бузиб киришаётганини хабар қиладилар.

“Дарҳол полиция бошлиғининг ўринбосарига сим қоқиб, одамларнинг эшикларига тегманглар, деб айтдим. “Ундай бўлса, ўз оёғинг билан чиқ”, дея тўнглик билан жавоб берди у. Сўнгра, икки ходимини жўнатганини, улар мени митингга чиқармаслик учун уйимда ўтиришини айтди. “Қилт этсанг, пешонангдан отишади”, дағдаға қилди бошлиқ муовини. Бориб, эшикни очдим: фуқаро кийимидаги икки полициячи турган экан. Уч сония ўтар-ўтмас СОБР ходимлари бостириб келишди. Беш киши. Қўлларимни қаириб, кўчага олиб чиқишди ва “Газель”га босишди. Мен суд санкциясисиз, чақирув қоғозисиз олиб кетишди, тўғрироғи, ўғирлашди”, дея ҳикоя қилади Калиаскер Амренов.

Фаолни Экибастуз шаҳар полиция бошқармасига элтадилар. Кечаси бир яримларда ўша ернинг ўзида суд бўлади. Атиги 10 дақиқалик суд мажлисида Амреновни “10 суткага маъмурий қамоққа олиш тўғрисида” қарор чиқарилади.

Экибастузлик фаол Калиаскар Амренов
Экибастузлик фаол Калиаскар Амренов

– Экибастузда жами 107 кишини маъмурий қамоққа олишди. Эрталаблари ташқарига ҳайдаб чиқиб, ерга ётиб “отжимание” қилишга, ўириб-туришга мажбур этишарди. Бошида айтганларини бажардик, кейин бош тортдик. Бир ходим ёнимга келиб: “Ҳозир сени отиб ташлайман”, деди. Мени бир хонага олиб киришди, икки нафар “собрчи” ва ҳибсхона тезкор ходими менга дағдаға қила бошлашди. “Ҳаммаси сен ва сенга ўхшаганларни деб бўляпти, сенлар айбдорсан”, деб бақиришди. Олмаотада икки полициячининг калласини олишган, бир боланинг кўзларини ўйишган эмиш – барига мени жавобгар қилишди. Чамаси 15 дақиқа ўшқиришди. Сўнгра икки букчайтирганча камера ичида судрай кетишди, шу қадарки, бошим бетон полга урилиб, йиқилиб тушдим. “Собрчилар” “ҳозир сени шунақангги тепкилаймизки, бир умрга майиб бўлиб қоласан”, дея таҳдид қилишди”, дейди фаол.

Бу орада (7 январь куни) полиция Калиаскар Амреновнинг синглиси ва укасиникини ҳам “безовта қилади”. Хусусан, синглисининг уйига қарийб 20 нафар СОБР ходими бостириб киради ва кўздан ёш оқизувчи газ пуркаб, рухсатсиз тинтув ўтказади.

Ўша куни полиция унинг укаси Зарликка (у Калиаскар билан митингга бирга чиққан эди) қўнғироқ қилиб, сўроққа чақиришади. 8 январда эса уни уйидан олиб, полиция бошқармасига келтиришади.

Зарлик Амреновнинг синган қовурғалари рентгени
Зарлик Амреновнинг синган қовурғалари рентгени

“Укамни бир хонага олиб кириб: “Россиядан “ОМОНчилар” келишган, ҳозир сени уларнинг қўлига топширамиз”, дейишибди. Чиндан ҳам бир оздан сўнг ниқоб таққан уч ходим кирган, полиция бошлиғининг ўринбосари укамга ишора қилиб: “Манавинга яхшилаб ишлов беринглар”, деган. Учаласи уч тарафдан тепкилашган. 15 дақиқа чамаси шу тарзда қийнаганлар, укамнинг қовурғалари синган. Ниқоблилардан бири: “Агар бошлиқнинг айтганини қилмасанг, соғ жойинг қолмайди”, деб айтган”, сўзида давом этади Амренов.

Фаолга кўра, укаси Зарликни “аллақандай ҳужжатлар”га қўл қўйишга мажбур этганлар, қоғозларни ўқишга рухсат беришмаган.

“Укамни полиция маҳкамасининг ўзида суд қилиб, 10 суткага қамашган. Уриб, қийнаб, 10 суткага тиқиб қўйишган. Тан жароҳатларини қайд эттиришга олиб боришмаган. Укам шифокор чақиришни сўраган, лекин “сен ўзингни касалга соляпсан”, деб рад этишган. Қовурғаси, тиш протезлари синган ҳолида қамоқда тутишган. Чиққанидан сўнг шифохонада кўрикдан ўтказиб, тиббий хулоса олдик”, дейди Калиаскар.

“Оёқ-қўли боғлиқ 60 кишини устма-уст қалаштириб ташлашди”

Экибастузлик Асет Айдархоновни 6 январь куни соат тахминан 22:40 да ушлашган. Бу пайтда у спорт машғулотларидан қайтаётган эди. Бир кун аввал Асет тинч митингда иштирок этганди. Қўлга олиш чоғида юзига газ пуркаб, резина таёқ билан уришган.

“Юзимни ерга босиб, оёқларимни чалиштирган ҳолда чандишди, қўлларимни орқага қайириб боғлашди, шу алфозда тўрт соатча ётдим. Буни уларнинг тилида “ишлов бериш” дейишар экан. Оғриқни ҳис қилмаслик учун тишимни тишимга босдим. Кўпчиликни аёвсиз калтаклашди, қовурғаларини синдиришди. Одамлар ваҳимага тушиб, йиғлашар, ёлворишарди. Мени аввал резина таёқ билан уришди, сўнгра автомат қўндоғи билан икки болдиримга, буйракларимга туширишди – баданимда зарба емаган жой қолгани йўқ. Бировнинг уйидан арматура топилган, бошқасиникидан байроқ чиққан. Жуда кўп одамни ушлаб келтиришган экан, чамаси 60 киши устма-уст қалаштириб ташланган, улар эса бизни босиб-тепкилаганча устимиздан юришарди. Қўлларим увишиб, таёқдай қотиб қолди. Бизни пештахам сўзлар билан сўкишар, “ҳаммангни отиш керак” деб бақиришарди. Саҳар бешларда аллақандай қоронғи бир хонага тиқишди. Бизни ҳар куни итдек азоблашар, қўлларимизни орқага қилганча деворга қапишиб туришга мажбур этишарди. “Сенларга ним етишмаяпти, нега тўполон қилдиларинг?” деб сўрашарди. Бунақа ёвуз, одамлардан нафратланадиган кимсаларни биринчи кўришим”, дея хотирлайди Асет Айдархонов.

Асетни қўлга олинган кечаси ўша бинодаёқ суд қилишади. Айтишича, полиция ходимлари нуқул: “Сенларни деб кўчаларда одамлар каллакесарлик қилишяпти”, деб такрорлашган.

“Етти кунча бошимизни қуйи солиб юрдик, қаттиқ зуғум қилишди. Қўққисдан ёпирилиб кириб, текширишарди. Ҳибсхонада шифокор йўқ эди, ҳеч кимни тиббий кўрик қилишмади. Бор-йўғи маъмурий қамоқда бўлсак-да. Бизга ашаддий жиноятчидан бадтар муомала қилишди. Кечаси исталган маҳал “собрчилар” бостириб кириб кириши мумкин эди, матрасларни улоқтириб, ҳамма нарсани тўзғитиб чиқиб кетишарди. Ёнимда бир киши ётарди, оддий тадбиркор экан. Уни ёмон уришди, буйраклари ишламай қолганди”, дейди Асет.

Айдархонов одамларнинг нақадар даҳшатга тушганини, ўзи ҳам жонидан умидини узганини эслайди.

“Айримларини танийман: ҳанузгача уйларидан чиқишмайди. Шу қадар қаттиқ қўрқитишган. Мен тезда ўзимга келдим, лекин, танишларим айтишича, хийла асабий бўлиб қолибман. Қамоқдан чиқаришдан олдин “Қозоғистон халқидан кечирим сўрайман”, деб видеомурожаат ёзишга мажбур қилишди. Мен халққа нима ёмонлик қилдим, нега кечирим сўрашим керак?!” дейди Айдархонов.

XS
SM
MD
LG