Линклар

Шошилинч хабар
07 ноябр 2024, Тошкент вақти: 03:40

Қозоғистоннинг Жанаозен шаҳрида қатор корхоналар ходимлари иш ташлади (ВИДЕО)


Қозоғистоннинг Жанаозен шаҳрида (Мангистов вилояти) иш ҳақини ошириш ва меҳнат шароитини яхшилаш талаби билан иш ташлаш ҳоллари кўпайди. Сўнгги ҳафтанинг ўзида бир неча корхонада ходимлар ишни тўхтатиб қўйишди. Айрим ходимлар раҳбарият билан муросага борган. Аммо бошқаларнинг талаблари бажарилгани йўқ. Айримларига ишдан бўшатиш билан пўписа қилишмоқда.

“КазМунайГаз” миллий ширкати шўъбаси бўлмиш “KMG-Security” қўриқлаш агентлигининг Жанаозен филиали ходимлари етти кундирки, жазирама офтобда забастовка ўтказмоқда. Нефть ширкати хавфсизлигини таъминловчи қўриқчилар иш ҳақларини оширишни ва муносиб меҳнат шароити яратишни талаб қилмоқда. Улар корхона олдидаги майдонда чодир тикиб олиб, талаблари бажарилмагунча иш жойларига қайтмасликка аҳд қилишган.

Ширкатда олти йил ишлаган Серик Жолдасбаев Озодликнинг қозоқ хизмати мухбирига “агар ойликни 150 минг тангага кўтариб, йиллик мукофот тўлашса, бошқа талаблардан воз кечамиз”, деб айтди. Ҳозирда уларнинг ойлик маоши 70 минг тангани ташкил қилади.

“Озиқ-овқат қимматлаб кетди, маошимизни 150 мингга кўтаришсин”, дейди бошқа қўриқчи.

Жанаозен филиалида жами 1200 киши ишлайди. Иш ташлашнинг учинчи кунида Нур-Султондан “KMG-Security” бош директори ўринбосари Мейрхан Жаманбаев келиб, улар билан учрашган.

“Жаманбаев иш ҳақини уч тоифа бўйича: 1-тоифага 150 минг, 2-тоифага 140 минг ва 3-тоифага 135 минг тўлашни таклиф қилди. Биз рози бўлмадик”, дейди иш ташлаганлардан бири.

16 июль куни “KMG-Security”нинг Каражанбас конидаги ишлаб чиқариш корхоналарини қўриқловчи бўлими ходимлари жанаозенлик ҳамкасбларини дастаклаб чиқишди. Улар иш ташлашгани йўқ, балки “KMG-Security” бош директори Тўқалов номига видеомурожаат ёзишган.

Видеода ширкат ходимлари озиқ-овқат маҳсулотлари ва коммунал хизматлар ҳамда йўлкира нархлари ошиб кетганини, топганлари оила тирикчилигига базўр етаётганини билдиришган.

“Энг кам иш ҳақи 150 минг тангадан кам бўлмаслиги лозим. Байрам кунларига мукофот пули берилсин. Йил якунида ўн учинчи ойлик тўлашсин. Бошқа шаҳарлардан қатнаб ишлайдиган ҳамкасбларимизнинг йўл харжлари қоплаб берилсин, меҳнат таътиллари тўлиқ тўлансин. Акс ҳолда, ишга чиқишдан бош тортамиз”, дейилади видеомурожаатда.

***

15 июль куни “МунайСпецСнабкомпани” корхонаси ҳайдовчилари – жами 16 бригада – ишга чиқмади. Улардан бири Озодликка иш ҳақлари 110 минг тангадан ошмаслигини айтди.

“Биз оғир техникани бошқарамиз, суткалаб йўлда бўламиз. Бу жуда оғир меҳнат”, дейди у.

Улар хавфли саноат участкаларида ишлаш туфайли соғлиққа етадиган зарарни қоплаш, иш ҳақини 100 фоизга оширишни ва тунги сменалар учун қўшимча ҳақ тўлаш, 24 соатлик сменани 12 соатлик смена билан алмаштиришни, вақтинча меҳнатга лаёқатсиз бўлиб қолганда нафақа тўлаш ва бошқа қатор талабларни қўйишган.

Ҳайдовчилардан бирининг айтишича, иш берувчи уларнинг талабларини бажармоқчи эмас, ҳозирда уларнинг ўрнига янги ишчиларни излашмоқда.

“МунайСпецСнаб” директори Ерлан Сабиевга кўра, қўйилган 10 талабдан айримлари ноўрин, яъни аввалдан бажариб келинмоқда:

“Тунда ишлаган кунларига 1.5 баравар ҳақ ёзилади, касал ётган кунларига ҳақ тўлаяпмиз. Аммо ойликларини 100 фоизга оширишнинг сира иложи йўқ. “Озенмунайгаз” билан тузилган тендер шартномасида шунақа паст ставка кўрсатилган. Қачон улар тарифни оширишса, мен ойликларни кўтараман”, дейди у.

Ҳайдовчиларга кўра, “Озенмунайгаз” ширкатининг худди шунақа махсус техникаларни бошқарадиган ўз ҳайдовчилари айни иш учун 300 минг танга олишади.

***

Қозоғистоннинг ғарбий қисмида, жумладан, нефть конлари жойлашган Жанаозенда иш ташлашлар тез-тез кузатилади.

Июль ойи бошида “Озенмунайгаз”га қарашли нефть қудуқларини таъмирловчи KEZBI ширкати ишчилари бир ҳафта иш ташлаб, айрим талаблари бажарилишига эришган эди.

2011 йилда “Озенмунайгаз” ҳамда “Каражанбасмунай” ширкатларининг нефтчилари иш ташлаб, ойликларини оширишни талаб қилишган эди. Иш ташлаш қон тўкилиши билан якунланган: 16 декабрь куни Жанаозен марказий майдонида ўтказилаётган мустақиллик байрами тантаналари чоғида полиция иш ташлаганларга ўқ узган. Расмий маълумотларга кўра, ўшанда 16 киши ўлиб, 100 дан ортиқ киши жароҳат олган.

Қозоғистонда иш ташлашлар меҳнат низоларини ҳал қилишнинг асосий механизмига айланиб қолмоқда. Иш ташлаш натижалари турлича бўлади: айрим ҳолларда ишчилар талаблари бажарилади (баъзида қисман), бошқа ҳолларда эса норозилик ёппасига ишдан бўшатишга олиб келади.

Экспертлар иш ташлашлар кўпайишини мамлакатда мустақил касаба уюшмалари ҳукумат томонидан йўқ қилингани, мамлакатда ижтимоий-иқтисодий аҳвол оғирлашаётгани ва энг зарур маҳсулотлар қимматлашаётгани оқибати, деб тушунтирадилар.

XS
SM
MD
LG