Линклар

Шошилинч хабар
06 ноябр 2024, Тошкент вақти: 06:56

“Қозоқча ёз”. Қўшниларимизнинг она тили мақомини кўтариш бўйича креатив тажрибалари


Қозоғистонда қозоқ тили ривожи учун курашаётган турли гуруҳлар пайдо бўлди. Улар интернетда тил қоидаларини ўргатишади, турли ширкатлардан давлат тилида маълумот беришни сўрашади ва чет эл фильмларига овоз беришади. Улар ким? Бунга уларни нима ундади ва қозоқ тили мақомини мустаҳкамлашда уларнинг қандай ёрдами тегмоқда? Озодликнинг қозоқ хизмати бир неча гуруҳ вакиллари билан сўзлашди.

ОДОБЛИ ОДАМЛАР. ЁШЛАР ҚОЗОҚ ТИЛИДА ОНЛАЙН-ХИЗМАТЛАР КЎРСАТИШНИ ҚАНДАЙ ТАЛАБ ҚИЛМОҚДА?

“Qazaqsha Jaz — Қазақша жаз” (“Қозоқча ёз”) номли қозоқ тилли истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш гуруҳи турли ширкатлар, қаҳвахона, ресторан ва дўконларнинг интернетдаги саҳифаларига кириб, қозоқ тилида изоҳ қолдиришади ва хушмуомалалик билан маълумот сўрашади. Фаоллар бу усулни “тербеу” (“туртиб қўйиш”) деб атайдилар ва унда бир нечта қоида борлигини айтишади: фақат қонун доирасидан чиқмаслик, одобли бўлиш ва ҳақоратли сўзларни ёзмаслик.

“Сафимизга қўшилган барча фаоллар тазйиқларсиз муҳит яратишга интилади. Шу боис биз аввал‑бошданоқ тажовузкор усулларни қўлламасликка қарор қилдик. Масалан, бир ширкатнинг саҳифасида кириб, эълон қилинган хабар тагига қуйидагича мазмунли изоҳ қолдирамиз: “Салом! Мен сизнинг дўконингизга тез-тез кириб тураман. Маҳсулотларингиз менга маъқул. Агар сиз саҳифангизга маълумотларни қозоқ тилида ҳам жойлаганингизда менга жуда қулай бўлур эди. Раҳмат!” Шу тариқа бизнес билан дўстлашишга уриндик. Улар ҳам биз ўз ҳуқуқларимиз риоясидан бўлак ҳеч нарсани талаб қилмаслигимизни тушунишди”, дейди ҳаракат ташаббускорларидан бири Алия Сари.

Фаолнинг сўзларига кўра, шу каби ташаббуслар туфайли қозоқ тилида маълумот беришни сўраш истеъмолчиларга эриш туюлмай қолмоқда. Ҳаракат иштирокчилари одатда аввалдан кенгашиб, “туртиб қўйиш” лозим бўлган ширкатни танлашади. Бундан ташқари, улардан ҳар бири мустақил ўзлари маҳсулот ёки хизматларидан фойдаланадиган брендларга хабар юборишлари ҳам мумкин.

Гуруҳдагилар айтишича, иш кўп куч талаб қилади. Ўтган йили, улар қозоқ тилида маълумот беришни сўраб мурожаат қилган ширкатларнинг учдан бири бу талабни қондирган.

“Қонун қозоқ тилли истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилмайди. “Туртиб қўйиш” вақтида баъзан зиддият ва кескинлик юзага келиши мумкин. “Қайси қонунга кўра биздан маълумот сўраяпсиз?” деб сўраб қолишади. Бунақа қонун ростдан ҳам йўқ. Истеъмолчилар ҳуқуқлари тўғрисидаги қонунда фақат визуал маълумот, масалан, баннер ва менюлар қозоқ тилида бўлиши кераклиги айтилган холос. Аммо сайтлар ва ижтимоий тармоқлардаги маълумотларни ҳеч ким назорат қилмайди. Шу боис биз қозоқ тилининг интернетдаги мақомини белгилаб олишимиз лозим. Ҳозир шунинг устида ишлаяпмиз”, ҳикоя қилади Алия.

Унинг айтишича, тармоқда хизматлар кўрсатиш билан боғлиқ муаммонинг нақадар долзарблиги карантин вақтида яққол намоён бўлган. Чунки одамлар ҳаммаси уйда қолиб, ижтимоий тармоқлар ва онлайн хизматлардан кўпроқ фойдалана бошлашган.

“Ўшанда интернетда қозоқ тилида маълумот бўлиши кераклигини барча англаб етди. Сиз дўконга кирганда қозоқ тилидаги маълумотларни талаб қилишингиз мумкин, лекин интернетда бундай қила олмайсиз. Мана шу ерда тенгсизлик бор. Биз депутатларга хат ёзиб, қонунга ўзгартиш киритишга ҳаракат қиляпмиз. Бизга ўз ҳуқуқларимиз керак, токи келгусида рўкач қилишимиз мумкин бўлсин”, тушунтиради Алия.

Қозоқ тили мақоми учун курашаётган фаолларни “русларга қарши, миллатчилик” ҳаракатларларида айблаб, ҳатто таъқиб қилишмоқда. Чунончи, август ойида “YouTube”даги “Til Maydani” канали муаллифи Куат Ахметов одамлар савдо марказларини айланиб, қозоқ тилида хизмат кўрсатишни талаб қилаётгани акс этган видеороликлар туфайли миллатлараро адоват чиқаришда айбланган эди. Уни Россиянинг кремлпараст ОАВларида муҳокама қилишди. Кейинроқ маълум бўлдики, Ахметов Қозоғистонни тарк этиб, ҳозирда Киевда яшаётган экан.

“Қазақша жаз” ҳаракати вакили Алия Сари айтишича, ёш фаоллар “ўз хатти-ҳаракатлари билан рус тилини камситмаяпти, ўз ҳуқуқларига риоя этилишини талаб қилмоқда холос”.

“Тарихий, маданий ва жўғрофий сабабларга кўра рус тилини ҳисобдан чиқариб ташлашнинг иложи йўқ. Икки тиллилик – МДҲ мамлакатларида кенг тарқалган воқелик. Бизнинг мақсадимиз эса тенгликка эришиш, чекловларга барҳам бериш ва қозоқ тили мақомини мустаҳкамлашдир”, дея таъкидлайди у.

ҚОИДАЛАР ҲАҚИДА – ҲАЗИЛ-МУТОЙИБА БИЛАН

“Instagram”да 35 минг обуначиси бор “Qazaq Grammar” гуруҳи қозоқ тили ҳақида илмий мақолалар, қизиқарли маълумотлар беради, шунингдек ҳазил постлар эълон қилиб туради. Лойиҳа муаллифи Нурсултон Багидулла айтишича, “Qazaq Grammar” таълим лойиҳаси бўлиб, уни икки шинаванда йигит юритмоқда. Улар мақсади – одамларга адабий тилни ўргатиш ва тил қоидаларини сақлаб қолиш.

“Университетда ўқиб юраркан, ҳатто қозоқ талабалар ҳам ўз она тилида тоза, бехато сўзлай олмаслиги эътиборимни тортди. Агар бу ҳол давом этса, қозоқ тили пиджинлаштирилган (грамматикаси соддалаштирилган ва луғати қисқартирилган) тиллардан бирига айланиши ҳеч гап эмас. Биз вазиятни ўзгартиришимиз лозим. Аммо лойиҳамизга маблағ керак. Уни ҳозирча ўз пулимизга ва ўқувчиларимизнинг хайриялари ҳисобига ушлаб турибмиз”, дейди Нурсултон.

“Qazaq Grammar” муаллифларига кўра, улар қозоқ тилида мем ва ҳазил-мутойиба эълон қилиш билан тил теварагидаги стереотипларни парчаламоқда. “Қозоқ тили ортиқ “қишлоқ тили” эмас, у замонавий тилга айланди”, дейишади улар.

ИЛМИЙ НАЗАР. “KAZAK BUBBLE” ЛОЙИҲАСИ

“Kazak Bubble” – қозоқ тили хусусиятларини ўргатувчи лойиҳалардан яна бири. Унинг иштирокчилари турли сўзларнинг келиб чиқиши, тил билан боғлиқ баҳсли саволларнинг табиати ҳақида сўзлаб беришади. Лойиҳа номидаги “bubble” сўзи Инжилда тилга олинган Бобил минорасига ишора. Афсоналарга кўра, барча одамлар бир тилда гаплашган замонларда улар осмону фалакка етадиган минора қуриб, шуҳрат қозонмоқчи бўлишибди. Аммо Тангри уларни такаббурлиги учун жазолабди: уларни турли тилларда сўзлашадиган қилиб қўйибди. Одамлар бир-бирларини тушунмай қолибдилар, шу билан минора қурилиши ҳам унутилибди.

Лойиҳа асосчиси Бейбарис Сейтак Назарбоев университетида айнан тил ва лингвистика йўналишида ўқиган.

“Қозоқ тилининг ўзига хос хусусиятлари ҳақида гап кетганда кўпчилик, билимсизлиги туфайли антиқа фаразларни тиқиштиришга уринади. Масалан, Аргeнтина “арғин” (қозоқ уруғларидан бири – таҳр.) сўзидан келиб чиққан, деб юрувчилар бор. Ва одамлар бу гапга ишонади. Аммо мен уларни айбламайман, чунки лингвистикани ўқишмаган. Мен эса ўқиганман, бунақа фаразларни қандай текширишни биламан. Шу боис, ўйлайманки, одамларга тилшунослик фани ҳақида кўпроқ сўзлаб беришимиз керак. Акс ҳолда, бунақа илмий асоси йўқ иддаолардан сўнг “тил фақат муомала воситаси” деган тасаввур пайдо бўлади. Аслида эса тил кўплаб сиёсий бўлинишлар ўзаги бўлган, ҳозир ҳам шундай ва келгусида ҳам шундай бўлиб қолади”, мулоҳаза қилади Бейбарис.

Лойиҳа ўтган йили баҳорда қозоқ тилини ўрганувчилар саҳифаси сифатида ишга туширилган эди. Шу боис илк хабарлар рус тилида эълон қилинди. Саҳифага қозоқ тили билимдонлари ҳам обуна бўла бошлагач, муаллифлар ўз постларини қозоқ ва рус тилларида ёзишга ўтди.

“Лойиҳамизни жамоатчилик жуда илиқ қаршилади. Биз дизайнга жиддий эътибор бердик, балки шунинг учундир. Эҳтимол, долзарб мавзуни кўтариб чиққанимиз учун қўллаб-қувватлашгандир. Ҳар ҳолда бизга тилни билувчилар ҳам, уни ўрганаётганлар ҳам обуна бўлишди. Лекин мен маориф билан шуғулланяпман, демоқчи эмасман. Шунчаки, лингвистикани одамларга улар тушунадиган тилда ўргатишга ҳаракат қиляпман”, дейди лойиҳа вакили.

“Kazak Bubble” аъзолари айтишича, ҳозир визуал ахборот даври, шу боис улар саҳифа дизайнига жуда жиддий қарашади. Турли мавзуларда қўшиқлар ва ҳазил постлар ҳам эълон қилишади. “Биз ҳар қандай негативга позитив муносабат билдиришга ҳаракат қиламиз”, дейди Бейбарис Сейтак.

Ҳозирда лойиҳа билан етти киши шуғулланмоқда. Улар орасида қозоқ ва рус тилларидаги матнларни текширувчи муҳаррирлар, дизайнчилар ва техник мутахассислар бор. Барчаси лойиҳага қалб амри билан келиб қўшилган, беминнат – ҳақ олмасдан ишлашади. Баъзан ўқувчилар моддий тарафлама ёрдам беради. Бу пуллар “Kazak Bubble” ёрлиғи туширилган турли реклама материалларини чоп этишга сарфланади.

Бейбариснинг сўзларига кўра, тил муаммоси Қозоғистонда ниҳоятда долзарб, аммо, афсуски, жамият унга панжа орасидан қараб келади.

“Бизда тил туфайли кўплаб зиддиятлар келиб чиқмоқда. Илм-фан уларни қандай бартараф этиш ҳақида бош қотириши керак. Шунинг учун ҳам қозоқ тили тарғиботига илмий ёндашиш зарур”, дейди у.

“МЕДИА, ДАРСЛИКЛАР, АДАБИЁТЛАР – ҲАММАСИ ЎЗЛАШМА СЎЗЛАРДА”

Лингвист Нозгул Хўжабек қозоқ тилини биладиганлар учун “Ўзлашма сўзлардан ҳоли қозоқ тили” номли телеграм-канал очган. Муаллиф кенг тарқалган грамматик хатолар, нутқдаги ўзлашма сўзлар ҳақида ёзади. Ўз таъбирича, у “қозоқ сўзлари билан русча ёзилган” матнлар камайишига эришмоқчи.

“Қозоқ тилини рус тилидан ўзлашган сўзлардан тозалашимиз керак, бўлмаса болаларимиз ўттиз йил олдин чиққан китобларни ўқий олмай қолади. Медиа, дарсликлар, адабиёт – барча ўзлашма сўзларда. “Четдан кириб келган сўзлар тилни бойитади”, деган гап бу ялқовларнинг баҳонаси холос. Ўзлашма сўзлар тилни бузади. Ҳаммасидан қутулиш қийиндир-ку, аммо аста-секинлик билан бўлса-да тилимизни тозалашни хоҳлаймиз”, дейди Нозгул Хўжабек.

Бир йил аввал очилган каналнинг ҳозирда олти мингдан зиёд ўқувчиси бор.

“Лойиҳани қозоқ тилида ёзадиган журналистлар ва SMM мутахассислари учун ташкил қилганман. Чунки улар бир хил хил хато қилади. Телеграм-каналим ривожланади, деган умиддаман. Кўпчилик кутмаганди бунча одам обуна бўлишини. Аудиториямиз канал фойдали бўлишини жуда тез тушунди. Энг қувонарлиси, йирик оммавий ахборот воситалари ва нашриётларнинг директорлари ва бош муҳаррирлари барча ходимларини каналимизда рўйхатдан ўтказишди. Демак, биз тўғри йўлдамиз ва саъй-ҳаракатларимиз беиз кетмайди”, дейди муаллиф.

“ҚОЗОҚ ТИЛИ ЗАМОНАВИЙ ВА ОММАВИЙ ТИЛГА АЙЛАНИШИ КЕРАК”

“Qial Dub Studio” лойиҳаси чет эл фильмлари ва мультфильмларидан кичик парчаларга овоз бериш билан шуғулланади. Уларнинг таржималари халқ орасида “Гоблин таржимаси” деб аталади. “Qial Dub Studio” фильмлардан парчаларга овоз бераркан, уларнинг маъносини ўзгартиради ва воқеаларни жамиятдаги долзарб муаммолар билан боғлайди. Лойиҳа иштирокчиларидан бири бўлмиш Амир Ўсархон мақсадлари – “қозоқ тилидаги контентни кўпайтириш” эканини айтади.

Бугунги кунда лойиҳада бир неча киши ишламоқда: улар аудио, видео ва матнларга ишлов беришади. Ҳаммалари қозоқ тилига бағишланган чатлардан бирида танишишган. Амирнинг сўзларига кўра, гуруҳ аъзолари турли шаҳарлардан ишлашади ва бу гоҳида муайян қийинчиликлар туғдиради. Аммо гуруҳ келгусида ўз фаолиятини ривожлантириб, каттакон студия очишни режаламоқда.

“Кичик ёшимдан бир нарса ҳақида кўп ўйлардим: нега бошқа мамлакатлар фильм ва мультфильмларни ўз она тилида, биз эса бегона тилда томоша қиламиз? Эндиликда, ушбу лойиҳа ёрдамида қозоқ аудио ва видео овозлаштириш соҳаси ривожига қўлдан келганча ҳисса қўшишни истаймиз. Келгусида ишимизни кенгайтириб, тўлиқ метражли фильмларни овозлаштиришга ўтиш режамиз бор. Қозоқ тили нафақат адабий тил, балки замонавий ва оммавий тил ҳам бўлиши лозим”, орзуланади Амир.

Саҳифада янги аудиороликлар тез-тез эълон қилинмайди, аммо ҳар бир янги материал ўн минглаб маротаба томоша қилинади. Кинопарчалар долзарб муаммоларга бағишлангани сабабли видеолар остида муҳокама қизийди. Гуруҳ аъзоларига кўра, обуначилар вақти-вақти билан хайрия қилиб туришади. Лойиҳанинг шундан бошқа молиявий манбаи йўқ.

Амирнинг фикрича, қозоқча дубляж – чет тилидаги ахборотни қозоқ тилли аудиторияга етказишнинг асосий воситасидир.

“Ўз мамлакатларида туриб ахборот олиш учун одамларнинг хорижий тилларни ўрганиши шарт эмас. Дубляж биринчи галда улар учун муҳим”, дейди Амир.

КРЕАТИВ ЁНДАШУВ ВА ЯНГИ ТЕХНОЛОГИЯЛАР

Қозоғисон жамиятидаги трендларни ва ёшлар фаолиятини ўрганувчи “PaperLab” тадқиқот гуруҳи эксперти, социолог Серик Бейсембоевга кўра, бу каби гуруҳлар сўнгги йилларда Қозоғистонда бўй кўрсатаётган фуқаролар фаоллиги инъикосидир. Социолог тил кўнгиллиларини “қозоқ тили муаммоларига бефарқ бўла олмайдиган ўқимишли, саводли ва эркин фикрловчи ёшлар”, деб таърифлайди.

Унинг айтишича, фаолларнинг ҳозирги авлоди янги технологиялардан фойдаланиши ва креативлиги билан ажралиб туради.

“Оддий кўнгиллилар гуруҳлари ижтимоий тармоқлар воситасида жиддий муаммоларга ечим излашяпти. Ушбу замонавий гуруҳларнинг бирон партия ёки жамоат ташкилоти билан алоқаси йўқ. Шу боис ҳам оддий одамлар уларга қўшилмоқда, деб ўйлайман. Илгари бу қозоқ тилининг мавқеи учун курашда етарли эмасдек туюларди. Бизда кенг тарқалган тасаввурга кўра, тил муаммосини давлат ҳал қилиб бериши керак. Бу жуда заиф ёндашув. Чунки давлат, бюрократик аппарат ўлароқ муайян кўрсаткичлар учун ишлайди. Мисол учун, у йилига 20 та китоб нашр қилиб бериши мумкин. Аммо бу билан қозоқ тили ривожланиб қолмайди. Бунинг ўрнига бизга кўпроқ одамларни жалб қиладиган ва хизмати учун ҳақ олмайдиган ташаббускор кўнгиллилар зарур”, дейди эксперт.

XS
SM
MD
LG