Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 07:20

ҚҚС: Нарх-наво, шикоят, хавотир, жазава...


2019 йил 1 январдан бошлаб, Ўзбекистонда қўшилган қиймат солиғи (ҚҚС) жорий қилинди. Эндиликда товар харид қилинганда, харид чекида ҚҚС миқдори акс этмоқда. Харидорлар ҚҚС қўшилгач, нарх-наво ошиб кетаётганидан шикоят қилмоқда. Солиқ тизимидаги ҚҚС билан боғлиқ янгиликка оид тафсилотлар билан ушбу LIVE BLOG орқали танишасиз.

Мавзуга оид маълумотларингиз бўлса, Озодликка Telegram, WhatsApp орқали йўллашингиз мумкин. Рақамларимиз: +420 724 971 539; +420 724 740 755. Электрон почтамиз: ozodlikmail@gmail.com. Хабарингизга, имкони бўлса, фото, видео ёки бошқа ҳужжатларни илова қилишни унутманг!​

Озодликка келган шарҳ

"Қўшимча қиймат солиғи туғрисидаги мақолани ўқидим. Унда айтилишича, нонга қўшилмаганлиги айтилган. Лекин бугун "Макро"дан 2 та нон олдим- 2350 сўм олди. Демак, нархига қўшилганда?"

ҚҚСдан озод қилинган маҳсулотлар рўйхати

Молия вазирлиги ҚҚСдан озод қилинган маҳаллий маҳсулотлар рўйхатини эълон қилди. Бу ҳақда Sputnik нашри хабар қилди

  1. гўшт (мол, қўй, товуқ);
  2. тирик ҳайвонлар (чорва, товуқ) ва уларни сўйишдан кейинги маҳсулотлар;
  3. балиқ;
  4. картошка;
  5. пиёз;
  6. тухум;
  7. гуруч;
  8. шакар;
  9. нон маҳсулотлари (ишлаб чиқаришда ва сотишда)

Кorzinka.uz: Хавотирлар асоссиз

Йил бошида тармоқларда ҚҚС акс этган харид чеклари тарқалиб, одамлар нарх-наво ошганидан хавотир билдиришди.

Кorzinka.uz тармоғи раҳбари Зафар Ҳошимов тармоқларда тарқалган ҚҚС билан боғлиқ хавотирли шов-шувларга изоҳ берди:

"Кўпчилик фойдаланувчилар шошма-шошарлик билан буни нархларнинг устига яна 20% қўшилди, деб хато фикр юритишди.

Чекларда ҚҚС билан биргаликда инобатга олинган нархлар кўрсатилган бўлишига қарамасдан, маҳсулотларнинг умумий қиймати, шу жумладан, ҚҚС ҳам бир тийинга ошмаган".

Айни пайтда Кorzinka.uz бошлиғига кўра, нон нархида ўзгариш йўқ.

"Нон нархи таъриф бўйича ўзгаргани йўқ. У белгиланган маҳсулотлар ичида аввалдан бўлгани учун унда ҚҚС йўқ эди".

Зафар Хашимовга кўра, истеъмолчилар аввал ҳам товар нархига қўшилган ҚҚСни тўлашган. Фарқи шундаки, ҚҚС миқдори йил бошидан бошлаб харид чекида кўрсатила бошланди:

"​Энди ҚҚС 20 фоизга ошди деганлар эътиборига айтишим мумкинки, бу нарх маҳсулотни устига қўшимча қўшилгани йўқ. У аввалги каби нархни ичида. Ўйлашимча, истеъмолчилар доим маҳсулот нарх ичида солиқ тўлаб келган. Олдин бу солиқ 23 фоиз атрофида бўлган. Энди эса 20 деб кўрсатилмоқда", дея иқтибос келтиради ЎзА нашри Зафар Ҳошимовдан.

Юлий Юсупов: ҚҚС бўйича жазава бошланди

Иқтисодчи Юлий Юсупов Facebook саҳифасида эълон қилган постида ижтимоий тармоқлардаги ҚҚС бўйича бўлаётган муҳокамаларни жазава дея атади:

"Тармоқларда ҚҚС жорий этилиши чакана нархларга қандай таъсир қилиши бўйича жазава бошланди. Ушбу мавзу бўйича саводсиз фикрлаш одамни ҳайратга солмоқда. Аммо ажабланарлиси шуки, жазава ташаббускорлари одатда ўзини солиқ маслаҳатчиси деб эълон қиладиган одамлар бўлиб чиқяпти. Айни пайтда улар бир вақтнинг ўзида саводсизликни (солиққа тортиш масаласида) ва нотўғри талқин этишга мойилликни кўрсатмоқда", дея ёзади иқтисодчи.

Юлий Юсуповга кўра, ҚҚС жорий қилиниши нархлар ошишини англатмайди.

"Айрим ҳолларда эса нарх камайиши мумкин, боиси ҚҚСга ўтиш ягона солик тўлови тўлашдан воз кечишни англатади. Агар у чекларда кўрсатилмаган, боз устига, қўшимча қиймат яратилишининг аввалги босқичларида тўловлар кўрсатилмаган бўлса, бу у бўлмаганини англатмайди. Яъни, бир солиқни бошқасига алмаштириш юз берди. Баъзи ҳолларда солиқ юки (шунга қараб нарх) ошиши мумкин, баъзида у ўзгармайди, қайсидир бирида эса ҳатто камаяди", дейди иқтисодчи Юлий Юсупов.

Тармоқлардаги хавотирлардан:

ҚҚСдан "шакарчи"лар хурсанд

Президент Шавкат Мирзиëевнинг 12 декабрь кунги фармони билан импорт шакарга 20 фоизлик қўшилган қиймат солиғи (ҚҚС) жорий қилинди.

Янги фармонда 2018 йил январида шакар хом ашёси импортига берилган имтиёзлар 2020 йил 1 январига қадар узайтирилгани ҳолда¸ тайёр шакардан олиб ташланган ҚҚС қайта киритилди.

Бунинг ортидан Янги йил дастурхонига турли хил ширинлик пишириш мавсуми бошланган бир даврда Ўзбекистон бўйлаб шакар нархи кўтарилди.

Озодликда бу ҳақда эълон қилинган махсус мақолани қуйида ўқишингиз мумкин:

Шакар ишлаб чиқариш қайта тикланмоқда. Импорт шакарга 20% солиқ солинди

Ўзбекистонда арзон шакар тақчиллиги тез-тез кузатилади.
Ўзбекистонда арзон шакар тақчиллиги тез-тез кузатилади.

ҚҚС- нима?

"Солиқ плюс" нашри эълон қилган видеода берилган маълумотга кўра, Қўшилган қиймат солиғи- бу корхоналар фойдасини оширувчи ва иқтисодиётнинг барқарорлигини таъминловчи солиқдир.

​Солиқ мутахасисларига кўра, маълум тайёр маҳсулот учун қиймат яратадиган ҳар бир субъект ўзи қўшган қиймати миқдоридангина солиқ тўлайди.

ҚҚС жорий қилинди

2019 йил 1 январдан бошлаб, йиллик обороти 1 миллиард сўмдан ошган юридик шахслар қўшилган қиймат солиғини (ҚҚС) тўлайди.

Солиқ мутахасисларига кўра, ҚҚС- билвосита солиқ ҳисобланиб, ҚҚС суммаси маҳсулот қийматига киритилади ва шу боис унинг ҳақиқий тўловчиси маҳсулотни ишлаб чиқарувчи эмас, балки шу маҳсулотнинг охирги истеъмолчиси ҳисобланади.

Агар 2019 йилда корхона 1 млрд. сўмдан кам оборот қилса унинг солиқ солиш режими 2020 йилда қайта кўриб чиқилади.

XS
SM
MD
LG