Украина Москвани “Запад – 2017” қўшма стратегик ҳарбий машқларини ўтказгандан сўнг қўшинларининг бир қисмини Беларусда қолдирганини иддао қилмоқда. Украина Қуролли кучлари бош қўмондонлиги бу вазият Москва билан Киев ўртасидаги тангликни янада мураккаблаштиришидан огоҳлантирди. Бироқ Россия ҳукумати ушбу иддаони рад этмоқда.
“Запад – 2017” қўшма стратегик ҳарбий машқларда қатнашган Россия қўшинлари доимий базаларига қайтиб келди", деди Россия Мудофаа вазирлиги матбуот котиби Иигорь Конашенков, 30 сентябрь куни электрон почта орқали юборган баёнотида.
Украина Қуролли кучлари бош қўмондони Виктор Муженко 29 сентябр куни Рейтер агентлигига Москва билан Киев ўртасидаги тангликни янада мураккаблаштириши мумкин бўлган баёнот берди.
Ушбу танглик Россия 2014 йили Қримни босиб олгани ва Украина шарқидаги бўлгинчиларни қўллаб-қувватлаётгани сабаб вужудга келган эди.
14-20 сентябр куни Беларус ва Россия ғарбида бўлиб ўтган ҳарбий машқлар НАТОга аъзо қўшни мамлакатларда Москванинг ниятлари яхши эмаслигидан хавотир уйғотди. Чунки Россиянинг Қримни босиб олгани ва Украинанинг шарқий вилоятларидаги ҳарбий аралашувларидан сўнг бу давлатнинг қўшни давлатларга нисбатан ҳар қандай хатти-ҳаракати шубҳа уйғотмоқда.
Москва билан Минск ҳарбий машқларида иккала мамлакатдан 12,700 нафар ҳарбий хизматчи қатнашганини айтмоқда, аммо Ғарб мамлакатлари ҳукуматлари вакиллари қатнашчилар сони 100 минг киши бўлганини тахмин қилмоқда.
Беларус президенти Александр Лукашенко ҳарбий машқларнинг сўнгги куни уларда қатнашган Россия қўшинлари Беларусдан чиқиб кетишини айтган эди.
Беларус Мудофаа вазирлиги вакилига кўра, “Запад – 2017” машқларида қатнашган рус қўшинлари ортилган сўнгги поезд 28 сентябр куни мамлакатдан чиқиб кетган.