Линклар

Шошилинч хабар
22 феврал 2025, Тошкент вақти: 00:31

Болтиқбўйи давлатларининг Россия энерготизимидан узилиши нимани англатади?


Калининграддаги Преголский газ станцияси. 6 март, 2019 йил.
Калининграддаги Преголский газ станцияси. 6 март, 2019 йил.

8 февраль куни Литва, Латвия ва Эстония ўз мустақиллигининг ўттиз йили давомида уланган Россия энергия тизимидан (БРЕЛЛ электр ҳалқаси деб аталадиган) узил-кесил узилди. 9 февраль куни улар Европа тармоғи билан мувофиқлаштирилиб уланди. Ажралиш ҳеч қандай қийинчиликларсиз кечди. Бу Болтиқбўйи мамлакатлари ва Калининград вилоятига қандай таъсир кўрсатишини тушунтирамиз.

"Goodbye Russia, Goodbye Lenin" – шундай сўзлар билан Литва президенти Гитанас Науседа мамлакат БРЭЛЛ электр тизимидан чиқиши эълон қилинган тантанали маросимни якунлади.

Энергетика тизими нима?

Бу электр узатиш линиялари билан боғланган ва ягона марказдан бошқариладиган турли хилдаги электр станциялари гуруҳидир. Энергетика тизимлари истеъмолчиларга электр энергиясини ишончли етказиб бериш учун яратилади. Улар ёрдамида электр энергияси бир ҳудуддан иккинчисига муаммосиз узатилади.

БРЭЛЛ нима?

БРЭЛЛ электр ҳалқаси Беларус, Россия, Эстония, Латвия ва Литва энергия тизимларини бирлаштирган. У 2001 йил 7 февралдаги шартнома асосида ташкил этилган. Ўшанда мамлакатлар электр энергияси алмашиш ва фавқулодда вазиятларда бир-бирини қўллаб-қувватлашга келишиб олишган эди. БРЭЛЛ бешта мамлакат истеъмолчилари учун ток частотасини тартибга солган ва кучланиш сакрашлари олдини олган.

БРЭЛЛдан узилиш ва Европа Иттифоқи тармоғига уланиш қандай кечди?

БРЭЛЛдан узилиш Болтиқбўйи мамлакатлари учун муҳим рамзий воқеа ҳисобланади. Маҳаллий оммавий ахборот воситаларида уни совет даври якуни деб таърифлашмоқда.

Ажралишдан 100 кун олдин Вилнюсда ҳатто вақтни тескари ҳисоблайдиган соатлар ўрнатилган эди.

"Биз Россияни энергия тизимидан геосиёсий тазйиқ воситаси сифатида фойдаланишининг ҳар қандай назарий имкониятидан маҳрум қилдик," деди энергетика вазири Жигимантас Вайчюнас 8 февраль куни бўлиб ўтган маросимда.

Болтиқбўйи давлатлари 1991 йилда СССРдан мустақилликларини эълон қилган бўлса-да, электр тармоғидан ажралиш мураккаб техник жараён бўлиб, кўп вақт талаб қиларди. Узилишга тайёргарлик кўриш учун 18 йил ва бир ярим миллиард евродан ортиқ маблағ сарфланди. Россиянинг Украинага босқини бу жараённи тезлаштирди.

Ажралишдан олдин Европа Иттифоқи билан алоқа ўрнатиш – қуруқлик орқали Польшага ва Болтиқ денгизи туби орқали Скандинавия мамлакатларига янги кабеллар ётқизиш зарур эди.

2022 йилда Литва, Латвия ва Эстония Россиядан электр энергияси сотиб олишни тўхтатди. 2024 йил ёзида эса Россия ва Беларусни БРЭЛЛдан ажралиш режалари ҳақида хабардор қилишди.

8 февраль куни эрталаб соат 6 атрофида Литва ва Калининград вилояти ўртасидаги электр узатиш линиялари узилди. Кейин Литва ва Беларус, Латвия ва Россия, Эстония ва Россия ўртасидаги линиялар узиб қўйилди.

9 февраль куни Болтиқбўйи электр тармоқлари Польша орқали Европа Иттифоқи тармоғи билан синхрон ишлаш режимига ўтди.

Болтиқбўйи мамлакатлари аҳолиси учун нима ўзгаради? Электр энергияси қимматлашадими?

БРЭЛЛдан узилиш ва кейинчалик Европа Иттифоқи тармоғига уланиш Болтиқбўйи мамлакатлари аҳолисига таъсир кўрсатмади, уларнинг электр тизими барқарор ишлаётганини Эстониянинг Elering энергетика компанияси маълум қилди.

DW билан суҳбатда Латвия энергетика вазири Каспарс Мелнис БРЭЛЛдан чиқиш мамлакатдаги электр энергияси нархларига таъсир этмаслигини айтди. Бундан ташқари, яқин келажакда пайдо бўладиган янги қайта тикланадиган энергия манбалари йил охиригача нархлар пасайишига олиб келиши мумкинлигини таъкидлади.

Зимистон: Газ импорти уч баравар ошди, аммо аҳолига ҳануз газ йўқ
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:30:42 0:00

Бу Россия учун оғриқли жараёнми?

Россия Энергетика вазирлиги 8 февралдан бошлаб Калининград вилоятининг энергия тизими мустақил режимда ишлаётганини маълум қилди.

Ҳокимият вакиллари маълумотларига кўра, Россия ҳудудларини таъминлаш барқарорлигига путур етмаган, иш фаолияти бузилиш хавфи йўқ. Бу тахминан 10 йил давомида олиб борилган тайёргарлик ишлари туфайли амалга оширилгани таъкидланмоқда.

«Калининград вилоятида Калининград ИЭС-2, Маяковская ИЭС, Талаховская ИЭС, Преголская ИЭС, Приморская ИЭС, Гусевская иссиқлик электр станцияси, "Атлас-Маркет" МЧЖнинг 10-иссиқлик электр станцияси, иккита кичик гидроэлектр станция - Правдинская ГЭС-3 ва Озёрская ГЭС ҳамда битта шамол электр станцияси – Ушаковская ШЭС мавжуд. Уларнинг белгиланган қуввати минтақанинг электр энергиясига бўлган эҳтиёжини узлуксиз таъминлаш учун етарли, – деди Sever.Realii нашрига "ЕЭС Россия" компанияси собиқ ходими ва энергетика соҳасидаги аноним қолишни истаган эксперт.

Бироқ, унинг сўзларига кўра, иссиқлик электр станциялари ва иссиқлик электр марказларида ишлаб чиқарилган электр энергияси таннархи АЭС ва ГЭСларникига қараганда анча юқори.

«Калининград вилояти узиб қўйилиши истеъмолчилар учун нархларни умумроссия даражасида ушлаб туриш учун дотациялар ажратиш заруратига олиб келади ёки таннарх ўсишини уларнинг зиммасига юклайди. Эҳтимол, харажатларни бюджет қоплайди. Бундан ташқари, технологик жиҳатдан диспетчерлик ва ишлаб чиқариш корхоналарининг иш режимларини бошқариш бироз мураккаблашади, аммо бу тўлиқ ҳал қилинадиган вазифа», дейди таҳририят суҳбатдоши.

Беларус-чи?

Беларус энергетика тизими Россия энергетика тизими билан синхрон ишлашда давом этмоқда.

Sever.Realii суҳбатдоши фикрича, Беларус учун ҳеч нарса сезиларли даражада ўзгармайди, чунки у сўнгги йилларда Литвадан электр энергияси олмаган.

«Ҳар қандай тизимнинг ташқи ресурслардан фойдаланиш имконияти қанчалик кенг бўлса, унинг умумий барқарорлиги шунчалик юқори бўлади. Шу нуқтаи назардан, Болтиқбўйи давлатлари ҳам, Беларус ҳам, Россия ҳам – барчамиз озгина йўқотамиз», деб ҳисоблайди эксперт.

Форум

XS
SM
MD
LG