Линклар

Шошилинч хабар
28 ноябр 2024, Тошкент вақти: 13:00

Москва вилоят суди биносида уч судланувчи отиб ўлдирилди (ВИДЕО)


"ГТА тўдаси" аъзоларидан бири эканлиги айтилаётган тожикистонлик Абдумуқим Мамажонов.
"ГТА тўдаси" аъзоларидан бири эканлиги айтилаётган тожикистонлик Абдумуқим Мамажонов.

1 август куниМосква вилоят судида “ГТА тўдаси” иши юзасидан кўрилаётган маҳкама жараёнида бир неча марта ўқ узилиб, уч судланувчи отиб ўлдирилди. Россия Тергов қўмитасига кўра, айбланувчилар лифтда соқчиларга ташланиб, уларнинг қуролини тортиб олмоқчи бўлган. Мособлсуд биносидан ишчи-хизматчилар эвакуация қилинди.

“ГТА тўдаси” иши юзасидан 9 нафар марказий осиёлик, хусусан ўзбекистонлик муҳожир маҳкамага тортилгани маълум.

Россия Тергов Қўмитаси расмий хабарига кўра, беш нафар судланувчи лифтда икки қўриқчига ташланиб, уларнинг қуролларини тортиб олмоқчи бўлган.

- Дастлабки тергов хулосасига кўра, соат 13:50 ларда икки нафар конвой ходими “ГТА тўдаси” иши юзасидан 5 судланувчини кузатиб бораётган бўлган. Судланувчилардан бири қўриқчига ташланиб, уни бўға бошлаган. Натижада судланувчилар кишанлардан халос бўлиб, конвойчилар қуролларини эгаллаб олди. 3 қаватда жиноятчиларни Росгвардия жангчилари кутиб олди ва юзага келган отишма натижасида Росгвардия ходимларидан бири елкасидан яраланди, уч нафар судланувчи йўқ қилинди, яна иккита судланувчи оғир жароҳатлар билан госпитализация қилинди, дейилади Тергов қўмитаси расмий хабарномасида.

“ГТА”чилардан бирини ҳимоя қилаётган адвокат Софья Рубасская бинода 20 яқин ўқ овози эшитилганини ёзди.

Лифт ичида бўлган соқчилар ҳам турли оғирликда жароҳатлар олгани ва шифохонага олиб кетилгани, конвойчи аёл ҳозирда терговчиларга кўрсатма бераётгани маълум бўлди.

Москва вилоят бўйича Тергов қўмитаси суд биносида ўқ отилгани юзасидан Россия ЖК 317 (ҳуқуқ мухофазаси идораси ходими ҳаётига тажовуз), 226 (қурол-аслаҳа, портловчи модда ва портловчи мосламаларни ўғирлаш) ва 313 (ҳибсдан қочишга уриниш) моддалари асосида жиноий иш очганини маълум қилди.

Москва вилоят судидан эвакуация қилинган барча ишчи-хизматчилар яна иш жойларига қайтарилгани маълум бўлди.

“ГТА тўдаси” иши 2016 йилнинг август ойидан буён Москва вилоят судида кўриб чиқилмоқда.

Марказий Осиё давлатларининг 9 ватандоши Калуга ва Москва вилоятларида М-4 “Дон” трассасида ҳайдовчиларга қурол билан ҳужум қилганликда, йўловчилардан 17 нафарини ўлдирганликда айбланмоқда.

Россиялик терговчилар “ГТА тўдаси"нинг Ўзбекистон Исломий ҳаракатига алоқадорлигини ўрганаётгани тўғрисида Озодлик олдин хабар берган.

Россия махсус хизматлари мазкур жиноий иш юзасидан Ўзбекистон, Тожикистон, Қирғизистон ва Туркманистон ватандошлари жавобгарликка тортилганини маълум қилган эди.

“ГТА тўдаси" иши юзасидан Ҳазратхон Додохонов, Ҳолиқ Субҳонов, Анвар Улуғмуродов, Фазлиддин Ҳасанов, Шерзоджон Қодиров, Мирзомавлон Мирзошарипов, Абдумуқим Мамажонов, Умар Ҳасанов ва Зафаржон Ғуломовлар жавобгарликка тортилган.

Изқуварлар “ГТА бандаси” 2012 йилда Убайдулло Субҳонов томонидан тузилганини иддао қилмоқда. Субҳонов 2014 йилнинг ноябрида махсус амалиёт пайтида полициячилар томонидан отиб ўлдирилган эди.

Терговчилар жиноий гуруҳ аъзолари автомобил йўлга симтикан тортиб, баллони тешилиб тўхтаган машинадаги йўловчиларни автоматик қуролдан отиб ташлаганликда айбламоқда.

XS
SM
MD
LG