Линклар

Шошилинч хабар
01 январ 2025, Тошкент вақти: 14:45

YouTube ва мессенжерсиз ҳаёт. Россияликларни янги йилда нималар кутмоқда?


Россия, интернет, матбуот.
Россия, интернет, матбуот.

Россия ҳукумати мамлакатни глобал интернетдан узишда давом этмоқда. Аксар ҳудудларда YouTube’га уланиб бўлмайди, уланган тақдирда ҳам видео томоша қилиш имкони йўқ. Энди эса, “Коммерсант” хабар қилишича, Роскомнадзор мессенжерларда қўнғироқларни тақиқлаш билан россияликларни фирибгарлардан “ҳимоя қилиш”га қарор қилган.

Қўмитанинг ўзи бу маълумотни ҳозирча тасдиқламади. Mediascope маълумотига кўра, Россияда энг оммалашган уч мессенжер WhatsApp (67 фоиз фойдаланувчи), Telegram (49 фоиз) ҳамда Viber (26 фоиз) ҳисобланади.

“Биз мессенжерлар орқали қўнғироқ қилишни чеклай оламиз. Мессенжер ишлайди, лекин ундан қўнғироқ қилиб бўлмайди. Бу қўлланиши мумкин бўлган қаттиқ чоралардан бири”, деган эди аввалроқ Роскомнадзор раҳбари.

13декабр куни Россия ҳудудида Viber’га уланиш чекланди. Ҳукумат иддаосича, ушбу сервис “унинг террорчилик ва экстремистик мақсадларда, фуқароларни ёвуз ишларга ёллашда ва гиёҳванд моддалар савдосида” қўлланишига йўл қўйиб берган. “Чекланди” дейилган бўлса-да, мессенжерни бутунлай блоклаб қўйишди: фойдаланувчилар хабарлар келиши тўхтагани ва хабар жўнатиб бўлмаётганидан шикоят қилишмоқда. Айримларда эса Viber иловаси ҳатто очилмаяпти.

Москвада Интернет эркинлиги чекланишига қарши митинг бўлиб ўтди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:30 0:00

“Россия ҳукуматининг хатти-ҳаракатларида мантиқ излайдиган бўлсак, уларнинг ғояси мазмуни шуки, Россия Федерацияси ҳудудида Россия махсус хизматлари назорат қилмайдиган рақамли коммуникация воситаси бўлмаслиги ва улар ўқий олмайдиган ахборот тарқалмаслиги керак. Россия давлати ўз ҳудудида интернет орқали бўладиган мулоқотларни тўла-тўкис назорат қилишни истайди”, дейди “Новая газета. Европа” бош муҳаррири Кирилл Мартинов.

Дунё билан алоқани сақлаб қолиш учун экспертлар россияликларга ўз қурилмаларига VPN ўрнатишни маслаҳат беришади, бироқ ҳукумат чекловлар тактикасини ўзгартиргудек бўлса, ушбу технология ҳам бефойда бўлиб қолиши мумкин.

“Россия секин-аста Эрон-Туркман сценарийсига ўтяпти, деган қаттиқ хавотирлар бор. У қора рўйхатлар концепциясига эмас, балки оқ рўйхатлар концепциясига таянади. Яъни тақиқланмаган ҳамма нарса мумкин. Мамлакатда қўлланаётган барча тармоқ манзиллари уч блокка бўлинган: миллий ширкатларга тегишли оқ IP-манзиллар, чет эл ширкатларига тегишли дейиладиган “кулранг манзиллар” ҳамда “қора манзиллар”. Эрон-Туркман сценарийсида улар ишламайди, VPN ҳам унча самара бермайди, чунки исталган сервер орқали уланиб бўлмай қолади. Муаммога бошқа техник усуллар ёрдамида ечим топиш мумкин. Аммо булар бари трансчегаравий уланишда, чет элга ахборот узатиш ва қабул қилишда кўплаб қийинчиликлар туғдиради”, дейди киберюрист Саркис Дарбинян.

“Рус генералининг ўлими ортидан Россиядаги муҳожирларга босим кучаяди” – ҳуқуқ ҳимоячиси
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:42 0:00

Унинг фикрича, 2025 йилда Россия ҳудудида оммабоп мессенжерларнинг аксари ишлашдан тўхтайди. Дарбинянга кўра, Россия ҳукумати сўнгги бир неча йил давомида блоклаш ва тезликни пасайтириш устида тажрибалар ўтказгач, “бунақа ишлар аҳолини ранжитади, лекин очиқ норозиликка олиб келмайди”, дея хулоса ясаган. Қолаверса, Кремл маҳаллий аналоглар блокланган ресурслар ўрнини босади, деб ўйламоқда.

“Афтидан, ҳукумат Rutube билан VK-видео – YouTube ўрнини бемалол босади, Mail.ru Group’дан сотиб олинган ICQ мессенжери эса Telegram ва WhatsApp’га ажойиб муқобил деб ишонади. Яъни Кремл назарида глобал интернетдан узилиш учун ҳамма нарса тайёр. Менимча, бир неча йиллик синовлардан сўнг юқорида қандайдир сиёсий қарор олинган”, дейди Саркис Дарбинян.

Форум

XS
SM
MD
LG