Россияда 2024 йилда истеъмол инфляцияси 10 фоиздан паст бўлди ва бу аксар прогнозлардан яхшироқ кўрсаткич. Бироқ озиқ-овқат, дори-дармон ва бензин нархларидаги икки рақамли ўсиш кам даромадли россияликларга зарба берди. Узоқ фойдаланишга мўлжалланган товарлар эса нархи унчалик ошмаганига қарамай, кредитлар фоизи юқорилиги туфайли аҳолининг катта қисми учун янада қимматлашди.
Росстат 2024 йилги расмий истеъмол инфляциясини 9,52 фоиз деб эълон қилди. Статистика идораси “қаттиқ ишлаган”га ўхшайди, чунки йил тугашидан бир ҳафта олдин оператив маълумотлар каттароқ рақамни кўрсатганди. Иқтисодий тараққиёт вазирлиги 23 декабрда йиллик инфляцияни 9,7 фоиз дея баҳолаган.
Таҳлилчилар фоиздаги улушлар қаерга ғойиб бўлгани билан қизиқмай, шунчаки рақамлар кутилганидан яхшироқ чиққанига хурсанд бўлишди. Кимлардир “нарх-наво ўсиши тўхтади ва феврал ойи ўрталарида Россия банкининг директорлар кенгаши ставкани шу даражада қолдиради, ҳатто жиловни секин-аста бўшаштирса ҳам ажаб эмас”, дея хулоса қилишга шошилди.
Бироқ айрим тоифадаги товарларга эътибор берадиган бўлсак, манзара айтилаётгани каби гўзал эмаслигини кўрамиз. Озиқ-овқат маҳсулотлари 11,05 фоизга, хусусан мева-сабзавот 22,09 фоизга ошган (ушбу тоифага кирувчи картошка эса 90,6 фоизга қимматлаган); сариёғ нархи 36,23 ва писта ёғиники 12,69 фоизга кўтарилган бўлса, музлатилган балиқ 17,48 фоизга, сут ва сут маҳсулотлари 15,74 фоизга, нон ва нон маҳсулотлари 13,22 фоизга ошган.
Хизматлар ҳам сезиларли даражада – 11,52 фоизга қимматлашган, инфляция бўйича “мақбул” натижага эса ноозиқ-овқат товарлари нархларидаги камтарона ўсиш ҳисобига эришилган: Росстат қайдларига кўра, ушбу тоифадаги товарлар баҳоси 6,12 фоизга ошган. Аммо бу тоифа ичида икки рақамли ўсиш кўрсатган товарлар гуруҳлари бор: булар дори-дармон (10,61 фоиз) ва бензин (11,13 фоиз). Айни чоғда “телерадиотоварлар” деб аталувчи гуруҳ атиги 2,19 фоизга қимматлашган.
Тенденция яққол кўриниб турибди: музлаткичга солинадиган нарсалар катта фарқ билан олдинда, “телевизор” орқада қолиб кетган.
Бунинг бир неча сабаби бор. Биринчидан, ноозиқ-овқатларнинг катта қисми – узоқ муддат фойдаланишга мўлжалланган товарлар (маиший техника, радиотелетоварлар, автомобиллар) нархи кўп ошмади. Шунга қарамай, улар россияликлар учун янада қиммат бўлиб қолди. Чунки йиллаб хизмат қиладиган қимматбаҳо буюмларни ҳатто ўртача даромадли одамлар ҳам одатда кредитга харид қилишади. Истеъмол ёки автомобил кредитига хизмат кўрсатиш қийматини харидор янги музлаткич ёки автомобил сотиб олиш учун тикадиган суммага қўшадиган бўлсак, ўсиш ҳатто 2023 йилга қиёсан ўнлаб фоизни ташкил қилмоқда – ҳозирда Россияда кредит анча қимматлашган.
Иккинчидан, реал даромади пасаяётган одамлар озиқ-овқат, бензин, дори-дармон ва коммунал тўловлардан энг охирида воз кечишмоқда. Ушбу тезис Россия уй хўжаликларининг харажатлари таркибига доир статистика чиққач, ўз тасдиғини топади. Лекин Россиядаги аксар оилаларда озиқ-овқат харажатлари ошганига ҳозир ҳам шубҳа қилмасангиз бўлади. Ва бу ўсиш кийим-кечак, поябзал ва узоқ фойдаланиладиган товарлар харажатларини қисқартиради. Қолаверса, 2024 йилда Россияда аксар уй хўжаликларининг даромади камайганини ҳам назардан қочирмаслик керак.
Пенсиялар марказлаштирилган тарзда индексация қилинаётгани боис пенсионерларга осонроқ. Аммо индексация расмий инфляция даражасига етолмагани таҳлилчиларнинг эътиборини тортди. Россия банклари ассоциацияси январдаги ҳисоботида 2024 йилда Россияда тайинланадиган пенсияларнинг реал (яъни инфляцияга мосланган) миқдори ўтган йилгига нисбатан 1,3 фоизга камайганини қайд этмоқда. Макроиқтисодий таҳлил ва қисқа муддатли прогнозлаш марказининг хулосаси ҳам шунга ўхшаш: уларнинг баҳолашича, пенсияларнинг реал миқдори 1,5 фоизга камайган.
Айни чоғда Марказ мутахассислари пенсионерларнинг фаровонлиги қанчалик ўзгаргани ҳақидаги хулоса янада аниқ бўлиши учун “камбағаллар инфляцияси”ни қўллаш тўғрироқ бўлади, дея таъкидлашмоқда. “Камбағаллар инфляцияси” энг зарур озиқ-овқат маҳсулотлари тўплами, дори-дармон, кир ювиш воситалари, коммунал хизматлар ва транспорт харажатларини ўз ичига олувчи истеъмол саватчасидан келиб чиқиб ҳисобланади. “Камбағаллар инфляцияси” эса ўшандаёқ расмий инфляциядан тахминан 1,5 баравар юқори бўлиб, пенсиядан йўқотишлар қарийб 5 фоизни ташкил қиларди. Бу Марказ таҳлилчиларига кескин манфий ижтимоий эффект ҳақида ёзишга асос бўлди.
“Инфляция солиғи” бу уруш ва ҳарбий саноатни молиялаш усули эканини ҳисобга олсак, ҳарбий ҳаракатларда ёки ҳарбий бюджетни ўзлаштиришда тўғридан-тўғри иштирок этмаётганлар ўз турмуш даражаси ёмонлашиши билан товон тўлайди, деган тезис тўғрилигига амин бўламиз. Боз устига, бу камбағалларга борган сари оғир юк бўлмоқда. Бу қатламга пенсионерлардан ташқари, ижтимоий нафақага суяниб қолган кўплаб оилаларни, шунингдек шифокорлар, ўқитувчилар, кутубхоначилар ва бошқа “тинч” касб эгаларини киритиш мумкин.
Хуллас, Росстат маълумотларига диққат билан қаралса, ҳаёти гўёки фаровонлашиб бораётгани айтилаётган россияликлар озиқ-овқатдан бошқа ҳамма нарсадан пулни тежай бошлаганини пайқаш қийин эмас.
Форум