Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 02:12

Россиянинг бахтсиз клуби: Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти


Ўтиб бораётган йил Россия етакчилигидаги ҳарбий блок - Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти (КХШТ) учун машаққатли бўлди.

Блок қўшинлари январь ойида Қозоғистонда мисли кўрилмаган сиёсий тартибсизликларни бостириш учун сафарбар қилинди.

Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тўқаев давлат тўнтариши уринишини тўхтатиб қолиш учун КХШТ қўшинлари мамлакатга киритилишини сўради.

Бундан олдин КХШТ бирор марта жамоавий мудофаа механизмини ишга солмаган эди.

Орадан бир йил ҳам ўтмай, Россиянинг Украинага агрессияси фонида бир вақтлар Евросиёнинг НАТОга жавоби ўлароқ кўрсатилган блок мушкул дамларни бошидан кечирмоқда.

Кремлнинг блокдаги беш ҳамкоридан биргина Беларусь Россия 24 февралда бошлаган асоссиз агрессиясини дастаклаб келади.

Айни дамда, КХШТнинг Россияга энг кўп қарам бўлган икки аъзоси – Қирғизистон ва Арманистон тегишли равишда Тожикистон ва собиқ аъзо Озарбайжон билан чегарадаги зўравонлик чоғида блок бирор чора кўрмаганидан ғазабланди.

Ўтган ҳафта Қирғизистон ўз ҳудудида «Бузилмас биродарлик» номи билан 10–14 октябрь кунлари бўлиб ўтиши керак бўлган КХШТ ўқув машғулотларини бекор қилди.

Бундан аввалроқ Қирғизистон президенти Садир Жапаров Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги (МДҲ) аъзоларининг Санкт-Петербургда президент Владимир Путиннинг 70 ёшга тўлиши муносабати билан ўтказилган йиғилишига бормаганди.

Рус депутати Константин Затулин Россия матбуотига берган интервьюсида машғулотларнинг бекор қилинганини ҳақида сўзлар экан, Қирғизистонни «ўйнашишда» ҳамда «Ғарб санкцияларидан қочишга» уринишда айблади.

Аммо Затулин Қирғизистоннинг хатти-ҳаракати на санкцияларга, на Россиянинг Украинадаги ҳарбий муваффақиятсизликларига алоқадир эмаслигини яхши билса керак.

Ўтган ой Қирғизистон ва Тожикистон ўртасида содир бўлган қуролли тўқнашувларда 100 га яқин одам ҳалок бўлди. Қирғизистон пойтахти Бишкекдаги йирик хусусий ахборот агентликлари Душанбенинг ҳаракатларини «босқин» дея баҳолади.

Қирғизистонликлар эса ижтимоий тармоқларда чегарадаги тўқнашувларда Москва қўли борлигини тахмин қилишди. Ўша пайтда президенти Жапаров бу фикрни кескин танқид қилди.

Аммо 4 октябрь куни Тожикистон президенти Имомали Раҳмон 70 ёшини нишонлаётгани муносабати билан Путин уни «минтақавий барқарорлик ва хавфсизликни таъминлагани учун» нуфузли мукофот билан тақдирлаганига Бишкек тезкорлик билан муносабат билдирди.

Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Чингиз Кустебаев Facebookда «Тожикистон раҳбарияти ҳаракатлари йилдан-йилга... Марказий Осиё мамлакатлари халқлари ўртасидаги тинчлик ва тотувликка путур етказиб бораётган бир пайтда қандай минтақавий хавфсизлик ҳақида гап бориши мумкинлиги қизиқ», деб ёзди.

Кустебаев, шунингдек, Раҳмон ўтган йили навбатдаги қонли чегара тўқнашувидан кейин Путиндан мукофот олганини эслатди.

Бишкекдаги Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти академияси тадқиқотчиси Айжан Шаршенова Озодлик билан суҳбатда Путин Раҳмонни мукофот билан тақдирлаганидан кейин кўпчилик қирғизистонлик Кремль можарода бир тараф ёнини босаётганини хулоса қилганини айтди.

10 октябрь куни бош вазир ўринбосари Эдил Байсалов қирғиз жамоатчилиги тожик қўшинлари билан қирғиз тупроғида ҳарбий машғулот ўтказилишини ҳазм қила олмаслигини таъкидлади.

Бунга қарамай, Байсалов Бишкекнинг КХШТга аъзолиги «мутлақо бузилмас» эканлигини қўшимча қилди.

КХШТ тарихи 1990 йиллар бошида тузилган Коллектив Хавфсизлик Шартномасига (КХШ) бориб тақалади. Ўшанда блокка ҳозирги олти аъзо мамлакатдан ташқари Озарбайжон, Грузия ва Ўзбекистон аъзо бўлган. Аммо 2002 йилда КХШ КХШТга айланганида бу уч мамлакат аъзоликдан чиққан.

Марказий Осиёнинг энг йирик доимий армиясига эга Ўзбекистон 2005 йилда блокка қайта қўшилди, бироқ етти йилдан кейин яна чиқиб кетди. Ўтган ҳафтада Тошкент блокка аъзо бўлишни қайта кўриб чиқиш нияти йўқлигини маълум қилди.

Блокни тарк этадиган навбатдаги мамлакатлар Арманистон ва Қозоғистон бўлиши тахмин қилинмоқда.

Остона январь ойида КХШТ ҳарбий аралашувидан фойда кўрганига қарамай, Украинадаги воқеаларни чуқур хавотир билан кузатмоқда.

Қозоғистон Россия билан 7 644 километрлик умумий чегарага эга. Айрим рус сиёсатчилари Қозоғистон Украина уруши масаласида нейтрал позицияни танлаганини танқид қилиб келаётгани Остона хавотирларини янада кучайтирди.

Ўтган Москва ҳарбий сафарбарлик эълон қилиши ортидан Остона ҳатто Россия билан чегараси яқинида мудофаа машқларини ўтказди.

Аммо Қозоғистон расмийлари мамлакат блокда қолишини тасдиқладилар. 12 октябрь куни мудофаа вазири Руслан Жақсилиқов журналистларга берган интервьюсида КХШТ «инқироз»га учраганини инкор қилди.

Эҳтимол, аъзо мамлакатлар орасида Арманистон бош вазири Никол Пашиняннинг блокдан энг кўп умиди сўнган.

Ўтган ой Ереван Озарбайжон билан шиддатли тўқнашувлар чоғида блок шартномасининг жамоавий мудофаани тартибга солувчи 4-моддасини қўзғатди. Икки мамлакат ўртасида 2020 йилда содир бўлган урушда Арманистон Тоғли Қорабоғнинг бир қисми ва унга туташ етти туман устидан назоратни йўқотганди.

13–14 сентябрь ва 28 сентябрь кунлари содир бўлган тўқнашувларда жами 200 дан ортиқ аскар ҳалок бўлди.

Аммо Арманистоннинг ёрдам сўраб қилган мурожаатига ҳеч қандай жавоб бўлмади – КХШТ минтақага қўшин юборишдан бош тортди.

Сентябрь ойи охирида Пашинян мамлакат блокдан чиқиши мумкинлиги ҳақидаги саволларга тўхталар экан,

«Бунинг тескарисини айтаман: КХШТ Арманистондан чиқиб кетиш хавфи бор», – деди.

Арманистонлик хавфсизлик бўйича таҳлилчи Леонид Нерсисян Озодлик билан суҳбатда Ереван блокдан чиқиш келтириб чиқарадиган «салбий оқибатларини бартараф этиш йўлини топмаса», КХШТдан чиқиши даргумон эканлигини айтди.

Мақола оригинали билан мана бу линк орқали танишишингиз мумкин.

Форум

XS
SM
MD
LG