Линклар

Шошилинч хабар
18 январ 2025, Тошкент вақти: 01:52

"Кунимиз нон-сувга қолган”. Россия қамоқхоналарида сақланаётган мигрантлар


Сахарово миграция маркази. Москва, 22 апрель, 2015 йил
Сахарово миграция маркази. Москва, 22 апрель, 2015 йил

Россия қамоқхоналарида депортацияни кутаётган ўнлаб марказий осиёлик мигрантларни фақат нон-сув билан боқишяпти. Улар, мигрантларни сақлашга мўлжалланган махсус марказларда жой йўқлиги сабабли қамоқхоналарда тутиб турилмоқда.

Ўтган йили “Крокус Сити Холл” концерт залида содир бўлган теракт ортидан Россия бўйлаб оммавий рейдлар ўтказилиши натижасида мигрантларни сақлаш марказлари тўлиб-тошган. Эслатиб ўтамиз, ўша терактда марказий осиёликлар, хусусан Тожикистон фуқароларини айблашган эди.

Свердловск вилоятида мигрантларни сақлаш марказлари тўлиб кетгани учун, депортация қарорини кутаётган мигрантларни энди қамоқхоналарга жойлаштира бошлашди.

Қамоқхоналарда эса озиқ-овқат етишмайди, марказий осиёлик мигрантлар сақлаш шароити ёмонлигидан норози бўлишмоқда.

“Бизни [Свердловск вилояти] Первоуралск тумани қамоқхонасига [2024 йил] 26 декабрда олиб келишган эди, ўшандан бери иссиқ овқат еганимиз йўқ, – дейди 10 январ куни Озодлик билан анонимлик шартларида телефон орқали гаплашган мигрант. – Ҳамма нарса тақиқланган, ҳатто “Ролтон” ва “Доширак”лар ҳам. Кунимиз нон-сувга қолган!”

Айни пайтда Свердловск вилояти қамоқхоналарида тутиб турилган марказий осиёликларнинг аниқ сони маълум эмас. Бироқ Озодлик билан сўзлашган бир неча мигрант 2024 йилнинг декабр ойи охирида ўтказилган оммавий рейдлар чоғида юзлаб чет элликлар ушланганини айтишди.

2024 йилнинг мартида Москва вилоятидаги “Крокус Сити Холл”да содир бўлган теракт 140 кишининг умрига зомин бўлди. Тожикистоннинг бир неча фуқароси ушбу ҳужумга алоқадорликда гумон қилиниб қўлга олинган.

Свердловск вилояти қамоқхоналарида сақланаётган мигрантларнинг аксари Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистон фуқароларидир. Улар миграция қоидаларини бузишда гумон қилиниб ушланганларини айтишмоқда.

Россия қонунчилигига кўра, миграция қоидаларини бузган чет элликлар суд уларнинг ишлари бўйича қарор чиқаргунча ёки депортация санаси аниқ бўлгунича мигрантларга мўлжалланган махсус марказларда сақланиши керак.

2025-йилдан бошлаб Россияда визасиз юриш муддати қисқартирилди. Муҳожирларни яна қандай ўзгаришлар кутмоқда?
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:52 0:00

Озодлик суҳбатлашган мигрантлардан бири 2024 йил 26 декабрда яшаш рухсатномаси муддати тугаганини айтади. Уни ўша куниёқ полиция ушлабди. Исмини очиқламасликни сўраган мигрант ҳужжат муддатини вақтида узайтирмаганини тан олади.

Бироқ Озодлик билан боғланган бошқа бир неча мигрант уларни сабабсиз қўлга олишганидан шикоят қилишди.

Қамоқ камераси

Озодлик суҳбатдошлари ўзлари турган камерада олинган видеоёзувларни юборишди. Кадрларда деворлари кир, ягона дарчаси темир панжара билан тўсилган кичикроқ хонани кўриш мумкин. Хонада жиҳозлардан – қўшқават каравотлар, битта стол ва ўриндиқлар бор. Бурчакда, пастак девор билан тўсилган ҳожатхона ёнида раковина жойлашган.

“Айримларнинг Россияда оиласи бор. Уларнинг хотинлари сомса, ош ва бошқа егуликлар олиб келишган экан. Назоратчилар ўтказишмади. Бу ер мигрантларни сақлаш маркази эмас, қамоқхона, дейишди. Биз: “Хўп, майли, лекин биз жиноятчи эмасмиз-ку”, деб эътироз қилдик. Қаёқда, қулоқ солишмади”, нолийди мигрантлардан бири.

Свердловск вилояти маъмурий маркази бўлмиш Екатеринбургдаги Тожикистон консуллиги вакили махсус марказларда жой йўқлиги сабабли кўплаб мигрантлар қамоқхоналарда сақланаётгани ҳақидаги хабарларни тасдиқлади.

“Бу муваққат чора. Вақтинча сақлаш марказлари бўшаши билан уларни ўша ёққа ўтказишади”, дейди Свердловск вилоятидаги мигрантларга кўмаклашиш мақсадида консуллик билан тожик диаспораси томонидан ташкил этилган Жамоатчилик кенгаши раисининг ўринбосари Ёқубжон Умаров.

Россия ҳукумати “Крокус” терактидан атиги тўрт ой ўтиб, асосан Тожикистон, Ўзбекистон ва Қирғизистон фуқароларига қарши қаратилган аксилмигрант кампания доирасида депортация қилинган ва мамлакатга кириши тақиқланган мигрантлар сони рекорд даражада ошганини маълум қилди.

2024 йилнинг январ–июл ойларида 143 мингдан зиёд одамнинг Россия киришига рухсат берилмади, қарийб 93 минг киши мамлакатдан депортация қилинди. Бу 2023 йилга оид расмий кўрсаткичлардан сезиларли даражада юқори.

Форум

XS
SM
MD
LG