Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 18:34

Муҳожирлар Москвадаги концертга чипталар мажбурлаб сотилганидан шикоят қилди


Москвадаги Шереметьево аэропорти янги терминали қурилишида ишлаётган бир гуруҳ ўзбек муҳожирлари ўзбекистонлик хонанда Муродбек Қиличевнинг концертига чипталар мажбурлаб сотилганини Озодликка хабар қилди. Концертнинг Москвадаги ташкилотчилари юзлаб чипта ўртакаш фирмалар томонидан тарқатилгани ва уларнинг мажбурлаб сотишга алоқаси йўқлигини гапирмоқда. Хонанда Муродбек Қиличевнинг Ўзбекистондаги маъмури Озодлик мухбиридан Москвадаги концертга чипталар мажбуран сотилганига оид саволни эшитгач, "кейинроқ суҳбатлашишни" таклиф қилиб, алоқани узиб қўйди.​

Жорий йилнинг 30 июл куни ўзбекистонлик хонанда Муродбек Қиличев Москванинг Измайлово залида концерт берди.

Жойларининг 90 фоизи муҳожирлар билан тўлган “Измайлово” концерт залида томоша якшанба куни соат 15:00 да бошланди.

Озодликка Москвадан мурожаат қилган муҳожирлар бу концертга чипталар улар ишлаётган қурилиш ширкати бошлиқлари томонидан 600 рублдан мажбурлаб сотилганини гапириб берди.

Ўзини Мансур, деб таништирган муҳожир йигит чипталар Шереметьево аэропортидаги “Ренессанс Констракшн” томонидан қурилаётган турк фирмасида ишлаётган ўзбекларга мажбурлаб сотилганини маълум қилди.

- Мен турк фирмасида, Шереметьево аэропорти қурилишида ишлайман. Бизда турк, ўзбек халфалари, яъни бригадирлари бор. Ўзбек бригадирлар бригадасидаги болаларга мажбурлаб 600 рублдан билет сотишди. Ғулом Бекжонов, Мақсуд Ибрагимов деган бригадирлар ишчиларига “Шу билетни оласан, ойлигингдан қайтариб қолади – 600 рубл, концертга боришинг керак! Ё оласан, ё ишдан чиқасан”, деб қўрқитиб, билетларни сотишди. Камида 200 болага сотди,- деди ишчи йигит.

Суҳбатдош билетларни ишчиларга сотиш мажбурияти ўзбекистонлик бригадирларнинг шахсий буйруғи асосида амалга оширилгани тўғрисида гап-сўзлар тарқаганини ҳам билдирди.

Ташкилотчилар зал қарийб тўлганини гапирмоқда
Ташкилотчилар зал қарийб тўлганини гапирмоқда

Мансур бошқарувчилар Россияда ҳам, Ўзбекистондаги каби, концертга мажбурлаб олиб боришлар одатга кириши мумкинлигиндан хавотир билдирди.

- Билетга берадиган 600 рубл пулига оддий ўзбек олти кун столовойда иккитадан сомса олиб ейди ёки уйига олти марта телефон қилади. Кунига 1000-800 рублга ишлаб юрган болалар бор. Ойига 28-29 мингга ишлайди, яна бўйнидан судраб “борасан, оласан” қиляпти. Аслида “бормайман” деган одамни бўйнидан судраб концертига олиб бораяпти! " - деди Мансур.

Чипталар мажбурлаб сотилганини Озодликка терминал қурилишида ишлаётган бошқа бир неча ишчи ҳам тасдиқлади.

Ўзбек қурувчиси билан суҳбат
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:05:19 0:00
Бевосита линк

Москвадаги “Измайлово” концерт зали раҳбарияти концерт дарҳақиқат якшанба куни ўтказилгани, зал ижарага олингани ва тадбирга юзлаб мигрантлар келганини тасдиқлади.

Хонанда Муродбек Қиличевнинг Ўзбекистондаги маъмури Озодлик мухбиридан Москвадаги концертга чипталар мажбуран сотилганига оид саволни эшитгач, "кейинроқ суҳбатлашишни" таклиф қилиб, алоқани узиб қўйди.​ Шундан сўнг хонанданинг ўзи билан ҳам, унинг маъмури билан ҳам боғланишнинг иложи бўлмади.

Концерт ташкилотчилари Озодлик сўровига Мурод Қиличевнинг “Табассум қил” концертида зал тўлгани, аммо билет ишчиларга мажбурлаб сотилгани тўғрисидаги гап-сўзларга асос йўқлигини билдиришди.

- Концерт зўр бўлиб ўтди! Мингта одамга жой қилинган эди – 820-тача билет сотилди, яъни 90 фоизга тўлди.

- Шереметьево аэропорти ишчиларига 600 рублдан билет сотилибди, дейишаяпти...

- Йўқ, йўқ! Унақа бўлмаган. Даже концерт куни одамлар келиб, биздан олиб кетди. Биласизми, биздан фирмалар 200-300-талаб билет сотиб олган. У қандай сотилганидан хабаримиз йўқ. Улар - қўлида одам ишлатадиган ўзбекистонликлар. 5 мингтагача одам ишлайдиган жойлар бор – шулар олган бўлиши мумкин. Улар ҳам под-заказ олиб кетган, деди исмини ошкор қилмаган концерт ташкилотчиларидан бири.

Суҳбатдош якшанба куни бўлиб ўтган концерт дастурига сотилган чипталарнинг энг қиммати 1 минг рубл, арзони 500 рубл эканини айтди.

Маданий тадбир дастури Россия Иқтисодиёт ва маданият институти (ИЭиК) иштирокида Ўзбекистон ССР Халқ артисти Комилжон Отаниёзовнинг 100 йиллиги ва Халқаро Дўстлик кунига бағишлаб ташкил этилгани айтилди. Ташкилотчилар унда Мурод Қиличевдан ташқари Россия Халқ артисти, композитор Георгий Лисенко ва ўзбек эстрадаси вакиласи Шаҳноза Отабоевалар ҳам иштирок этганини билдиришди.

Сўнгги пайтларда Москва, Петербург, Екатеринбург ва Россиянинг бошқа қатор шаҳарларига ўзбек қўшиқчилари тез-тез келаётгани кузатилмоқда.

Москвада Ўзбекистон халқ артисти Озодбек Назарбековнинг концерти бекор қилингани айрим мигрантлар норозилигига сабаб бўлгани тўғрисида хабар берилган эди.

XS
SM
MD
LG