Линклар

Шошилинч хабар
22 ноябр 2024, Тошкент вақти: 23:22

Бастрикин ўзбек мигрантларидан Путинга арз қилди-Ўзбекистон кўпроқ мигрант юбормоқчи


Россия Тергов қўмитаси раиси Александр Бастрикин.
Россия Тергов қўмитаси раиси Александр Бастрикин.

Россия Тергов қўмитаси раҳбари Александр Бастрикин миграция қонунчилигини кучайтириш таклифи билан президент Владимир Путинга мурожаат қилди. Бастрикин Путинга йўллаган мактубида “мигрантларнинг локал можаролари оммавий кўча тартибсизликларига айланиб кетиши” хавфидан огоҳлантирган.

Миграция экспертлари Бастрикин сўзларини жиддий шубҳа остига олмоқда.

Бастрикин мигрантларни яна жиноятчига чиқарди

Россия Тергов қўмитаси раҳбари Россиядаги муҳожирлар билан боғлиқ муаммо ҳақида президент Владимир Путинга мактуб йўллагани ҳақида “База” Телеграм-канали хабар берди.

Каналнинг хабар беришича, таҳририятда декабр ойи охирида ёзилган мактубнинг нусхаси мавжуд.

Хабарда айтилишича, Бастрикин Путинга меҳнат мигрантлари устидан шикоят қилган ва уларга қарши қонунчиликни кучайтиришни таклиф қилган. Акс ҳолда, унинг фикрича, “мигрантларнинг локал можаролари оммавий кўча тартибсизликларига айланиб кетиши мумкин”.

Тергов қўмитаси раҳбари ўз билдиришномасида “вазиятни кескинлаштирган” ва русларни “миллий дружиналар” тузишга ундаган ўзбеклар, қирғизлар, тожиклар ва “тажовузкор гастарбайтерлар” ҳақида сўз юритган. Бастрикиннинг келтираётган рақамларга кўра, 2021 йилнинг 11 ойи давомида мигрантлар томонидан Россияда 33,5 минг жиноят содир этилган.

У Ленинград вилоятининг Виборг шаҳрида дўкон ёнида қўлга олиш чоғида олти нафар Ўзбекистон ватандоши икки полициячи билан муштлашганини алоҳида таъкидлади.

Александр Бастрикин президентига йўллаган хатида рус жамиятидаги кайфият ҳақида маълумот бериб, россияликлар мигрантлар маиший хизмат кўрсатиш соҳасини “монополияга олгани”дан “жиддий хавотирда” экани тўғрисида маълумот берди.

Шунингдек, Бастрикиннинг фикрича, Россия тадбиркорларини мигрантларнинг “деярли қуллик” позицияси қизиқтиради.

- Натижада, Тергов қўмитаси раҳбари миграция қонунчилигини қатъийлаштиришни таклиф қилди: масалан, иш берувчиларга мигрантларни уй-жой билан таъминлаш ва транспорт ҳақини тўлаш, келгиндиларни геномик рўйхатга олиш ва йирик шаҳарларда "аҳолининг этник-маданий мувозанатини сақлаш" чораларини жорий қилишни юклаш ҳамда ижтимоий кескинликни камайтириш мақсадида ишчи-гастарбайтерлар ўрнига Россия ватандошларини ишга қабул қилиш, деб ёзди “База” нашри.

Аввалроқ Россия Ички ишлар вазирлиги чет эл ватандошларининг Россияда яшаши номақбуллиги тўғрисида қарор қабул қилиш тартибини янгилашни таклиф қилган эди.

Хусусан, мигрантни мамлакатдан чиқариб юбориш тўғрисида қарор қабул қилиниши мумкин бўлган муддатга чекловларни бекор қилиш. Шунингдек, полиция хорижликнинг Россияда оиласи бор-йўқлигини ҳисобга олиши кераклиги қайд этилди.

Россияга 90 кундан ортиқ муддатга келган меҳнат муҳожирлари ва чет эл гражданлари шу йилнинг 29 декабридан бошлаб гиёҳвандлик ва ОИВ инфекцияси йўқлиги тўғрисида тиббий маълумотнома тақдим этиши кераклиги тўғрисида Озодлик хабар берганди.

Ноябр ойида Александр Бастрикин “қўшни давлатлар”дан келган меҳнат муҳожирлари учун мажбурий геномик рўйхатга олишни жорий этишни таклиф қилган эди.

Экспертлар: Бастрикин рақамлари - навбатдаги манипуляция

Айни пайтда миграция экспертлари Россия Тергов қўмитаси бошлиғи келтираётган рақамларни жиддий шубҳа остига олишмоқда.

Миграция масалалари бўйича эксперт, “Migrant.mobi” портали асосчиси, ҳуқуқшунос Ботиржон Шермуҳаммад Бастрикин ўз баёнотида мутлақо ёлғон рақамларни келтираётганини айтади.

Юрист Б.Шермуҳаммад
Юрист Б.Шермуҳаммад

- Бастрикин баёнотига эътибор берган бўлсангиз, у чет эл ватандошлари жиноятлари кўпайиб бораётгани тўғрисида рақамларни келтирган. Биз бу рақамларни таҳлил қилиб чиқдик. Яъни, 2013 йилдан бери МДҲ гражданлари қилган жиноятлари 29 фоизга камайган. Умуман Россияда қилинган жиноятлар миқдори билан солиштирганда мигрантларнинг жиноятлари 3 фоизгаям етиб бормаяпти!

Ботиржон Шермуҳаммад фикрича, Россия Ички ишлар вазирлигининг муҳожирлар томонидан 2021 йилнинг 12 ойида содир этилган 36 мингдан зиёд жиноятлар борасида берган рақамлари шу муддат ичида содир этилган 2 миллиондан зиёд барча жиноятларнинг бир қисмидир.

Санкт-Петербургдаги Европа университети профессори Сергей Абашин Озодлик билан суҳбатда миграция соҳасида Путин ҳукумати ичида катта ихтилоф мавжудлигини тахмин қилди.

Профессор С.Абашин
Профессор С.Абашин

- Менимча, Россия ҳукуматида икки қарама-қарши кучлар тўқнаш келди. Бири миграция сиёсатига бўлган талабларни кескин ошириш тарафдори бўлган пропагандачилар, иккинчиси эса бунга қарши бўлаётган “прагматиклар”. Сўнгги пайтларда турли даражадаги амалдорлар ва экспертлар муҳожирлар жиноятлари “таҳдидли даражада ошиб бораётгани” ва “чора кўриш зарурлиги” билан Россия жамиятини қўрқитмоқда. Бастрикин келтираётган рақамлар навбатдаги манипуляция – ҳукумат вакилларига мигрантларга қарши баёнотлар бериш нима учун кераклигини ҳозирча тушуниш қийин. Аммо МДҲ давлатларидан келган меҳнат мигрантлари жиноятлари сони камайгани аниқ, - дейди эксперт.

Абашин бу борада ўзи олиб борган тадқиқот нажаларини ҳам келтирди.

Эксперт ҳисобича, 2013 йилда МДҲ давлатларидан келган чет элликлар 40,3 минг, 2019 йилда 31 минг, 2020 йилда 30,8 минг, ўтган 2021 йилда эса 28,5 минг жиноят содир этган. Яъни, мутлақ маънода МДҲ давлатларидан келганлар томонидан содир этилган жиноятларнинг очилган сони 2013 дан 2021 йилгача 29 фоизга, 2019 йилдан 21 йилгача эса 8 фоизга, 2020 йилдан 2021 йилгача 7,5 фоизга камайган. Нисбий рақамларда: МДҲ давлатлари ватандошлари томонидан содир этилган жиноятлар сони очилган жиноятлар сонига нисбатан 2013 йилда 3,2 фоиз, 2019 йилда 2,9 фоиз, 2020 йилда 3 фоиз, 2021 йилда эса 2,7 фоизни ташкил этган.

“Бундан чиқди, амалдорлар ва экспертлар ёлғон гапиришяпти”, дея хулоса қилди профессор Абашин.

Айни дамда Ўзбекистон ҳукумати Россияга ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларини жалб қилиш ишларини жадаллаштираётгани тўғрисида хабар бериб келмоқда.

Россия Вазирлар Маҳкамаси қишлоқ хўжалиги соҳасига Ўзбекистондан кадрларни жалб қилиш лойиҳасини кенгайтирди. Расмий маълумотга биноан, Россия Федерацияси ҳукумати Ўзбекистондан нафақат қурилишга, балки агросаноат мажмуасига ҳам ишчи кучини оммавий тарзда жалб қилади. Эндиликда рус ишлаб чиқарувчилари Россия қурувчилик соҳасига 10 минг, қишлоқ хўжалигига яна 1 108 кишини жалб қилиши мумкинлиги белгиланди.

Россия Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳозирда ўзбек муҳожирларини жалб этишни режалаштирмоқчи бўлаётган хўжаликлар рўйхатини тузаётганини маълум қилди.

Олдинроқ Путин ҳукумати пилот лойиҳаси доирасида ўзбекистонлик ишчиларни фақат қурилиш соҳасига жалб қилишини эълон қилганди.

Алоқадор

XS
SM
MD
LG