Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 10:09

Навальний: Путин юз минглаб русларни қонга булғамоқчи


Путин ҳозирга қадар заҳирадаги ҳарбийлар Украинадаги "махсус ҳарбий амалиёт"га сафарбар қилинмаслигини айтиб келган.
Путин ҳозирга қадар заҳирадаги ҳарбийлар Украинадаги "махсус ҳарбий амалиёт"га сафарбар қилинмаслигини айтиб келган.

21 сентябрь куни президент Владимир Путиннинг қисман мобилизация эълон қилиши ортидан Россиянинг йирик шаҳарларида минглаб одам намойишга чиқди. Сўнгги хабарларга кўра, намойишлар чоғида 1300 дан ортиқ одам ушланган.

Президент Владимир Путин 300 минг заҳирадаги аскарни сафарбар этишни буюргач, Россия мухолифати унга қарши норозилик намойишларига чақирди.

Чоршанба куни Путин Россияни Иккинчи жаҳон урушидан кейинги илк сафарбарлик ҳақида буйруқ берди ва Украина ҳудудини аннекция қилиш режасини қўллаб-қувватлади ва Россия ядро қуролидан фойдаланишга тайёрлигини айтганида ҳазиллашмаётгани ҳақида Ғарбни огоҳлантирди.

Россиядаги мухолифатнинг энг кўзга кўринган етакчиси Навальнийнинг айтишича, Путин муваффақиятсиз уруш учун кўпроқ русларни ўлимга юбормоқда.

“Жиноий уруш авж олаётгани, чуқурлашиб бораётгани аниқ ва Путин бунга имкон қадар кўпроқ одамларни жалб қилишга уринмоқда”, дейди Навальний тергов изоляторидан ўз адвокатлари томонидан ёзиб олинган ва эълон қилинган видеомурожаатида.

"У бу қон билан юз минглаб одамларни булғамоқчи", дейди Навальний.

24 февралдаги босқиндан бери Путин мухолифат ва оммавий ахборот воситаларини бостирди, урушга қарши намойишларда қатнашгани учун минглаб одамлар ҳибсга олинди ва ҳарбий ҳаракатлар ҳақида “ёлғон хабар” тарқатганлик учун 15 йиллик қамоқ жазосини назарда тутувчи янги қонун чиқарди.

Россия давлат телевидениеси танқидчиларни Ғарбга сотилган хоин сифатида кўрсатади. Путиннинг айтишича, мамлакат Украина масаласида Ғарб билан урушмоқда, унинг фикрича, АҚШ ва унинг иттифоқчилари Россияни йўқ қилиш мақсадида Украинадан фойдаланмоқда.

Россиядаги урушга қарши гуруҳлар сафарбарлик тартибига қарши кўча намойишларига чақирди.

Алексей Навальний.
Алексей Навальний.

“Бу минглаб рус эркаклари – оталаримиз, ака-укаларимиз ва эрларимиз урушнинг гўшт майдалагичи ичига ташланади, деганидир, – деди урушга қарши коалиция. – Энди уруш ҳар бир хонадонга, ҳар бир оилага кириб келди.»

У россияликларни чоршанба куни йирик шаҳарлар кўчаларига чиқишга чақирди. Намойишларни мониторинг қилувчи мустақил «ОВД-Инфо» гуруҳига кўра, Россия полицияси бутун Россия бўйлаб сафарбарликка қарши норозилик билдирган 100 дан ортиқ одамни ҳибсга олди.

Норозиликлар

Навальнийнинг айтишича, Путин Украинада ҳам, Россияда ҳам бегуноҳ одамларни ўлдирадиган маъносиз уруш бошлаган. У Путин Россиясини ўғри ва жиноятчилар бошқараётган давлат сифатида таърифлайди ва у охир-оқибат тор-мор этилишини айтади.

Кремль Навальнийнинг 2000 йилдан бери Россияда ўтказилган кўплаб «адолатли» сайловларда ғалаба қозонган ва мамлакатнинг энг машҳур сиёсатчиси бўлиб қолаётган Путин ҳақидаги даъволарини рад этади. Навальнийнинг Путин коррупцияга ботгани ҳақидаги даъвоси бемаънилик сифатида рад этилди.

Навальний сафдошларининг айтишича, Россия жамияти сафарбарликни қўллаб-қувватламайди.

"Телба ҳароми мамлакатни қандай вайрон қилаётганини жонли эфирда кўриш қўрқинчли", дейди Навальнийнинг Россиядан ташқарида яшовчи штаб бошлиғи Леонид Волков.

"Ҳарбий нуқтаи назардан, сафарбарлик жуда кеч ва бу йўқолтилган урушда ҳеч нарсани ўзгартирмайди", дейди у. Унинг қўшимча қилишича, россияликлар Кремлга қарши курашиш учун “ахлоқий бурч, омон қолиш ва ўзини сақлаб қолиш” ҳақида ўйлашлари керак.

Форум

XS
SM
MD
LG