Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 11:08

"Босқинчи ё аҳмоқ". ЎзЖОКУ ректори ўзбек тилини билмайдиганлар ҳақида гапирди. Москва ғазабда


Шерзодхон Қудратхўжа.
Шерзодхон Қудратхўжа.

Россия Ташқи ишлар вазирлиги Ўзбекистоннинг Москвадаги элчиси Ботиржон Асадовга Ўзбекистон Журналистика ва оммавий коммуникацияар университети ректори Шерзодхон Қудратхўжанинг сўзлари муносабати билан норозилик билдирди.

Россия ТИВ матбуот хизматининг хабарида айтилишича, Москва Шерзод Қудратхўжанинг ўзбек тилини билмайдиганлар «босқинчи» ёки «аҳмоқ» эканини ўзлари ҳал қилишлари кераклиги ҳақида айтган сўзларини «ўта ҳақоратли ва мутлақо қабул қилиб бўлмас» деб ҳисоблайди.

Россия ТИВ га кўра, бу каби мулоҳазаларнинг мазмуни ва оҳанги икки давлат ўртасидаги "стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларига мутлақо зид".

Россия томони "дўст ва иттифоқдош Ўзбекистон аҳолисининг мутлақ кўпчилиги Шерзодхон Қудратхўжанинг фикрига қўшилмаслигига ишониши"ни таъкидлаган.

Баёнотда Москва "яқин вақт ичида Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги юқори мартабали шахснинг жирканч баёнотларига принципиал баҳо берилган расмий изоҳ беради", деб умид қилаётгани урғуланади.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ҳозирча Қудратхўжанинг сўзлари юзасидан бирон изоҳ бергани йўқ.

ЎзЖОКУ ректорининг сўзлари россиялик пропагандачиларнинг Ўзбекистонга қарши қаратилган қатор баёнотлари ортидан янграмоқда.

"Ўзбекистонни Россияга қўшиб олиш". Тошкент "чуқур ташвишда", аммо норозилик нотаси йўқ
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:11:42 0:00

Ўтган йил 21 декабрида Россиянинг Тошкентдаги элчиси Олег Малгинов россиялик ёзувчи ва сиёсатчи Захар Прилепиннинг «Россия сегодня» матбуот-марказидаги анжуманда қилган баёноти юзасидан Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигига "таклиф этилган"ди.

Прилепин Ўзбекистоннинг икки миллион фуқароси Россия ҳудудида экан, Москва Ўзбекистон ҳудудига "даъво қилиши"ни иддао қилган.

Охирги дипломатик можаро манзарасида ўзбек журналист ва блогерлари яна бир бор Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Россия элчисига норозилик нотаси беришга журъат қилмаганини эслатишмоқда.

Персона нон-грата?

Россиянинг МДҲ, хорижда яшаётган ватандошлар ва халқаро гуманитар ҳамкорлик ишлари бўйича федерал агентлиги (Россотрудничество) Ўзбекистон Миллий медиа ассоциацияси ҳамда Мактабгача таълим вазирлиги жамоатчилик кенгаши билан ҳар қандай алоқаларни вақтинча тўхтатади. Бу ҳақда ТАСС агентлиги Россотрудничество раҳбари Евгений Примаков баёнотига таянган ҳолда хабар қилди.

Примаковга кўра, Россотрудничество раҳбариятининг бундай қарорга келишига юқорида номлари саналган ташкилотлар раҳбари Шерзод Қудратхўжанинг “русофобча мулоҳазалари” сабаб бўлган.

Аввалроқ Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ректори Шерзод Қудратхўжа AlterEgo YouTube-каналига берган интервьюсида Карл Марксга иқтибосан бир мамлакатда яшаб, унинг тилини ўрганишни истамаган кишиларни “босқинчи ёки овсар” эканига ишора қилган эди.

Россотрудничество раҳбари Примаков Шерзод Қудратхўжадан бу мулоҳазаси учун узр сўрашни талаб қилган.

Россия нашрлари Примаков баёнотини ёйинлаётган бир пайтда ижтимоий тармоқларнинг ўзбек сегментида таниқли инфлюенсерлар томонидан Шерзод Қудратхўжани дастакловчи қатор постлар қолдирилди.

Ана шундай постлардан бири блогер Шаҳноза Соатовага тегишли бўлиб, унда блогер “ЎзТвиттер фойдаланувчилари Шерзод Қудратхўжани "менинг янги кумирим" деб олқишлашлаётгани”га эътибор қаратган.

Блогер Хушнудбек Худойбердиев эса Примаковнинг баёнотини “рус шовинистларининг навбатдаги алжираши” дея баҳолаган.

“Бу шовинистларнинг мантиғи кулгили: биз бошқа мустақил давлатларнинг ички ишига бурнимизни тиқишимиз нормал ҳолат, лекин улар ўз давлатида ўз она тилисини ҳурмат қилишларини талаб қилишга ҳаққи йўқ, деб ўйлайди”, деб ёзган ўзбекистонлик блогер.

Шерзодхон Қудратхўжа 2018 йилда тошкентлик рус аёлга "ўзбекча гапир" дегани учун тармоқлардаги можаро марказига тушганди.

Тармоқларда русийзабон фаоллар уни миллатчиликда айблашган.

Қудратхўжа айбларни рад этган ва ўзининг ахборот ҳужумига учраганини айтган.

49 яшар Шерзодхон Қудратхўжа Ўзбекистон ҳукуматига яқин.

У ўз вақтида бош вазир Мирзиёев ва президент Каримовнинг матбуот хизматларида ишлаган.

Шерзодхон Қудратхўжанинг ўтмишдаги раҳбари президент бўлгач Россия билан яқинлашди ва айрим совет рамзларини қайтарди.

Олдинроқ ўзбекистонлик қатор жамоат фаоллари Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигига ўзининг "исталмаган шахслар" рўйхатини шакллантириш таклифи билан чиқишганди. Расмийлар бу таклифни жавобсиз қолдирган.

Форум

XS
SM
MD
LG