Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 06:53

Россиянинг Қирғизистондаги базасидан ҳарбийлар "Украинага жўнатилган"


Россиянинг Бишкек ташқарисидаги Кант ҳарбий ҳаво базаси. 27 октябрь, 2013.
Россиянинг Бишкек ташқарисидаги Кант ҳарбий ҳаво базаси. 27 октябрь, 2013.

Қирғизистон шимолидаги Россия авиабазаси жойлашган Кант шаҳри аҳолиси вакиллари сўнгги ойларда ушбу объектдан юзлаб аскар Украинадаги урушга жўнатилганини айтишмоқда.

Кантликлардан бири Россиянинг Тува вилоятидан 300 га яқин шартнома бўйича ҳарбий хизматчилар 2021 йил охирида, Москва Украинага бостириб киришидан бир неча ой олдин Кант авиабазасига жойлаштирилганини айтди.

Хавфсизлик нуқтаи назаридан Озодлик суҳбатдошларнинг исмларини ошкор қилолмайди.

Россия томонидан қўшинларнинг Кантдан Украинадаги фронт чизиғига кўчирилиши ҳақида ҳеч қандай изоҳ берилмаган.

Озодлик радиоси Россия авиабазаси ҳамда Россиянинг Бишкекдаги элчихонасига изоҳ сўраб мурожаат қилди, аммо ҳозирча жавоб олмади.

Тувадаги нодавлат ташкилоти ва бир аскарнинг беваси Озодлик билан суҳбатда номаълум сондаги тувалик ҳарбийлар ҳақиқатан ҳам Кантдан Украинага жўнатилгани, уларнинг бир қанчаси жангларда ҳалок бўлганини тасдиқлади.

Украинада урушаётган рус аскарлари орасида Россия таркибидаги миллий республикалар вакиллари кўплиги айтилади. Қозон, Татаристон.
Украинада урушаётган рус аскарлари орасида Россия таркибидаги миллий республикалар вакиллари кўплиги айтилади. Қозон, Татаристон.

"Новая Тува" нодавлат ташкилоти Кантга юборилган тахминан 30 ёшли тувалик ҳарбий хизматчининг суратларини тақдим этди. Суратлардан бири Бишкекда олинганини тахмин қилиш мумкин. Бошқа бир суратда эса, аскар Кант шаҳрида эканлиги кўринади.

"Новая Тува" маълумотларига кўра, жорий йил ёзида Қирғизистондан Украинага камида 90 нафар тувалик аскарлар юборилган. Гуруҳ вакилининг Озодликка айтишича, аскарлар алоҳида икки гуруҳда Украинага жўнатилган. Улардан камида 10 нафари ҳалок бўлгани ва 20 га яқини яралангани тасдиқланган. Унинг сўзларига кўра, 30 дан ортиқ тувалик аскар жанг қилишдан бош тортган ва уйларига қайтган.

Қирғизистонликларнинг сўзларига кўра, авиабазада дастлаб бир неча ўнлаб тувалик ҳарбий бўлган, аммо 2021 йил охирида уларнинг сони бир неча мингга етган. "Улар самолётлардан парашютда сакраб, ҳарбий тайёргарликдан ўтишар эди", дейди кантликлардан бири.

Тувалик ҳарбийлар маҳаллий аҳолига шартнома асосида ҳарбий хизматга келганликларини айтишган. “Туваликлар авиабаза ҳудудига жойлаштирилган бўлса-да, улар базанинг асосий контингентига кирмаган бўлиши мумкин. Авиабаза ичида туваликлар учун алоҳида казарма, ошхона ва ювиниш хоналари бўлган. Уларнинг жиҳозлари ва қуроллари ҳам алоҳида эди".— дея ҳикоя қилади қирғизистонликлардан бири.

Маҳаллий аҳолига кўра, туваликлар чодирда яшашган.

Озодлик бу маълумотларни мустақил текшира олмади.

Аҳоли вакилларидан бирининг Озодликка айтишича, туваликлар “баҳорда ҳам Кантда бўлган”, бироқ яқин орада уларни кўришмаган. У аскарлар Кантни қачон тарк этганини айта олмади.

Жорий йил июнь ойида олинган сунъий йўлдош тасвирларида ҳеч қандай чодирлар кўринмаган.

Тувада ўртача ойлик иш ҳақи тахминан 200 долларни ташкил қилади. Вилоят Россиянинг энг қашшоқ минтақаларидан биридир. Бу эса кўплаб туваликлар учун шартнома бўйича ҳарбий хизматни нисбатан яхши вариантга айлантиради.

"Новая Тува" вакилининг сўзларига кўра, Кантда хизмат қилаётган тувалик аскар 21 июнь куни нодавлат ташкилот билан боғланиб, Украинага боришни истамаслигини айтган.

Аскар "Новая Тува"га у ва бир неча аскарлар шартномани бекор қилиб, армияни тарк этишни хоҳлашлари, бироқ ҳарбий командирлар шартнома Украинага боргандан кейингина тугаши мумкинлигини айтиб, уларни қўйиб юборишдан бош тортганини сўзлаб берган.

Ташкилот вакилининг айтишича, ҳарбий қўмондонлик аскарларнинг паспортларини олиб қўйган. Аммо улардан тўққиз нафари июнь охирида ёлғондан почта бўлимидан жўнатма олмоқчилигини айтиб, ҳужжатларини қайтариб олишга муваффақ бўлган.

Улар дарҳол Россияга учадиган самолётга ўтириб, 29 июнь куни Тувага етиб келишди, дея хабар беради “Новая Тува”.

Шу куни улардан бир қанча ҳарбий хизматчилар Украинанинг Лисичанск шаҳрида, шиддатли жангларда ҳалок бўлгани хабар қилинган. Ўшанда Россия матбуоти 55 мотоўқчилар бригадасининг “жасур тувалик ҳарбий хизматчилари” орасида қурбонлар борлиги ҳақида хабар берган эди.

Озодлик мухбири Лисичанскда ўлдирилган тувалик аскарлардан бирининг беваси билан суҳбатлашди. У эрининг худди шу бригадада хизмат қилганини тасдиқлади. "У март ойида вақтинчалик хизмат учун Қирғизистонга юборилди. Уч ой ўтгач, улар таътилда уйга қайтишлари керак эди, аммо уларнинг таътиллари бекор қилиниб, ҳаммаси Қирғизистондан тўғридан-тўғри Украинага жўнатилди", деди у. Унинг эри 19 июнь куни Украинага етиб борган ва 26 июнь куни ўша ерда ҳалок бўлган”.

Ўлдирилган аскарнинг исми унинг беваси ва уларнинг болалари хавфсизлигини таъминлаш мақсадида сир сақланди.

Бева аёлнинг сўзларига кўра, унинг эри Украинага мажбуран жўнатилган. “Аскарлар Украинага боришдан бош тортиш тўғрисида ариза ёзган, бироқ уларнинг аризалари қабул қилинмаган”, деди у.

“Базага кираверишда 100 дан 150 тагача машиналар турар эди. Аммо Украинада уруш бошланганидан кейин у ерда фақат 20-30 тача машина бўлади. Базага олиб борувчи йўлда ҳам ҳаракат камайган", дейди кантликлардан бири.

Кант аҳолиси, шунингдек, аэродромда ҳарбий самолётлар сони сезиларли даражада камайганини ҳам таъкидлаган.

"Уруш энди бошланганида биз ҳар куни турли самолётлар иштирокида машғулотларни кўрар эдик. Вертолётлардан парашютдан сакраб машғулотлар ўтказишарди. База жуда фаол эди. Ҳозир эса тинчиб қолган ".

“Самолётлар ҳам деярли кўринмаяпти”, деган кантликлардан бири

Аммо Қирғизистон ҳарбийлари ва расмийларига яқин манбаларнинг Озодликка айтишича, Россия авиабазасидаги парвозлар аввалгидек жадвал асосида амалга оширилмоқда.

Хабарларга кўра, илк бор 2003 йилда очилган Кант авиабазасида 500 га яқин россиялик ҳарбий хизмат қилади. 2017 йилда база яна учта Россия ҳарбий объекти билан ягона ҳарбий базага бирлаштирилди.

Форум

XS
SM
MD
LG