Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 04:38

Дезинформация, ракета зарбалари ва қўпорувчилик. Эксперт Украинадаги жанглар ҳақида


Киев вилоятидаги Васильев ҳарбий базасидаги украин аскарлари. 26 февраль, 2022.
Киев вилоятидаги Васильев ҳарбий базасидаги украин аскарлари. 26 февраль, 2022.

Россия 24 февралга ўтар кечаси Украина шаҳарлари ва ҳарбий объектларига зарба бера бошлади, бир неча соатдан сўнг ўз ҳудудидан, Беларусь ва аннексия қилинган Қрим ҳудудидан Украина ерларига қўшин киритди. Бироқ рус ҳарбийлари тез фурсатда Киевни ишғол этишга ва йирик шаҳарларни назоратга олишга муваффақ бўла олмади.

Киев атрофида ва шаҳарнинг айрим кўчаларида жанглар бўляпти, бугун эрталаб Россия аскарлари Харьковга киргани ҳақида хабарлар бор. Украинанинг Қора ва Азов денгизи соҳилларини руслар эгаллаган, Донецк ва Луганск вилоятлари, шунингдек чегарага яқин яна бир неча минтақада жанглар давом этяпти.

Қримга доир масалалар бўйича эксперт, Blackseanews.net сайти бош муҳаррири Андрей Клименко Украинада юз бераётган воқеалар “классик уруш эмас”лигини, бу – дезинформация, фейклар, ракета ва авиазарбалар ҳамда қўпорувчилик ҳаракатлари омихтаси эканлигини таъкидлайди. Унинг “Настояшчее время” билан суҳбатда айтишича, Россия кучлари Киевни ва Украинани қисқа вақт ичида эгаллай олмайди. “Муҳораба ҳали узоққа чўзилади”, дея башорат қилади у.

- Россия қўшинлари бостириб кирганидан сўнг Украинада, унинг атрофидаги денгизларда ҳозир нималар бўляпти? Ҳарбий вазият қанақа?

-Бу ҳарбий амалиётларнинг мутлақо янги тури. Бу классик уруш эмас – қурама уруш, “гибрид уруш” деганлари шу. Дезинформация, фейклар, ракета зарбалари ва авиазарбалар ҳамда қўпорувчилик ҳаракатлари омихтаси. Олисдан зарбалар Украинанинг 25 вилоятидан барваракайига 17-18 тасига йўлланди, ҳатто ғарбий чегарадаги ҳудудларга ҳам. Қўпорувчи гуруҳларга келсак, улар Украина бўйлаб анча аввал жойлаштириб чиқилган.

BlackSeaNews бош муҳаррири Андрей Клименко.
BlackSeaNews бош муҳаррири Андрей Клименко.

Улар Киевга ва унинг атрофидаги кичик шаҳарлар – Буча, Ирпень, Ворзель, Гостомелга уруш бошланишидан олдин келиб олганини тасдиқловчи фактлар ўртага чиқяпти. Анча бўлган келишганига. Чунки квартираларни сотиб олиш ёки ижарага олиш, тайёргарлик кўриш керак эди. Ракеталарни йўналтириш, бомба ёки десант ташлаш учун йўлларга ва биноларга қўйиб кетилган белгилар ҳақида кўп гапиришяпти: бу ишлар учун ҳам ҳозирлик керак эди”.

“Ростдан ҳам қўпорувчи-разведка гуруҳлари Украинага анча аввал келган ва Киев теварагидаги шаҳарчаларга тарқалган, деб ҳисоблайсизми?”

“Албатта. Бўлмасам-чи. Жуда кучли қаршилик бўлаётганига, Украин халқи мислсиз қаршилик кўрсатиб бутун дунёни ҳайратга солаётганига қарамай, менимча, бу ҳали бошланиши холос.

-Киев ишғол этилиши эҳтимолини қандай баҳолайсиз?

Менимча, 272 кунда ҳам Донецк аэропортини биздан тортиб олишолмаган экан, Киевни ҳеч қачон тортиб олишолмайди. Худо кўрсатмасин, пойтахтни ишғол этишган тақдирда бу ерда катта уруш бошланиши ва у яқин мамлакатларга тарқалиши ҳеч гап эмас. Аммо ҳарбий ҳаракатлар ҳали узоқ давом этади, деб ўйлайман.

- Узоқ давом этадиган урушга Россия армиясининг кучи етадими? Айрим рақамлар эълон қилиняпти, лекин уларни текшириш имконига эга эмасмиз. Зеленскийнинг маслаҳатчиси Алексей Арестович икки ярим кунлик қаршилик мобайнида Россия ўлганлар, ярадорлар ва асирлар билан жами 3,5 минг аскарни бой берганини айтди...

- Бу Россия армиясининг заифлигини билдирмайди. Яна бир эҳтимолни истисно қилмаслик керак: улар мана шу кучлар билан бизни тўзғитиб юборишга умид қилишгану муродларига ета олишмаган бўлса ажаб эмас. Аммо биз Россиянинг сара аскарларини кўрмадик ҳали, “спецназ” ва шунга ўхшаган бўлинмаларни. Биз бу ютуқлардан бошимиз айланиб, эйфорияга берилсак, улар қаршисида муаммога йўлиқимиз мумкин. Шундай экан, ҳушёрликни қўлдан бермаслик лозим.

Ҳозирда денгизда анча хавфли вазият юзага келган. Азов денгизида кемалар йўли буткул тўсиб қўйилди, устимиздан кулиб, буни аксилтеррор амалиёти деган баҳонада қилишди. Денгиз кемаларининг сигналлари радиоэлектрон кураш қурилмалари ёрдамида “бўғиб ташланган”, биз Қора денгиз ўртасида нималар бўлаётганини кўра олмаяпмиз. Кемаларда учоқлар транспондерига ўхшаш қурилма бўлади, у бир неча дақиқа ичида бир неча бор сигнал тарқатиб, жаҳон ягона кузатув тизимига кема локациясини хабар қилиб туради.

Хуллас, бугунги кунда Қора денгиз биздан бутунлай тўсиб қўйилган: Змеиний ороли параллелидан то аннексия қилинган Қримдаги Тарханкут бурнигача ҳудудда улар тижорат кемалари ҳаракатини тақиқлашган, бу зонага кириб қолган кема ортига қайтариб юбориляпти. Айрим тижорат кемаларига ракета билан зарба берилгани ҳақида эшитяпмиз. Ўтган куни Молдова байроғи остида сузаётган танкерга ракета тегди, шуниси қизиқки, танкер экипажи руслар бўлиб чиқди. Ярадорлар бор, дейишяпти.

Шунинг учун ҳам вазият ўта жиддий. Яна бир бор айтаман: ҳаммаси энди бошланяпти.

Қримдан Украинанинг материк қисмига бостириб кирилганидан хабардормиз. Херсон, Геническ хавф остида қолган, улар Мариуполь ва Бердянскка ёриб ўтишга уринишмоқда. Қолаверса, шимолда ва шимоли-ғарбда – Харьков, Сув ва Чернигов вилоятларида ҳам вазият мураккаб. Шу боис мен, афсуски, ҳаммаси ҳали олдинда, деган фикрдаман.

Турган гапки, биз кеча ва ўтган кунларда ниҳоят жорий этилган санкциялар таъсир этишига умид боғлаганмиз. Уларга зарба бериш, қўл-оёқларини боғлаб, кучларини қирқишдан тўхтаганимиз йўқ. Санкциялар Россия молия ва фонд бозорларини, валюталар курсларини ағдар-тўнтар қилиб ташлади, яқин кунларда аҳоли уларни ўз танасида ҳис қилади, боз устига чет элга чиқиб кета олишмайди: Европа ва умуман бирон-бир бамаъни мамлакат уларни ўз ҳудудига киритмайди.

Зеленский Киевда қолмоқда. Дунё Украина ҳимоясига чиқди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:14:02 0:00

Жаноб Путин буларни тушунади, албатта. Россия Федерациясида норозилик кенг қулоч ёймасдан ишни тугатиши кераклигини, вақти озлигини билади. Россия бизнеси, шунингдек давлат раҳбарияти ва сиёсий раҳбариятнинг иккинчи ва учинчи бўғинлари ундан қаттиқ шубҳаланмасдан режасини амалга оширишга улгуриши лозим. Путин шошиляпти. Шу боис, яқин кунларда, ҳатто соатларда вазият кескинлашишини тахмин қиляпман.

XS
SM
MD
LG