Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 09:47

Россия Ўзбекистонга Ўзбекистоннинг мулкини совға қилмоқда


ВДНХ павильонининг бош фонтани
ВДНХ павильонининг бош фонтани

Москвадаги Халқ хўжалиги ютуқлари кўргазмаси (ВДНХ) павильонларидан бири Ўзбекистонга муддатсиз ва текин фойдаланишга топширилади. Бу хабарни Тошкентда бўлиб ўтган МГИМО халқаро форумида эълон қилган Россия Маданият вазири Владимир Мединский “Ўзбекистон” павильонида ҳозирда таъмирлаш ишлари кетаётганинини билдирди.

Аммо айрим кузатувчилар бу мулк аслида Ўзбекистоннинг пулига қурилганини эслатмоқда.

Россия Маданият вазири:"Павильон доимий учрашадиган жойимизга айланади!"

Жорий йилнинг 19 май куни Тошкентда бўлиб ўтган Москва Давлат халқаро муносабатлар институтининг (МГИМО) 75 йиллигини нишонлаш учун йиғилган битирувчиларининг V халқаро форумида сўзга чиққан Россия Маданият вазири Владимир Мединский бундай деди:

- Бу менга президентимизнинг рамзий маънога эга ишораси ўлароқ туюлмоқда – ушбу павильон Ўзбекистон Республикасига мамлакатнинг энг яхши ютуқларини намойиш этиш учун муҳлатсиз фойдаланишга топширилади. Ишонаманки, яқин орада павильон сизлар билан Москвада доимий учраша оладиган жойимизга айланади.

Россия Маданият вазири ўтган асрнинг 50-чи йилларида шахсан Ўзбекистоннинг ўша пайтдаги раҳбарларидан бири Шароф Рашидовнинг шахсий назорати остида ВДНХда ҳашаматли “Ўзбекистон” бўлими очилганини эслатди.

Владимир Мединский ВДНХнинг энг чиройли “Ўзбекистон” павильонида ҳозирда таъмирлаш ишлари якунига етаётганини ҳам айтди.

МГИМО битирувчилари халқаро форумида 32 мамлакатдан келган 450 делегат иштирок этди ва улар бу олий ўқув юртининг Тошкентда иш бошлаган филиали очилиш маросимида иштирок этди. Мединский бу учрашувда Россия президенти Владимир Путиннинг форум қатнашчиларига юборган махсус табрик хатини ҳам ўқиб эшиттирди.

Бу табрик телеграммаси Кремлнинг расмий сайтида ҳам эълон қилинди.

"Ўзимизникини ўзимизга совға қилишдими?!"

Озодлик 2013 йилда Ўзбекистон ҳукумати Москвадаги Бутунроссия кўргазма маркази (ВВЦ) ҳудудида ўзига ажратилган павильондан воз кечгани тўғрисида бундан бир неча йил олдин хабар берганди. Ўзбекистон бу ташаббусни иқтисодий жиҳатдан мақсадга номувофиқ деб ҳисоблаган эди.

Ўшанда Россия президенти Владимир Путин бу савдо мажмуасини 50 йилга йилига рамзий 1 рублга ижарага беришни таклиф этган. Собиқ Иттифоқи республикаларини ягона Эркин савдо зонасига бирлаштириш ғоясини илгари сурган Владимир Путин 2010 йилда Санкт-Петербург шаҳрида бўлиб ўтган МДҲ саммитидаги чиқишида ВДНХ ҳудудида иттифоқдош республикалар павильонларини тиклаш ва унда ўз кўргазмаларини ташкил этишни таклиф қилган эди.

Ўзбекистонлик сиёсий қочқин ва журналист Алишер Таксанов 1994-1998 йилларда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг МДҲ давлатлари бошқармаси 1-котиби, 1996-1997 йилларда эса Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонаси иккинчи котиби вазифаларини эгаллаб келган.

Озодлик билан суҳбатда Алишер Таксанов ВДНХдаги “Ўзбекистон” павильони ва яна бир қанча мулклар Москва мэрияси ва Ўзбекистон Давлат мулк қўмитаси ўртасида катта тортишувни келтириб чиқарганини ёдга олди.

- 90-чи йиллар бошларида Россия ҳудудида Ўзбекистоннинг юздан зиёд мулклари бор эди. Уларнинг ҳаммаси Ўзбекистон республикаси бюджети ҳисобига қурилганди. 90-йилларда бошланган тартибсизлик даврида уларни бошқариш жуда қийин эди. Амалда бу объектлар ўша шаҳарлардаги маҳаллий ҳокимчалар томонидан “хусусийлаштирилиб”, тортиб олинган.Шу боис уларни сотиб, оз бўлсада миқдорда ўзбек пулларини қайтариш истаги бор эди. Бироқ, Москванинг ВДНХсидаги павильон ва Ўзбекистон Фанлар Академияси меҳмонхонаси алоҳида эътибор қаратилганди. Павильон Ўзбекистоннинг Россиядаги Савдо Уйи сифатида, меҳмонхона ўрнида эса қўшма корхона очиш режалаштирилган эди, дейди Алишер Таксанов.

Суҳбатдош Ўзбекистондан махсус бу масалада келган Бош вазир муовини Виктор Чжен Москва мэри Лужков билан учраша олмасдан кетганини эслади.

У ВДНХ ва бошқа ўзбек мулклари масаласида ҳатто суд тортишувлари бўлиб ўтгани, ниҳоят улар 80-чи йиллар охирларидан маҳаллий уддабуронлар томонидан эгаллаб олинганини айтди.

“2006 йилларда суд тортишувлари ва Россия суди қарорларидан чарчаган Ўзбекистон ҳукумати павильондан воз кечишга қарор қилди”, дея давом этади суҳбатдош:

- Давлат Мулки қўмитасидан юристларимиз ва мутахассисларимизнинг кўплаб маротаба Россияга судларга қилган сафарлари самара бермади. Ниҳоят бу ишга қўл силташди, билишимча. Энди эса Россия Ўзбекистонни ўз сиёсати домига тортмоқчи. Россия дўстлар ва сателлитларсиз қолди, кўринади. Эндиликда Иттифоқдагиларни яна бирлаштириш зарурати пайдо бўлди. Путин Россияси шу тариқа Ўзбекистон билан яқинлашиш ва ташқи босимга биргаликда қарши курашиш йўлларини изламоқда. Ахир, охирги йиллар Украина ва Грузия каби давлатлар бу таъсир доирасидан чиқиб кетиши мумкинлигини кўрсатди. Энг кулгилиси - “Ўзбекистон” павильони аслида Ўзбекистон мулки! Энди ўзимизникини ўзимизга совға қилишаяптими?!- дея киноя қилди собиқ дипломат Алишер Таксанов.

Кўргазма вакилларидан олинган маълумотга кўра, ҳозирда Россия Москванинг шимолидаги 520 гектар ерда жойлашган ВДНХ ҳудудида ўз савдо-кўргазма марказини очиш шартномалари МДҲнинг еттита давлати билан имзоланган: ўз павильонларини очишни Молдова, Қозоғистон, Тожикистон ва Абхазия режалаштираётган бўлса, Арманистон, Беларус ва Қирғизистон павильонлари аллақачон фаолият юритмоқда.

ВДНХдаги “Ўзбекистон” павильони 1951-54 йилларда архитектор Стефан Полупанов лойиҳаси асосида “Сталин ампири” услубида қурилган.

XS
SM
MD
LG