Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 18:30

Россияда аксар пенсионерлар демократия ҳаракатини қўллаб-қувватламайди


Пëтр Зуев 75 ëшини 15 суткалик қамоқ жазосини ўтаëтганида қарши олди
Пëтр Зуев 75 ëшини 15 суткалик қамоқ жазосини ўтаëтганида қарши олди

Россияда кекса ёшдагилар авторитар президент Владимир Путиннинг энг содиқ тарафдорлари бўлиб келади.

“Левада” маркази 13 май куни эълон қилган сўров натижаларига кўра, 55 ёшдан ошган россияликларнинг ярмидан кўпи мамлакатда демократия тарафдорлари ўтказаётган намойишларга салбий қарайди. 18 – 24 ёшдагилар орасида бу кўрсаткич 21 фоиз, 25 – 39 ёшдагилар орасида эса 31 фоизни ташкил қилади.

“Левада” ўтказган яна бир сўров шуни кўрсатдики, 55 ёшдан ошганларнинг 60 фоизи апрель ойида мухолифат етакчиси Алексей Навальний 2 ярим йилга озодликдан маҳрум этилганини “адолатли” қарор деб ҳисоблайди.

2018 йилда ўтказилган “Левада” сўрови 55 ёшдан ошганларнинг 89 фоизи содир бўлаётган ҳодисалар ҳақида асосан давлат назорати остидаги телевидение орқали хабар топишини кўрсатган эди. 18 – 24 ёшдагилар орасида эса бу кўрсатгич 49 фоизга тенг экани аниқланган.

Аммо айниқса нафақахўрларнинг манфаатларига таъсир этадиган сиёсатлар кун тартибига чиққан ҳолатларда истиснолар бўлиши мумкин. 2005 йилда пенсионерлар нафақаларни ўзгартириш бўйича баҳсли ислоҳотларга қарши оммавий норозилик акцияларини ўтказган.

Шунингдек, 2018 йилда айрим кекса россияликлар ҳукуматнинг пенсия ёшини ошириш қарорига қарши норозилик намойишларида қатнашдилар. Намойиш қатнашувчилари президент Владимир Путин истеъфосини талаб қилдилар.

Аммо Россияда кекса ёшдагилар демократия ҳаракати ва фуқаролик эркинликлари учун курашни унчалик қўлламайди. Аммо бир нечта шов-шувли истисно мавжуд.

Масалан, 2009 йилнинг декабрида тинч йиғилиш ҳуқуқини талаб қилиб ўтказилган норозилик намойишида қатнашган 82 ёшли диссидент Людмила Алексеевани Москва полицияси кескин куч ишлатиб қўлга олди ва ҳодиса тасвирлари бутун дунёни лол қолдирди.

82 ёшли диссидент Людмила Алексеева
82 ёшли диссидент Людмила Алексеева

Калининградлик нафақахўр Пётр Зуев шаҳарда ўз фаоллиги билан шуҳрат қозонган. Мана, неча йилдирки, у демократия тарафдорлари намойишларида мунтазам қатнашиб келади. У сиёсий маҳбус деб топилганларни қўллаб-қувватлайди.

Зуев 2018 йилда эрта туғилган чақалоқни қасддан ўлдиришда айбланиб, кейинчалик оқланган неонатолог Елина Шушкевич ҳимоясига ўтказилган намойишларда қатнашди.

У 2019 йил июнь ойида Шушкевич тарафдорлари намойишида ҳибсга олинди. Намойишга у “Бутун тизимни алмаштириш керак ва Навальний пудратчи бўлиши керак” деган плакат билан борди. Кейинчалик у 150 минг рубль жаримага тортилди.

Жорий йилнинг февраль ойида Навальний ҳимоясига ўтказилган намойишда қатнашгани учун яна 180 минг рубль миқдорда жаримага тортилди.

Суд расмийлари Зуевнинг 15 минг рубль нафақасининг ярмини ушлаб қола бошлади. Зуев хайрихоҳ шахслардан унга солинган жарималарини тўлаш учун етарли миқдорда маблағ тўплади.

Бундан ташқари, жаримага тортилган бошқа фаоллар учун 200 минг рублдан кўпроқ маблағ тўплади. Бунга қарамасдан, у ҳар ой қарзини нафақасидан тўлашда давом этмоқда.

“Улар ўлгунимча мендан пул олишади”, дейди у.

“Хотиним билан тўлиқ суммани тўламасликка қарор қилдик. ... Агар мен уни тўлаб, кейин бошқа намойишда қатнашсам, улар мени яна жаримага тортишади. Шу тариқа чексиз давом этади. Аммо йиллар ўтиб, ҳамма ҳукумат 80 ёшли қариянинг нафақасини олиб қолганини кўради”.

Зуев сўнгги марта 21 апрель куни Навальний олдига унинг ўз шифокори киритилишини талаб қилиб ўтказилган намойишда қатнашгани учун ҳибсга олинди. У ва бошқа намойишчилар 15 сутка қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Қамоқда Зуевга коронавирус юққанини айтишган. Аммо Зуевнинг ўзи вирусга чалинганига ишонмаслигини айтди.

Зуевнинг сўзларига кўра, унинг ёшига етган дўстларининг аксарияти сиёсатга қизиқмайди.

“Путинга қаршилар ҳам бор, аммо кўпчилигида соғлиғи ёки иштиёқи йўқ. Телевизор уларнинг ҳаётини исканжага олган. Улар деярли интернетдан фойдаланмайди. Ва бу жуда катта аҳамиятга эга. Халқ алданмоқда. Телевизордаги ҳар бир сўз ёлғондир”, дейди у.

“Аммо мен ўзим учун қўрқмайман”, дея қўшимча қилди у.

XS
SM
MD
LG