Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 09:36

Ленинград вилоятида 15 яшар болакай ўзбек муҳожирини пичоқлаб ўлдирганликда айбланди (ВИДЕО)


Россиянинг Ленинград вилоятида савдо дўконида 49 ёшли ўзбек муҳожирини пичоқлаб кетган шахс қўлга олинди. Дастлабки тергов хулосасига кўра, 15 яшар мактаб ўқувчиси ўзбекистонликни скутерига йўл бермагани учун чавақлаб ташлаган.

Россия тергов қўмитасининг Всеволожск шаҳар тергов бўлинмаси ходимлари томонидан Ўзбекистон фуқароси бўлган 49 яшар муҳожирни пичоқлаб кетган шахсни аниқлагани ва Россия Федерацияси Жиноят Кодексининг 105-1 моддаси, яъни қотиллик асосида жиноий жавобгарликка тортганини маълум қилди.

- Мазкур жиноятда айбланиб, 15 яшар йигитча қўлга олинди. Тергов қўмитасининг шаҳар бўлинмаси терговчиси суд олдида айбланувчи шахсни ҳибсга олиш борасида қилган даъво аризасини рад этиб, вояга етмаган шахсни уй қамоғида қолдириш чорасини қўллади, - дея хабар қилди Озодликка Ленинград вилояти Тергов қўмитасининг навбатчи офицери.

Терговчилар Озодлик сўровига қўйидаги маълумотларни билдирди:

2019 йилнинг 28 июнь куни Петербургдан Всеволожскка меҳмонга келган 15 яшар Артём мотороллерда кўчани “зебра”да кесиб ўтаётган 49 ёшли ўзбекистонлик муҳожирни туртиб кетишига сал қолади. Ўзбек муҳожири болага танбеҳ беради ва шу атрофдаги савдо дўконига кириб кетади.

Бироқ ўзбек мигранти сўзлари ёқмаган Артём унинг ортидан дўқонга кириб, муштлаша бошлайди.

Маҳаллий оммавий ахборот воситаларида дўкон ичкарисидаги видеокамералардан жанжал тасвири тушган видеоёзувлар пайдо бўлди.

Унда ёш йигитча магазин ичкарисида турган оқ сочли шахс ёнига келиб, юзига мушт тушираётгани ва шунинг ортидан муштлашув бошлангани акс этган.

Кучи етмаслигини англаган йигитча бирдан киссасидан пичоқ олиб, муҳожир танасига бир неча маротаба уради. Видео якунида қонга беланиб кетган шахс костюмини ечиб, ташқарига чиқиб кетаётганини кўриш мумкин.

Озодлик ўз манбаларидан чавақланган шахс 49 яшар ўзбекистонлик Ҳикматулло Розиқов эканини аниқлади.

У Ленинград вилоятида патент асосида иш фаолиятини олиб боргани, Ўзбекистонда унинг икки фарзанди ва рафиқаси қолгани маълум бўлди.

Қотиллик содир этилган Лесколово қишлоқ дўқони
Қотиллик содир этилган Лесколово қишлоқ дўқони

Терговчилар пичоқ билан урилган зарбалардан бири ўзбек муҳожири юрагига теккани ва Ҳикматулло маҳаллий шифохонанинг реанимациясида жон берганини билдиришди.

Қотилликда айбланаётган 15 яшар Артём севишган қизи билан учрашиш учун келгани, ижтимоий саҳифасида у ўзларини “безорилар” деб атовчи гуруҳларга мансублиги ва Петербург футбол фанатларидан эканини кўз-кўз қилиб келганини кўриш мумкин.

30 июн куни уй қамоғига олинган вояга етмаган айбланувчи ҳимоячиси ҳузурида сўроққа тутилди ва қотилликни содир этганини инкор этмади.

Тергов қўмитаси мазкур жиноятга алоқадор бошқа тафсилотлар ўрганилаётгани ва тегишли суд-тиббий экспертизалари якунига қадар ўзбекистонлик меҳнат муҳожири жасади маҳаллий моргда сақланишини маълум қилди.

XS
SM
MD
LG