Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 11:55

Россияда норозилик намойишларида қатнашган ўқувчи ва ўқитувчиларни сотишдан бош тортган директор ишдан олинди


Россияда ҳукуматга қарши намойишларда қатнашган ўқувчилари ва ҳамкасблари исмларини расмийларга юборишдан бош тортган мактаб директори Елена Моисеева ишдан олинди.

Директорнинг дўстлари, ҳамкасблари ва фуқаролик жамияти фаоллари Моисеева лавозимига қайтарилишини талаб қилмоқдалар.

Моисеева тарафдорлари сўзларига кўра, унинг ишдан бўшатилиши сентябрь ойида бўлиб ўтадиган парламент сайловлари олдидан мамлакат бўйлаб мухолифатни йўқ қилиш мақсадида олиб борилаётган кампания доирасида кўрилган навбатдаги чорадир.

Нижний Новгород шаҳридаги 24-сонли мактаб директори сифатида 15 йил ишлаган Моисеева ишдан бўшатилганлиги тўғрисида мактуб олган. Мактубда Россия Меҳнат кодексининг расмийларга давлат муассасалари ходимларини ҳеч бир изоҳсиз ишдан бўшатишга рухсат берувчи банди келтирилган.

“Бундай нарсалар ҳаётда бўлиб туради”, деб ёзди директор “Facebook” тармоғида.

Директорнинг қариндоши маҳаллий оммавий ахборот воситаларига берган интервьюсида Моисеева январь ойида мухолифат раҳбари Алексей Навальний тарафдорлари митингида қатнашган ўқувчилар ва ўқитувчилар рўйхатини расмийларга беришдан бош тортгани учун ишдан ҳайдалганини айтди.

Моисееванинг исми ошкор қилинмаган қариндоши Нижний Новгород шаҳридаги маҳаллий янгиликларни ёритиб борувчи NN.ru нашри билан суҳбатда амалдорлар Моисеевани анча олдин йўқотишга киришганини сўзлаб берди.

“Ҳар сафар сайлов олдидан улар ундан ниманидир талаб қилишган, лекин ҳеч қачон улар сўраган нарсаларини ололмаган”, деди директорнинг қариндоши.

17–19 сентябрь кунлари Россияда маҳаллий сайловлар ҳамда парламентнинг қуйи палатаси ҳисобланувчи Давлат думаси сайловлари бўлиб ўтади. Сайловлар Думада мутлақ кўпчиликни сақлаб қолишга умид қилаётган “Ягона Россия” партиясининг рейтинги пастлаб бораётган бир пайтга тўғри келди.

Моисеева Озодлик радиосига интервью беришдан бош тортди.

“Мен ўзимни қаҳрамонга айлантирмоқчи эмасман”, деди у.

Аммо директор NN.ru нашрига берган интервьюсида ўқувчилари норозилик ҳаракатларига аралашгани ҳақида кўрсатма беришдан бош тортгани учун ишдан олинганини қисман тасдиқлади.

“Норозилик намойишларига ким борганини ошкор қилишимиз кераклигидан ўзим ҳам лол қолдим”, деди у.

“Мен [уларга]: Кечирасиз-у, мен уларни ўзим уриша оламан, лекин болаларни сотмайман, дедим”.

Моисеевани танийдиган нижний новгородлик журналист Александр Пичугин Озодлик билан суҳбатда собиқ директор ишдан бўшатилгани ҳақида очиқча гапирса, оқибатлари оғир бўлишидан хавотирда эканини айтди.

“Ҳокимият сентябрдаги сайловлар муаммосиз ўтишини истайди”, деб ёзди Пичугин Озодликка йўллаган мактубида. “Моисеева сингари одамлар уларга халақит беряпти”.

Ҳукумат танқидчилари ва сайлов кузатувчилари мактаб ходимлари ва давлат муассасаларида ишлайдиган бошқа ходимлар сайловларда “Ягона Россия” ёки Кремль дастаклаётган бошқа номзодларга овоз бериш учун босимга учрашини айтишади.

Пичугиннинг таъкидлашича, Нижний Новгородда ҳар бир мактабга барча ходим “Ягона Россия” партиясига овоз беришини таъминлаш тўғрисида кўрсатма берилган, аммо Моисеева бу буйруққа қарши чиққан.

“Шунинг учун улар уни ишдан бўшатишди”, деб ёзди журналист.

“Мулоқот мактаби”

24-сонли мактаб ходимлари Моисеева лавозимига қайтарилишини талаб қилиб интернетда петиция эълон қилдилар. Уларнинг сўзларига кўра, Моисеева илғор ва ғайриодатий ўқитиш услубларини дастаклагани ҳамда ўқув муассасасида ўқувчиларнинг қарашларига ҳурмат билан муносабатда бўлингани учун мактаб “Мулоқот мактаби” лақабини олган.

“У демократлашув, сиёсий ва диний бетарафлик, ҳар бир талаба ва ўқитувчининг субъективлиги тамойилларига асосланган намунали мактаб яратди. Ўз позициясига эга бўлган ва уни ҳимоя қилишга тайёр бўлган мактабни”, деб ёзди улар.

Ҳукумат танқидчилари Моисеева ишдан олинганини қоралаб, бу чора Россия сталинча “стукачество” – чақимчиликка қайтаётганидан дарак беришини айтишмоқда.

Мухолифат фаоли Владимир Кара-Мурза “Қаллоблар даври келди. Орқадан пичоқ санчиш ва стукачество уларнинг асосий фазилатлари”, деб ёзди.

Январь ойида бўлиб ўтган умуммиллий намойишлар тўлқини ҳамда февраль ва апрель ойлари бошларида бўлиб ўтган иккита кичик норозилик намойишлари ортидан Россия бўйлаб мухолифатга қарши кенг миқёсли тазйиқ кампанияси бошланди. Намойиш иштирокчиларга қарши ўнлаб суд иши қўзғатилди, Навальнийнинг сиёсий тармоғи ноқонуний деб топилди, кўплаб мухолифат фаоллари Россияни тарк этишга мажбур бўлди.

“Ватанпарварлик таълимоти”

Россия давлат матбуоти ҳамда расмийлар намойишларда асосан мухолифат алдаган ва гижгижлаган ёшлар қатнашганини иддао қилиб келади. Митинглардан кейинги бир неча ҳафта ичида Навальнийнинг бир неча ёрдамчисига “вояга етмаганларни норозилик намойишига ундаш” айблови қўйилди. Бу эса Россияда жиноят ҳисобланади.

Январь ойида бўлиб ўтган намойишлардан кейинги бир неча ҳафта ичида уларда қатнашганликда айбланган ўқувчилар ва талабалар ҳайдалди. Астрахань давлат университети талабалари олийгоҳ уларни ноқонуний равишда ўқишдан ҳайдаганини айтиб, университет устидан судга шикоят қилдилар. Бу ҳолат Россия бўйлаб шов-шувга сабаб бўлди.

“Биз бу ноқонуний ва адолатсиз эканини исботлашимиз керак”, деди ўша пайтда талабалар ёллаган адвокат Ярослав Павлюков.

Моисеева мухолифатни бостириш кампаниясига қарши чиқди ва ҳукуматнинг “Ватанга муҳаббат”, Ғарб маданиятидан нафратланиш каби тушунчаларни сингдиришга ҳамда Россия тарихини оқлашга қаратилган “ватанпарварлик таълимотини” танқид қилди.

Моисеева NN.ru сайтига берган интервьюсида ноҳақ ишдан бўшатилгани учун судга мурожаат қилишни режалаётганини айтди. У 15 йиллик фаолияти давомида 24-сонли мактабда амалга оширган ислоҳотлардан ҳамда очиқ мунозара қилиш маданиятини яратганидан фахрланишини айтди.

“Бу нимани исботлайди?”, деди у ишдан бўшатилгани ҳақида сўзлар экан.

“Одамлар толерант мактабда таҳсил олганини. Уларни [биров] эшитганини. Одамлар ўз қарашларини ҳимоя қилишни ўрганганини. Бу нарсалар менга барчаси беҳуда бўлмаганини англашга ундайди”.

XS
SM
MD
LG