Линклар

Шошилинч хабар
22 ноябр 2024, Тошкент вақти: 15:21

Россияга боролмаётган минглаб ўзбекистонлик Қирғизистонда иш изламоқда


Юзлаб ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари, шу жумладан, аҳоли зич яшайдиган Фарғона водийси аёллари ҳар куни иш қидириб қўшни Қирғизистонга ўтади.

Ўш вилоятининг Қорасув туманидаги “Дўстлик” чегара пункти яқинида эрта тонгдан ўзбек муҳожирлари тўпланади.

Айнан шу ерда муҳожирлар қисқа муддатли норасмий ишларга, яъни мардикорликка ёлланади. Омади чопмаганлар эса иш излаб Қирғизистон ичкарисига йўл олади.

“Эрта келганлар одатда тушгача иш топади. Қирғизистонда кунига ўртача 10-20 доллар ишлаб топамиз. Бу – жуда яхши! Баъзида эса иш тополмай уйга қуруқ қўл билан қайтамиз”, – дейди Андижон вилоятидан келган мардикор Ойбек.

Ўзбекистонда ўртача ойлик 130 долларни ташкил қилади.

Ойбекнинг айтишича, Қирғизистондаги ўзбек муҳожирларининг аксари пандемия билан боғлиқ саёҳат чеклови ва чипта нархи юқори бўлгани сабабли Россияга бора олмаётганлардир.

“Дўстлик” чегара пунктига дурадгор ёллаш учун борган қорасувлик Султон Айбашев Қирғизистонда ўзбекистонлик ишчиларга талаб каттагина эканини айтди.

“Ўзбекистонлик муҳожирлар маҳаллий ишчиларга қараганда анча арзон ҳақ эвазига ишлашга рози. Бундан ташқари, улар cидқидилдан ишлайди. Улар орасида малакали ишчилар ҳам талайгина”, – дейди С.Айбашев.

Аммо ҳамма ҳам бу ҳолатдан мамнун эмас.

Баъзи қирғиз расмийларининг айтишича, Ўзбекистондан келаётган арзон ишчи кучи маҳаллий меҳнат бозорига босимни кучайтирмоқда ва қирғиз ишчиларини сиқиб чиқармоқда.

Қирғизистоннинг ўзида ишсизлик инқирози мавжуд бўлиб, пандемия даврида у янада кучайди.

Яқинда АҚШда жойлашган Халқаро республика институти ўтказган сўровда Қирғизистондаги респондентларнинг қарийб 60 фоизи ишсизликни мамлакат олдида турган энг жиддий муаммо деб кўрсатган эди.

“Биз биринчи навбатда ўз фуқароларимизни иш билан таъминлашимиз керак. Аҳолининг энг заиф қатлами вакиллари бизга иш сўраб мурожаат қилади. Айни пайтда бизнинг қурилиш майдонларимизда кўплаб ўзбекистонликлар ишламоқда”, – дейди Ўш вилояти бандлик ва аҳолини ижтимоий муҳофаза этиш бошқармаси бошлиғи Ороз Шерипбаева Озодлик билан суҳбатда.

Расмий статистикага кўра, Қирғизистонда 2020 йилда 6,5 миллион аҳолининг 157 мингга яқини ишсиз ўлароқ рўйхатга олинган. Аммо ишсизларнинг ҳақиқий сони қарийб 500 минг экани айтилади.

Марҳамат, давлатга солиқ тўлашсин!

“Дўстлик” чегара пункти расмийларининг айтишича, ҳар куни 300 га яқин ўзбекистонлик, асосан Андижон турғунлари Қорасувга ўтади.

Уларнинг жуда оз қисми Қирғизистонга оилавий ташриф билан ёки диққатга сазовор жойларни томоша қилиш учун келади. Кўпчилик қора бозорда иш топиш илинжида сарҳад ошади.

Қирғизистонда ўзбекистонлик қанча муҳожир ишлаётгани маълум эмас, чунки уларнинг аксари хусусий иш берувчилар томонидан норасмий равишда ёлланади. Улар уй қуриш ёки таъмирлаш, эски биноларни бузиш ва бошқа оғир юмушларга жалб қилинади. Аёллар кўпинча уй ишларини қилади. Бундан ташқари, эркагу аёллар экин-тикин ишларини бажаради.

Норасмий меҳнат бозорида дарахт кесиш ёки баҳорги тозалаш каби бир неча соатлик ишлардан тортиб қурилиш ёки қишлоқ хўжалигига доир бир неча ҳафталик ишларга қадар таклиф этилади.

Иш берувчи одатда ёлланма меҳнаткашларни ётоқ билан таъминлайди. Чегарадаги қишлоқлардан келадиганлар эса кечқурун уйига қайтади.

Томонлар оғзаки равишда келишади. Иш ҳақи фақат нақд пулда тўланади. Ишчи ёки иш берувчи ҳокимиятда рўйхатдан ўтмайди, демак, солиқ ҳам тўламайди.

Қирғизистон расмийлари ва жамоатчилик орасида ноқонуний меҳнат соҳасини тартибга солиш, муҳожирлар учун мажбурий ишлаш рухсатномаси ва даромад солиғини жорий этиш чақириқлари янграб келади.

Ўзбекистонлик муҳожирлар 2017 йил сентябрда, яъни икки давлат назорат пунктларини қайта очиб, чегарадан ўтиш тартиби енгиллаганидан кейин кичикроқ миқёсда Қирғизистонга кела бошлаган.

Орадан бир йил ўтгач, қирғиз депутати Кенжебек Бокоев норасмий равишда ишлаётган ўзбек муҳожирлари Қирғизистонга ҳеч қандай фойда келтирмаслигини айтди. Депутат минглаб қирғизларни ишсиз қолдираётган муҳожирлар қонуний равишда ишлаши ва солиқ тўлаши кераклигини ҳам талаб қилди.

Ҳаммаси Россия чегараси очилишига боғлиқ

Россия пандемия билан боғлиқ саёҳат чекловларини бекор қилмагунча, Қирғизистонда ўзбекистонлик ишчилар сони ўзгармаслиги тайин.

Россия 1 апрель куни ўзбекистонликларга ўз эшикларини очди, аммо уларга фақат учоқ орқали киришга изн берилди.

Ҳафтасига атиги иккита рейс режалаштирилгани сабабли ёз ойларидаги рейслар чиптаси ҳам сотиб тугатилди.

35 миллион нуфусли Ўзбекистонда меҳнат муҳожирлари юбораётган маблағ мамлакат иқтисодиёти учун муҳим аҳамият касб этади.

Расмий ишсизлик даражаси 2020 йилда 13 фоизни ташкил этди. Аммо юқори мартабали мулозимлар ишсизлик кўрсаткичи аслида анча юқори эканини тан олишади.

Ўтган йили, коронавирус пандемияси бошланишидан олдин тахминан 6 миллион ўзбекистонлик ҳар йили мавсумий ишлагани чет элга, асосан Россияга сафар қилаётган эди.

Транспорт вазирлиги маълумотига кўра, пандемия арафасида ҳафтасига “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпаниясининг 87 та самолёти қатнаган. Меҳнат мавсуми авжи қизиган пайтда Россиянинг турли авиакомпаниялари томонидан ҳам ҳафтасига қарийб 100 та рейс амалга оширилган.

Меҳнат муҳожирлари учун энг оммабоп ва арзон вариант йўл транспортидир. Пандемиядан олдин Тошкент ва Андижондан Россиянинг турли шаҳарларига ҳафтасига 12 та автобус ва 13 та поезд қатнаётган эди.

Хабарларга кўра, 2020 йил март ойида тўхтатилган поезд қатновини қайта йўлга қўйиш бўйича музокаралар олиб борилмоқда. Аммо бу борада аниқ сана эълон қилинганича йўқ.

XS
SM
MD
LG