Линклар

Шошилинч хабар
22 ноябр 2024, Тошкент вақти: 13:20

Экспертлар: Сабзи нархи ошганига қурғоқчилик ва захиранинг йўқлиги сабаб бўлди


Ўзбекистонликлар сабзи нархи бунчалик ошганини эслолмасликларини айтади.
Ўзбекистонликлар сабзи нархи бунчалик ошганини эслолмасликларини айтади.

Ўзбекистонда сўнгги кунларда бир килограмм сабзи нархи 17 минг сўмгача кўтарилди.

Фермер ва экспертлар бунинг сабабини қурғоқчилик, озиқ-овқат маҳсулотлари захира тизимининг ишламаслиги билан изоҳламоқда.

Озодлик суҳбатлашган деҳқонларнинг айтишларича, ўтган йили сабзи нархининг сув-текин бўлгани учун бу сабзавот тури кам экилган.

Ижтимоий тармоқларда сабзи нархининг қимматлагани юзасидан юморли постлар ҳам кўпая бошлади.

Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги нарх кўтарилиши сабабини февраль ва апрель ойларида об-ҳавонинг кескин совиши оқибатида сабзи кеч етилаётгани билан изоҳлади.

Қашқадарё вилоят, Қарши шаҳрида яшайдиган уй бекаси Нафиса 24 июнь куни бозорда бир кило сариқ сабзининг нархи супермаркетда 17 минг сўмга чиққанини кўрган:

“Кейин бозорга кирдим. Сариқ сабзи 11 минг, қизил сабзи 8 минг сўм. Тарихда бунақаси бўлмаган”.

Сув бўлмади

Косон туманида сабзикорлик билан шуғулланадиган Абдураҳмон исмли деҳқоннинг айтишича, сув бўлмагани сабабли кўпчиликнинг экини қуриб қолган:

“Бизнинг Беруний ҳудудимиз сабзичилар маҳалласи. Вилоятнинг ярмини сабзи билан таъминлардик, десак хато қилмасам керак. Биласиз, сабзи экилганидан кейин дарҳол суғорилади. У ўсиб токи тагини соя қилгунча доимий намлик сақланиб турилиши керак. Биз кўпроқ ёмғирга умид қилардик, лекин ёғингарчилик бўлмади. Сув ҳам олиб келолмадик. Кўпчиликнинг сабзиси шундай қилиб қуриб қолди. Тарвузни сувсиз бир қанча муддат ушлаб туриш мумкин, лекин сабзини бир кун ҳам ушлаб туролмайсиз”.

Деҳқоннинг айтишича, ҳовлисига сабзи экканлар ҳам қурғоқчилик сабаб куйиб қолдилар:

“Бизда кўпчилик 4-5 метрдан одамлар качалка билан сув чиқариб, насос ёрдамида томорқасини суғорарди. Бу йил эса сув 2-3 метр пастга тушиб кетди, качалкалар ҳам қуриб қолди. Оқибатда ҳовлидаги экинларга ҳам сув топиб беролмадик”.

Захирада сабзи бўлмаган

Бухоро вилоят, Жондор туманида фермерлик қилаётган Шуҳрат Раззоқовнинг айтишича, сабзи нархи қимматлашиб кетганига икки сабаб бор:

“Биринчиси, ўтган йили сабзи 300 сўмгача тушиб кетди. Кўп деҳқонлар харажатини ҳам чиқара олмай қолди. Шунинг учун мен билган деҳқонлар бу йил сабзи экмади. Иккинчи сабаби сув йўқ. Одамлар эккан ҳосили сувсизликдан қуриб қолаверганидан сўнг ҳафсаласи пир бўлган”.

Шуҳрат Раззоқов, сабзи нархининг кўтарилишига асосий сабаб, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг захира базаси йўқлигида деб билади:

“Бизда асосий захира сифатида фақат ун, ёғ ва шакар кўрилади. Аҳолидан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сотиб олиб, захира қиладиган ташкилотлар тугаб кетган. Мана бу йил пиёз 300 сўм бўлиб қолди, янаги йил ҳамма энди сабзи экади, пиёз қиммат бўлади. Нархлар қимматлашиб кетишининг асосий сабаби, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш, уни захира қилиш тизими бутунлай ишдан чиққан. Илгари собиқ иттифоқ даврида “заготконтора” деган идора бўларди. Ўша аҳолидан мева сабзавотларни сотиб олиб, бирдай, бир хил нархда савдога чиқариб турарди. Ўшанда аҳоли етиштирган бирор маҳсулот қолиб, чириб кетмас эди. Масалан, қишин ёзин картошка, пиёз, сабзи нархи бир хил турарди”.

Баҳор кеч келди

Андижон вилоят, Пахтаобод туманидаги исми сир қолишини сўраган фермерлардан бирининг айтишича, об-ҳавонинг совуқ келиши оқибатида сабзи ривожи кеч қолган:

“Ҳар йили эски сабзи билан янги сабзининг бозорга чиқиши ўртасидаги тафовут бир ҳафта, ўн кун бўларди. Бу йил баҳор кечиккани ва кунлар кечроқ исигани сабаб сабзи кеч етиляпти. Шунинг учун нарх бирданига кўтарилди. Бизда ҳозир бир кило сабзининг нархи 11 минг сўм”.

Планли-пропорционал ривожлантириш йўқ бўлди

Собиқ иттифоқ даврида Қашқадарё вилоятидаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини тайёрлаш ва захира қилиш идорасида раҳбар бўлиб ишлаган собиқ мулозимнинг айтишича, иқтисодиётни планли-пропорционал ривожлантириш издан чиққанлиги сабабли, айрим бир қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари бир даврга келиб мисли кўрилмаган даражада қимматлашиб кетмоқда:

“Масалан, Қашқадарё вилоятининг қарийб тўрт миллион аҳолиси бор дейлик. Шунча аҳолига бир йилда қанча картошка, пиёз, сабзи керак? Ана шу ва экспорт ҳисоблаб чиқилиб, шунга яраша экин экилиши ва унинг захираси таъминланиши керак. Ана шундагина нарх навонинг кўтарилиб кетишини олдини олиш мумкин. Ҳозир бундай тизим йўқ. Ҳозир ким нима хоҳласа шуни экади. Майли, хоҳлаганини эксин, лекин ҳукумат уни сотиб оладими, захира қиладими, лекин аҳолини биринчи эҳтиёждаги маҳсулотлар билан таъминлаши шарт”.

Мутахассиснинг айтишича, мамлакатда қурғоқчилик бўлиши йилнинг бошиданоқ аён эди, лекин ҳукумат бунга тайёргарлик кўрмади:

“Ўзбекистонда ҳукумат идораларида қанчадан қанча одамлар прогнозлаш билан шуғулланиб, ойлик олиб ўтирибди. Нега улар мамлакат қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари қанча захира қилингани ва қанчага етиши билан шуғулланмайди. Нега улар, тақчил бўладиган маҳсулотларни захира қилиш тавсияларини ҳукуматга бермайди. Ҳукумат қурғоқчилик бўлишини билганку, нега зарурий чораларни кўрмади?”

Вазирлик изоҳи

Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги матбуот котиби Нигора Хўжаева куни-кеча АОКАда ўтказилган брифингда сабзи нархларининг кескин ошиб кетганлигига шундай изоҳ берган эди:

"Жорий йилнинг апрель-май ойларида сабзининг бозорлардаги ўртача нархи 2000-2500 сўмни ташкил этган. Аммо, ҳозирги пайтда сабзининг нархи кескин ошиши кузатилмоқда. Бунга асосий сабаб сифатида февраль ва апрель ойларида ҳавонинг кескин совиб кетишини кўрсатишимиз мумкин.

Айнан шу сабабли эртаки муддатда экилган сабзининг пишиши 20-25 кунга узайиши қайд этилди. Шу боис сабзининг мавсумий тўлиқ етилиш ва йиғиштириб олиш муддати июнь ойининг охирига тўғри келмоқда. Бозорларда талаб кўпайиб кетиб, таклиф ҳажмининг камайиши нархларга таъсир ўтказган”.

Озодлик Қишлоқ хўжалиги, мева-сабзавотчилик бошқармаси билан боғланиб, бу масала юзасидан бошқа саволлари ҳам борлигини билдирди. Аммо вазирлик мулозими брифингда берилган маълумот билан чекланишимизни айтди.

Сабзивой улуғланди

Ўзбекистонда сабзи нархининг бирданига қимматлаб кетганига ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари ҳам турли хил муносабат билдирмоқда.

Янги узилган сабзи уюмига ёнбошлаб ётган деҳқон Телеграм каналида тарқалган видеода шундай дейди:

“Ҳўв, ДЭУдагилар, мундоқ тузукроқ мошиналаринг борми, сабзини пулига оладиган ёки МЕРСга борайми, Германияга”.

Бошқа бир расмда эса сабзининг нархи валюталар олди-соттиси рўйхатида пайдо бўлади.

Бошқа бир видеода эса қўлига икки дона сабзи ушлаб турган одам шундай дейди:

“Э, қойил мана шу икки дона сабзи беш минг сўм бўляпти. Бир килоси 17 минггача. Бу туришда билмадим ошни қанақа қилиб еймиз, гўштнинг нархигача чиқиб борасанми, дейманда!”

XS
SM
MD
LG