Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 02:51

Мирзиëева-Алламжонов фонди: Кимга ширинкулча¸ кимларга қамчи?


Январь ойида Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоатчилик фонди нодавлат нотижорат ташкилоти (ННТ) сифатида ташкил этилгани хабар қилинди. Фонд оммавий ахборот воситаларини ривожлантириш, журналист ва блогерлар ҳуқуқи таъминланишига кўмаклашиш ва мамлакатда сўз эркинлигини мустаҳкамлашда жамоатчилик институтлари ролини кучайтиришни ўз олдига вазифа қилиб қўйди.

Қизиғи шундаки, ННТни рўйхатдан ўтказмоқчи бўлган ватандошлар ва ташаббус гуруҳлари доимий рад этишлар, сансалорлик, ҳар хил тўсиқлар ва ҳоказо қоғозбозликка дуч келиб турган бир пайтда Адлия вазирлиги ушбу фондни “оёғини ерга теккизмай” рўйхатдан ўтказди-қўйди. Фонднинг чет эл ва маҳаллий грантлар ва маблағлар билан молиялаштирилиши айтилаётган эса-да, айнан қандай ҳомийлар жалб этилиши ноаниқ ва ношаффофлигича қолмоқда.

Жамоат фонди қошида таркибига турли оммавий ахборот воситалари вакиллари ва блогерлар кирувчи жамоатчилик кенгаши ҳам ташкил этилди. Уни жамоат кенгаши деб аташ мушкул, чунки аъзоларни танлаб олиш принцип ва механизмлари тушунарсиз.

Шу муносабат билан давлатнинг сўз эркинлиги, матбуот эркинлиги, блогинг соҳаси ва журналистикани қўллаб-қувватлаш учун иерархияга асосланган кенгашлар, қўмиталар, уюшмалар ёки иттифоқлар тузишни зарур қилиб кўрсатаётгани шубҳа уйғотади. Нега сўнгги икки йилда ОАВ ходимларига жиддий эътибор қаратилиб, совға-саломлар улашилиб, медаллар билан тақдирланмоқда ва формал кенгашлар тузилмоқда?

Блогерлар ва журналистлар эркин бўлиши, мақолалар ёзиши, у ёки бу долзарб мавзуда блог юритиши учун, айниқса, тепанинг ташаббуси билан тузилаётган кенгашларга аъзо бўлишининг кераги йўқ. Янги клубга аъзо бўлганларнинг ниятлари шубҳа уйғотади. Улар чиндан ҳам эркин журналистикани ривожлантириш тарафдорими ёки мақсад аъзолик картаси билан ўзини кўз-кўз қилишми? Мустақиллик йилларидаги қаттиқ цензура, қатағон ва қатъий назорат остида ўткир ижтимоий муаммоларни ёритган мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари, журналистлар ва фаолларга на расмий унвонларнинг, на клубларга аъзоликнинг ва на ўз-ўзини кўз-кўз қилишнинг кераги бор эди.

Шу ўринда яна бир савол туғилади: бошқа ижтимоий фаол ватандошларга ҳам муқобил фондларини ва коррупцияга қарши кураш, журналистикани ривожлантириш, талабгорлик, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш бўйича мустақил ННТни рўйхатдан ўтказиш имконияти бериладими? Мустақил ижтимоий ташкилотларга нисбатан плюрализм ривожланадими? Соғлом демократик мамлакатларда сиёсий рақобатсиз ва ахборот воситалари устидан жамоатчилик назоратисиз ОАВнинг ҳаққонийлигини таъминлаб бўлмайди.

Аслида блогер ва журналистларни “ийдириш” сиёсати бугун пайдо бўлгани йўқ. Масалан, Россия билан Қозоғистонда ҳокимият “ширин кулча усули”дан, яъни рағбатлантириш ҳамда молиявий воситалар, унвонлар, эътироф, хизмат пиллапоясидан кўтариш, лавозим бериш ва ҳимоя қилиш йўли билан сотиб олишдан фаол фойдаланмоқда. Натижада муроса даражасига қараб, улар “тизимдагилар” ва “тизимдан ташқаридагилар”га ажратила бошлади. Айримлари тадрижан ўсиб, федерал каналларда фақат ҳокимият манфаатлари ҳақида жар соладиган тарғиботнинг ахборот “махсус кучи”га айланиб кетди. Бу моҳиятан нафақат ОАВ, қолаверса, шоу-бизнес ва маданиятнинг актёрлар, созандалар, артистлар ва ҳк. сингари турли катталикдаги вакилларига ҳам тегишли.

Айрим авторитар мамлакатларда ижтимоий тармоқлардан фойдаланувчилар сони ортиб бориши билан ҳокимият идоралари интернетни ҳам қўлга ўргатиш ва назоратда ушлаб туриш зарурлигини англаб етди. Ўзбекистон шароитида эса ҳокимият манфаатларини ҳимоя қиладиган институт кўринишида “патронаж”нинг муайян моделини яратиш эҳтимоли мавжуд. Унинг мақсади ахборотни тўлиқ блокламаслик, аммо ўткир қирраларни силлиқлаш ёки айниқса, олий ҳокимият идоралари тегишли нозик мавзулар ҳақида хабарлар асосий аудиторияга узатилишига халақит бериш бўлади. Фаолларни жиловлаш, шунингдек, сиёсий мухолифат вужуд келишига йўл бермасликнинг энг яхши йўли “инфлюэнсерлар” ва “опинион-лидерлар”ни қанот остига олишдир. Шу тариқа ўтган йил давомида Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги қошида ОАВга бағишланган дабдабали тантаналар, конгресслар, тадбирлар ва ҳар хил мажлислар ўтказилди.

Яна шуни ҳам таъкидлаш зарурки, давлат айрим блогерлар ва журналистларни алоҳида медаллар билан мукофотлади. Бу гап қулоққа ғалати ва бемаъни эшитилади. Бунинг ортида ҳокимиятнинг ҳимматига яраша садоқатни кучайтиришга, ижтимоий ахборот маконининг сиёсий мазмундаги контентини (мақолаларо, постлар ва ҳк.) билинтирмай бошқаришга йўналтирилган яширин мақсадлар турганини англаб олиш қийин эмас. ОАВ ва блогерлар давлат сиёсатини маъқуллаб баҳолашига эришиш учун совға бонуслари тарзидаги таъсир воситасидан фойдаланиш ҳар нарсадан ортиқ самара беради. Узоқ истиқболда айрим блогер ва журналистлар маҳаллий тарғиботчиларга дўниб, режимнинг ҳақиқий таянчи ва устунига айланиши мумкин. Пировардида ахборот тарқатишдаги ҳокимиятга содиқлик ва бирёқламалик уларнинг муросаси даражасига боғлиқ бўлиб қолади.

Руслан Тошкентбоев

(Халқаро сиëсатшунослик бўйича хорижда таҳсил олган ўзбекистонлик ëш таҳлилчи)

***

OzodTahlilchi - Озодликнинг янги рукни. Унда турли соҳа мутахассислари, экспертлар, публицист, журналист ва блогерларнинг Озодлик ўқувчилари учун ёзган таҳлилий мақолалари эълон қилиб борилади.

OzodTahlilchiда, шунингдек, Озодлик форматида бўлмаган луқмалар, шарҳлар, чизгиларга, бир сўз билан айтганда, муаллифларнинг кундалик воқеа-ҳодисаларга муносабатлари акс этган матнларга ўрин берилади.

OzodTahlilchiда эълон қилинадиган материал муаллифи қарашлари Озодлик қарашлари ифодаси сифатида қабул қилинмаслиги керак.

XS
SM
MD
LG