Линклар

Шошилинч хабар
17 январ 2025, Тошкент вақти: 01:13

"Салимбой" муддатидан аввал қамоқдан чиқди. "Қирғиз иши" нима бўлди?


Салимбой чиқди. Қирғиз иши нима бўлди?
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:17:49 0:00

Ўтган йили ўқотар қуролни қонунга хилоф равишда сақлашда айбдор деб топилиб 6 йиллик қамоқ жазосига маҳкум этилган “Салимбойвачча” - Салим Абдувалиев 5 йил олдин озодликка чиқди.

75 яшар Абдувалиев соғлиги ёмонлашгани боис жазодан озод қилингани айтилди. Унга нисбатан Ўзбекистон жазо тизимида камдан-кам қўлланадиган ЖК нинг 75-моддаси қўлланган.

Салим Абдувалиев ва унинг атрофида криминал оламга алоқадор кўрилган қатор шахслар 2023 йил охирида Ўзбекистонда ўтказилган “Долзарб 40 кунлик” рейдлари давомида қўлга олинганди.


Аммо Озодликнинг ҳуқуқ-тартибот идораларидаги манбаларига кўра, унинг ҳибсга олиниши Қирғизистонда унга нисбатан “уюшган жиноий гуруҳлар фаолиятини молиялаштириш ва наркотик савдоси”га оид айблов қўйилиши билан боғлиқ.

Қирғизистон томони 2024 йилнинг августида айблов эълон қилган ва ҳозирга қадар Абдувалиев билан алоқаси учун 10 га яқин қирғизистонлик таниқли шахс сўроққа тортилди, ҳибсга олинди ёхуд ишдан бўшатилди.


Узоқ йиллар Ўзбекистон давлат идораларидан бирида юқори лавозимда ишлаган манбанинг Озодликка айтишича, Салим Абдувалиев 12 январь куни уйига борган.

Манба, "Салимбойвачча"нинг озод қилиниши аслида Янги йил байрами арафасидан бери кутилаётган эди, дейди.

“Кайфияти яхши бой отанинг. “Зўр ўтирдим, 10 га 7 метр кабинетда”, деяпти ҳаммага. Ичкарида юрак ушлаши ва ҳоказо, деган гаплар ҳам бўлмаган, деяпти. Касал бўлгани учун чиқаришган. Янги йил олдидан чиқиши керак эди. Лекин, ИИВ даги ҳамма катталар дам олишга кетиб қолишди-ку! Бунинг устига Президент ҳам Россияга МДҲ йиғилишига кетворди. Шунга кечиккан”, дейди Озодлик манбаси.

Бу манбага кўра, Салим Абдувалиевга ЖКнинг 75-модда - “Касаллик ёки меҳнат қобилиятини йўқотиш оқибатида жазодан озод қилиш” моддаси қўлланган.

  • 75-модда. Касаллик ёки меҳнат қобилиятини йўқотиш оқибатида жазодан озод қилиш


“Ҳукм чиқарилганидан кейин ўз ҳаракатларининг аҳамиятини англай олмайдиган ёки уларни бошқара олмайдиган тарзда руҳий ҳолатининг бузилиши юзага келган шахс, шунингдек жазони ўташга тўсқинлик қиладиган бошқа оғир касалликка чалинган шахс жазони ўташдан озод қилиниши лозим”.

Манбага кўра, Абдувалиев ушбу модданинг оғир касалликка чалиниш, деган қисми билан озод қилинган.

“Соғлиқ аҳволи ёмонлиги билан чиқаришган, яъни уни амнистия билан чиқаришмаган. Соғлиги яхшимас, 10 килограмм вазн йўқотган. Ҳозир уйида одам кўп. Москвадан, у ёқ-бу ёқдан телефон бўлиб ётибди”, дейди Озодлик манбаси.

Салим Абдувалиев қўлга олингани ҳақидаги хабар 2023 йилнинг 5 декабрида жамоатчиликка маълум қилинган.

Ўшанда у Жиноят кодексининг 248-моддаси 1-қисми - “ўқотар қуролни ноқонуний сақлаш”да гумон қилиниб, процессуал тартибда ушлангани айтилган.

Тергов жараёнида унга ЖК нинг 246-моддаси - контрабанда айби қўйилгани, бироқ муддати ўтиб кетгани боис, жавобгарликдан озод этилгани маълум қилинди.

Абдувалиевга контрабанда айби нима асосда, қайси ҳаракатлари учун қўйилгани жамоатчиликка очиқланмади. Адвокатлари ҳам бу ҳақда ҳеч қандай маълумот бермади.

Ҳатто, унинг ўзи ҳам ҳибсдан сўнг Тошкент шаҳридаги ИИВга қарашли бинода сақлангани, 2024 йилнинг 19 мартида 6 йиллик қамоқ жазосига ўқилган ҳукмдан сўнг ҳам, қамоқхонага йўлланмагани ўртага чиққан эди.

Абдувалиевга яқин Озодлик манбалари, унинг Давлат хавфсизлиги хизмати тергов ҳисбхонасида сақланаётгани, орада адвокатлари уни Сангород - Ўзбекистон Жазони ижро этиш бош бошқармаси қошидаги шифохона-қамоқхонага бориб кўргани қайд этилганди.

Ўзбекистон куч-ишлатар идораларида бирида ишлаётган ва шахси сир қолиши шарти билан гапирган мулозимнинг Озодликка айтишича, Абдувалиевнинг қамоққа ташланиши - унга нисбатан Қирғизистонда илгари сурилган жиддий айбловлар билан боғлиқ.

“Қирғизистонда унга айблов эълон қилинган пайтда, улар уни ўзларидаги судларга чақиртириб, сўроқ қилишмоқчи бўлишди. Шунинг учун, бу ерда шунақа программа қилинди - уни ичкарига олиб кириб, уни қирғизлар учун чиқаришган. У ерда суд тугади, буни судга чақиришмоқчи эди. Лекин улар уни бу ерга тиқди, егани олдида емагани ортида. Шунга программа қилинган. У ерда суд тугади. Янги йилдан олдин чиқиши керак эди. 40 кунликка ҳеч алоқаси йўқ. Қолганлариям чиқиб келади ҳали”, дейди Озодликнинг куч ишлатар идорадаги яна бир манбаси.

Бундай иддаолар ёки унинг аксини тасдиқловчи маълумотлар Озодликда йўқ.

Абдувалиев ҳибсга олинган кезларда аноним шаклда Озодлик билан гаплашган адвокатлар, бу иш махфийлик грифи остида кўрилаётганини билдирган.

Шу кунга қадар Абдувалиевга нисбатан жиноят иши доирасида - айблов, судлов ёхуд ҳукмга оид бирор бир маълумот берилмагани, расмий идораларнинг ҳам сукут сақлаётган бундай иддаоларни жонлантирмоқда.

Ўтган йил август ойида қўшни Қирғизистонда Абдувалиевга нисбатан жуда жиддий айбловлар илгари сурилган.

Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси 5 август куни берган баёнотида Бишкек шаҳар Октябрь туман суди Абдувалиев устидан жиноят иши қўзғатгани ва шу иш доирасида халқаро қидирувга бергани айтилди.

“Салимбойвачча” номи билан танилган Салим Қирғизбоевич Абдувалиев Қирғизистонда уюшган жиноий гуруҳлар фаолиятини молиялаштиришда гумонланади”, дейилади МХДҚ матбуот хизмати хабарномасида.

Бишкек шаҳар суди очган жиноят ишида Абдувалиев, “Биродарлик халқаси” халқаро уюшган жиноий гуруҳи таркибига кирувчи қирғизистонлик Қамчи Кўлбоев билан алоқадорликда айбланади.

“Коля қирғиз” лақаби билан танилган “Қонундаги ўғри” Қамчи Кўлбоев ўтган йилнинг 4 октябрида Қирғизистонда Миллий хавфсизлик қўмитаси томонидан ўтказилган амалиётда ўлдирилган.

“С.Aбдувалиев Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жиноий тузилмаларга раҳбарлик қилган, шунингдек, МДҲ давлатларида бевосита таъсирга эга бўлиб, гиёҳвандлик воситаларини Европа давлатларига олиб ўтиш бўйича ноқонуний каналларни ташкил этган ҳолда “қонундаги ўғри” деб аталмиш К. Aсанбек билан алоқа ўрнатиб, тизимли равишда моддий ёрдам кўрсатган. Бундан ташқари, унинг Қирғизистон, шунингдек, Марказий Осиё мамлакатларидаги бошқа нуфузли криминал авторитетлар қаторида жиноят оламининг етакчисига айланишига ёрдам берган ва ҳисса қўшган”, дейилганди МХДҚ матбуот хизмати хабарномасида.

Қирғизистон хавфсизлик қўмитаси, Колбаевнинг Салим Абдувалиев тадбирларида қатнашгани уларнинг алоқаси мустаҳкам бўлганини кўрсатади, деб ҳисобламоқда.

Баёнотга Абдувалиев ва Колбаев бирга тушган сурат ҳамда видеолардан иборат ролик илова қилинди. Ҳозирча Абдувалиевга нисбатан Қирғизистонда очилган жиноят иши конкрет қандай далилларга асослангани ҳақида маълумот йўқ.

Шунингдек, Қирғизистонда шу кунга қадар Салим Абдувалиев билан алоқадор кўрилган 10 га яқин таниқли шахс сўроққа тортилди, ҳибсга олинди ёхуд ишдан бўшатилди.

Булардан кўпчилигининг Салимбой билан бирга, ҳатто унинг уйида тушган суратлари ва видеолари Интернетда тарқалган.

Қирғизистонда биринчилардан бўлиб Абдувалиевга алоқадорликда айбланган депутат Эмил Жамгирчиев эса катта шов-шув бўлганди.

Терговга чақирув қоғозини тўғри парламент биносига олиб боришганида, депутат жонини хатарга қўйиб, иккинчи қаватдан сакраб қочганди. Жамгирчиев, гўёки Салим Абдувалиевдан ёрдам олиш учун Ўзбекистонга ноқонуний ўтишда айбланганди.

Ўшанда Қирғизистон президенти Садир Жапаров ва Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси (МХДҚ) раҳбари Қамчибек Ташиев, Жогорку Кенеш (парламент) депутати Эмил Жамғирчиев «Салимбой»дан бизни йўқ қилишда ёрдам сўраган, деб баёнот берган. Ташиевга кўра, Салимбой буни тасдиқлаган.

“Ўзбекистон, Қозоғистонда мавжуд қонунчиликка мувофиқ, улар ҳеч кимга ҳеч қачон ўз фуқаросини бермайди. Қирғиз ҳуқуқ-тартибот идоралари буни жуда яхши билади. Абдувалиевга нисбатан жиноят иши бизнинг ҳукуматдагилар учун оддий пиар кампания эди. Шунинг учун ҳозир ҳам уни жиноий жавобгарликка тортиш учун ҳеч қандай ҳаракат бўлмайди. Расман уни сўраб, сўровнома киритишади ва Ўзбекистон бермайди. Шу билан ишни ёпишади ва унутишади”, дейди Қирғизистон Хавфсизлик кенгаши собиқ раиси Ўмурбек Сувоналиев.

Айни пайтда, Ўзбекистон томони ўз фуқароси - қўлга олингунига қадар Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси вице-президенти бўлган Салим Абдувалиевга нисбатан қўшни давлатда илгари сурилган айбловларга ҳеч бир шаклда муносабат билдиргани йўқ.

Аммо, Ўзбекистон ҳокимиятига яқин манбалар, Абдувалиев масаласи икки давлат раҳбари даражасида муҳокама қилинган, деган иддаони илгари сурган. Бу иддаога ҳам Ўзбекистон томони ҳеч бир шаклда муносабат билдирмаган.

Салим Абдувалиев ҳар доим ҳукмрон элита билан яқин алоқада бўлган ва ҳатто, шу кунда Ўзбекистонда ишлаб турган куч ишлатар идоралардаги раҳбар кадрларнинг ишга келишида унинг қўли борлигига оид жиддий иддаолар бор.

Бундай иддаолар, 2004-2007-йилларда АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси бўлиб ишлаган Жон Пурнеллнинг Wikileaks сайтига сиздирилган дипломатик ëзишмаларида ҳам акс этганди.

WikiLeaks чоп этган ҳужжатларда Ўзбекистонда катта таъсирга эга “мафия бошлиғи” сифатида таърифланган Абдувалиевнинг ҳукумат мулозимлари билан яқин алоқалари, хусусан давлат лавозимлари ва ҳукумат шартномаларини сотишда, хизмат ҳақи эвазига, воситачилик қилиши ҳақида сўз боради.

"Викиликс"да 2006 йилда тилга олинган бу маълумотлар бошқа манбаларда томонидан тасдиқланмаган. Бу маълумотларга ҳам на Абдувалиев ва Ўзбекистон раҳбарияти муносабат билдирган.

Каблограммаларда давлат лавозимларини, криминал шахслар воситасида сотиш жараёнида иштирок этгани айтилган собиқ Ички ишлар вазири Зокиржон Алматов ҳам ҳануз вазирликда, ҳозир ички ишлар вазирининг маслаҳатчиси.

Айни пайтда, Салимбойнинг Ўзбекистонда қамалишию у билан алоқадор кўрилган “кўча”нинг Қирғизистонда тизгинланиши ортидаги сабаб, ҳозир қирғиз томони айтаётганидай “ноқонуний даромадларни легаллаштириш”, минтақа орқали “гиёҳванд моддалар ташиладиган каналларни ташкил қилиш”, “криминал оламни назорат қилиш” каби жиноятлар олдини олиш эканига шубҳа қилаётганлар ҳам бор.

Айрим таҳлилчилар фикрича, бу ердаги асл сабаб, ҳокимиятга яқин кучларнинг 2023 йилнинг кузига қадар Қирғизистонда “Коля қирғиз” дейилган Қамчи Колбаев, Ўзбекистонда эса Салимбойвачча, дейилган Абдувалиев назоратида бўлган контрабанда маҳсулотлари савдосини ўз назоратига олиш уринишидир.

Айниқса, Қирғизистонда Колбаев ўлдирилгач, Хитойдан келадиган контрабанда маҳсулотлар савдоси икки қўшни республикаларда бугунги ҳукуматига яқин доиралар қўлига ўтгани иддао қилинади.

Форум

XS
SM
MD
LG