Линклар

Шошилинч хабар
22 ноябр 2024, Тошкент вақти: 17:24

Сардоба фалокати: Тошқиндан уйсизга айланганлар ерининг олиб қўйилиб¸ “дом”га чиқарилишидан хавотирда (ВИДЕО)


ФВВ ва Миллий гвардия сув босган ҳудудлардаги электр¸ газ¸ сув ва алоқа таъминотини тиклаш ишларини олиб бормоқда.
ФВВ ва Миллий гвардия сув босган ҳудудлардаги электр¸ газ¸ сув ва алоқа таъминотини тиклаш ишларини олиб бормоқда.

1 май куни Сардоба сув омбори тўғонининг ëрилиши оқибатида уйсиз қолган сирдарëликлар Озодликка ҳар бири 8 сотихдан 30 сотихгача бўлган ҳовлилар ўрнига ҳашар йўли билан қуриладиган арзон домларга чиқишни истамаслиги¸ ҳукумат бузилган уйи ўрнида янгисини тиклаб бериш масъулиятини зиммасига олиши лозимлигини айтмоқда.​

Президентнинг 1 май кунги фармойишида тошқин оқибатида уйсиз қолган аҳоли учун зудлик билан 50 та кўпқаватли уй “давлат ҳисобидан беғараз” қуриб берилиши айтилган.

Сув омборида тўғон ёрилиши оқибатида 5000 га яқин ҳовли сув ичида қолди.

Тошқиндан сўнг бир неча кун ëққан ëмғир эса¸ айрим жойларда икки метргача сув ичида қолган уйларнинг қулашини янада тезлаштирди.

Бульдозерлар уйлар қолдиқларини текислашни бошлади...

Сирдарëликларнинг Озодликка айтишича¸ сув омборининг кун ботиш томонидаги, аҳоли ўртасида 9¸ 1 ва 1А совхоз деб аталадиган ҳудудлар икки метрча сув тагида қолган ва 11 майгача бу ҳудудлардаги уйларнинг ҳаммаси қулаб тушган.

Бугундан бу ҳудудларда ялпи ҳашар бошланди¸ бульдозерлар ишга тушди. Бир чеккадан ҳамма қолган-қутган уйларни бузиб¸ тозалаяпти. Сирдарëдаги аксар бюджет ташкилотлари одам юборишни бошлади. ФВВ¸ ИИВ ва Миллий гвардия билан бир қаторда бюджетчилар ҳам ана шу қора ишларга ташланди. Бунгача уйига қайтиб¸ қолган-қутганини йиғиштирганлар¸ олишга улгурди¸қолганларнинг уйи теп-текис қилиняпти”¸ деди бевосита шу ҳудудда яшовчилардан бири.

Озодлик суҳбатдошларига кўра¸ уйи ва унинг ичидаги бор нарсасидан ажраган аҳолининг бир қисми қўшни ҳудудлардан келганларга уйидан чиққан тахта ва ëғочини арзимаган пулга сотган¸ қолганлар эса¸ 11 майга қадар ўз уйини ўзи бузиб¸ ундан чиққан нарсани янги қурилишига олишга уринган.

Сардоба тумани Қўрғонтепа маҳалласида яшовчи Зафар Қурбоновнинг 8 сотихлик ҳовли-жойи сув тагида қолган.

Оиласи қўшни тумандаги мактабда эвакуацияда қолаëтган бир пайтда¸ Қурбонов ҳовлисига қайтиб¸ ниманики қутқариш мумкин бўлса¸ шуни қутқаришга уринганини айтади.

-Тахта¸ ëғоч¸ мих¸ нимаики бўлса¸ йиғиштириб олишга уриндим. Тошқин етмаганидек¸ ундан кейин яна уч-тўрт кун ëмғир ҳам ëғди. Ҳокимият битта резина этик беришни ўзига эп кўрмади. Ялангоëқ лойли сувда уйимдан қолганини ўзим бузяпман. Эртага янги ҳовли қурадиган бўлсам¸ керак бўлади¸ деб.

Қурбонов Озодликка 10 май куни ҳовлиси ўрнида қолган вайронагарчилик манзараси акс этган видеони ҳам юборди.

Сардобаликлар сув тагида қолган уйларини батамом бузишни бошлади
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:53 0:00

Зафар Қурбоновнинг айтишича¸ 11 май куни Фавқулодда вазиятлар вазирлиги¸ ИИВ ва Миллий гвардия ходимлари ўз маҳалласидаги йўлларни текислаш¸ вайронагарчиликни тозалашга киришган.

“Аммо ҳокимиятнинг уйсиз қолганлар саволларига жавоб бермаëтгани мен кабиларни янада танг ҳолда қолдиряпти”¸ - дейди Қурбонов, - Ҳокимиятдан келиб¸ хатлов қилиб кетишди. Қанча иморат йиқилган¸ ичида нима бор эди¸ кўрпа-тўшакдан то телевизоргача айтдик¸ ëзиб олиб кетишди. Лекин асосий саволимизга ҳеч ким жавоб бермаяпти. Ҳукумат бизга ўз ҳовлимиз ўрнида янги уй тиклаб берадими¸ ëки ҳаммамизни ëппасига чўлда қуриладиган домларга кўчишга мажбур қиладими? Масалан¸ менинг ҳовли-жойим 8 сотих. Парник қилиб¸ тирикчилик қилардим. Ҳаммасидан ажрадим. Умуман уйқум йўқ¸ эртани ўйлаб. Энди шунча йўқотишим етмагандек¸ гипсокартондан пала-партиш қуриладиган арзон домларга кўчишга мажбурласа¸ бу бориб турган адолатсизлик бўладику! Мен ҳокимиятдан ўз еримда янги уй қуриб беришини сўрайман¸ дейди Қурбонов.

Уйи сув остида қолган яна айрим сирдарëликлар ҳам¸ чўл ҳудудида катта ҳовлидан кўп қаватли уйлардаги хонадонларга мажбурий кўчириш ялпи тус олса¸ бундан қаттиқ норози бўлишини билдирди.

Бизга сув омборига яқин ҳудудлардаги аҳоли пунктлари бутунлай тозаланиб¸ сизлар Оқолтин томонда янги қуриладиган домга кўчасизлар. Сизларга 20 йилга имтиëзли кредит билан тайëр уйлар берилади¸ деган гап қилишди. Ие¸ ҳам буларнинг касофатига ҳамма нарсамиздан ажрайлик¸ ҳам ҳовлидан домга кўчайлик¸ бу ҳам етмагандек¸ бу дом учун ипотека тўлайликми? Бизга уйимиз ўрнига уй қуриб берсин”¸ деди сув омбори тўғони ëрилишидан энг катта талафот кўрган ҳудудда яшовчилардан яна бири.

Ҳокимият нима дейди?

Сирдарë вилоят ҳокимлигининг Озодлик 11 май куни боғланган расмийси¸ 10 май куни Бош вазир Абдулла Арипов сув босган ҳудудларга келиб¸ аҳоли вакиллари билан учрашганини билдирди.

Кеча Бош вазир қурилишга старт бериб кетди. Ҳозирча янги уйларнинг аниқ қайси ҳудудда қурилишидан хабарим йўқ. Бу масалани Тошкент ҳал қилади. Икки хил вариант бор. Биттаси¸ сув босган уйларни текислаб чиқиб¸ улар ўрнида президент айтгандек¸ янги шаҳар қуриш. Иккинчиси¸ бу ҳудудларни текислаб¸ тозалаб¸ омбордан узоқ ҳудудда янгидан уйлар қуриш. Бу уйлар ҳам намунавий уйлар типида¸ ҳам кўп қаватли бўлади¸ деган гаплар бор. Аниқ проект Тошкентдан келади¸ ҳозирча бизда йўқ”¸ деди вилоят ҳокимлиги расмийси.

(Ўзбекистон томонда ҳали сув босган ҳудудлар тозаланмай туриб¸ Тошкент қўшни Қозоғистонга етказилган зарар бадалини ўташга киришди.)

Сардоба фалокати оқибатларини бартараф этиш бўйича тузилган Сирдарë вилоят штабининг Озодлик гаплашган вакили ҳам шунга яқин маълумот берди.

Кеча Бош вазир келди. Лекин бу ҳудудда асосан тозаланиш ишлари бўляпти. Сувлар тўхтатилганидан кейин ҳашар ишлари бошланган. Қайта таъмирлаш¸ газ¸ сув¸ электр¸ алоқа қайтадан тикланяпти. Жойлар тозаланиб¸кимнинг хонадони ҳақиқатан бузилганинини аниқлаш кетяпти. Маҳалла вазирлиги¸ Қурилиш вазирлиги ишлаяпти. Қурилиш¸ шулар аниқ бўлгандан кейин бошланади. Ҳовлиси ўрнида ҳовли қуриб бериладими¸ ëки бошқа жойга кўчириладими¸ биз ҳам билмаймиз буни. Кўп қаватли уйларнинг Мирзачўлга чиқишда Абдуалим пости бор¸ Оқолтин 17 га етмасдан¸ ўша ердан қурилади¸ деган гап бор. Ҳозир биринчи ишимиз ким¸ қанча талафот кўрганини аниқлаб¸ аниқ манзили ва қиймати ишлаб чиқиляпти. Лекин қаерда ва қачон қурилиш бўлишни ҳали билмаймиз”¸ деди Сардоба фалокати бўйича тузилган Сирдаë вилоят штаби мулозими.

Тендерсиз тендер бошланди

Сирдарëдаги қурилиш ширкатларидан бирида ишловчи Озодлик суҳбатдоши¸ кечадан бошлаб вилоятдаги аксар қурилиш ташкилотлари уйидан ажраганларга турар-жой қурилиши учун тендерда қатнашишга ариза топшира бошлаганини билдирди.

Ҳозир ҳамма қурувчи ширкат шу тендердан улуш олишга ҳаракат бошлаган. Намунали уйлар типидаги уйлар¸ мактаб-боғчалар қурилади¸ янги шаҳар бўлади¸ деяпти. Лекин бу тендер ҳам номига бўладиганга ўхшаяпти. Тендерни яна ҳокимият ҳал қилади. Ўзиникилардан ортишига ишонмаяпмиз¸ лекин биз ҳам тендер қатнашиб кўрмоқчимиз. Ҳозир Ховосда қурилган 6 қаватли уйларни бир хонадан қилиб бўлиб чиқиш бошланган. То уйсиз қолганларга уйлар битгунча¸ уларни шу ерга жойлашмоқчи. Пасти магазин қилиб қурилган бу уйлар бўш ëтувди. Одамлар бир неча ой мактабларда яшамасин¸ ҳар бир оилага биттадан бўлсаям ¸ алоҳидадан хона қилиб беринглар¸ деган гап бўлган”¸ деди сирдарëлик қурувчилардан бири.

Расмий маълумотларга кўра¸ 1 май кунги тошқин 10 та маҳалла, 23 та аҳоли пункти ҳудудидаги 4711 та турар ва 277 та нотурар жой объекти, 30 718 гектар экин майдонига зарар етказган.

Президентнинг фалокат рўй берган куннинг ўзида имзоланган фармойишига кўра¸ тошқин оқибатларини зудлик билан бартаф этиш учун 100 миллиард сўм маблағ ажратилди.

Уйсиз қолганларнинг эвакуация қилинган ҳудудлардаги овқатланиш ва бошқа харажатлари давлат зиммасига олинди.

Сардоба сув омбори тўғонининг уч йилга ҳам бормай ëрилиб¸ аҳоли ва давлатга ўнлаб миллион долларлик зиëн етказгани юзасидан ҳам ҳукумат махсус комиссияси¸ ҳам тергов органлари суриштирув ўтказмоқда.

Ҳозирча техноген бу фалокат учун на уни буюрган¸ на уни қурган ва на қабул қилган давлат идораларидан бирортаси масъулиятни зиммасига олмади.

XS
SM
MD
LG