Линклар

Шошилинч хабар
05 ноябр 2024, Тошкент вақти: 19:55

“Шароит етилгани йўқ”. Эксперт – Беларусда 1 ноябрга белгиланган умуммиллий иш ташлаш ҳақида


Беларусь ишчилар бирлашмаси раиси Сергей Дилевский 1 ноябрь куни мамлакатда умуммиллий иш ташлаш бошланишини эълон қилиб, аҳолини ишга чиқмасликка чақирди. Бу – сиёсий маҳкумларни озод этиш, иш ҳақларини ошириш ва мухолифат кучлари билан музокарага киришиш каби талаблар Беларусь ҳукумати томонидан бажарилмаётганига нисбатан жамоатчилик реакциясидир.

Аммо “Рабочи рух” ишчилар ҳаракати асосчиларидан бири бўлмиш Глеб Сандрос ялпи иш ташлаш эълон қилиш учун ҳали шароит пишиб етилмаган деб ҳисоблайди.

“Ҳаммаси жуда оддий. Одамлар тайёр эмас. Иш ташлаш учун икки омил бўлиши мумкин – сиёсий ва иқтисодий. Сиёсий омил иш бермади, кўрдик, иқтисодий омилга келсак, Беларусь иқтисодиёти ҳали “минус”га киргани йўқ: одамлар нисбатан яхши иш ҳақи олишмоқда, шу боис нон талаб қилиб кўчага чиқиш фурсати етгани йўқ, деб ҳисоблайман”, дейди у.

Сандрос Беларусь ишчилар бирлашмаси раҳбарларининг ташаббусини “фальстарт ва пахтавон ўқ отиш” деб атайди ва бу қатағонларнинг янги тўлқинини бошлаб бериши мумкинлигидан хавотирда эканини айтади.

Глеб Сандросга кўра, “Рабочи рух” бирлашмаси иш ташлашга ҳозирлик кўриш, режалаштириш ва умуман, ҳаракат стратегияси тамоман бошқача.

“Бизнинг платформамиз хавфсиз, у одамларнинг бирлашишига, сўзда эмас, амалда уюшишига имкон беради. Иш ташлашга тайёр етарлича одам тўплашимиз билан ҳаракатга киришамиз. Бу рақам ҳеч кимга сир эмас – 138 минг ёки иқтисодиётда банд аҳолининг 3.5 фоизи. Бу миқдор бир вақтда бошланадиган иш ташлаш муайян натижа бериши учун кифоя қилади”, дейди у.

Сандрос мамлакатдаги энг йирик саноат корхоналаридан бири бўлмиш “Беларуськалий”даги вазият ва ишчиларнинг кайфияти ҳақида гапираркан, улар 1 ноябрь куни иш ташламоқчи эмаслигини билдирган. Унинг айтишича, ишчилар 8 декабрь санасини кутишмоқда – худди шу куни Қўшма Штатларнинг Беларусга қарши иқтисодий санкциялари кучга киради.

“Ҳозир одамлар маошларидан оз-моз орттириб, ишсиз ва пулсиз қоладиган кунларга ҳозирлик кўришмоқда. Ш боис айтаманки, иш ташлашга қулай фурсат келгани йўқ. Мен корхонадаги кўп эски ҳамкасбларим билан гаплашдим. Ҳеч бири яқин кунларда иш ташлашни ўйлаётгани йўқ”, сўзида давом этади Сандрос.

“Рабочи рух” бирлашмаси раҳбари Беларусь корхоналари қачон инқирозга юз тутиши ва иш ташлаш учун ҳақиқатда қулай шароит пайдо бўлиши хусусида ўз тахминини айтди.

“Вазиятни жиддий таҳлил қиладиган бўлсак, бу йилни Беларусь иқтисодиёти бир оз “плюс” ёки ноль натижа билан якунлайди. Аммо келгуси йил қийин бўлиши аниқ. Ана ўшандагина иш ташлаш учун таъсирчан иқтисодий шарт-шароит юзага келади”, хулоса қилади Сандрос.

XS
SM
MD
LG