Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 02:51

Мирзиёев режани бажармаган фермерларга қаматиш билан таҳдид қилди


Шавкат Мирзиëев.
Шавкат Мирзиëев.

Ўзбекистон Бош вазири Шавкат Мирзиёев сўнгги селектр йиғилишида ҳокимият мулозимларига ва фермерларга нисбатан дўқ-пўписани кучайтирди. Селектр йиғилишини бевосита эшитган ҳокимлик мулозими ва фермерларнинг айтишича, бош вазир “Ягона дарча” марказини самарали ишлатолмаган мулозимларни “қуритиш”ни, пахта плани бажаролмаган фермерларни эса қаматиб, “ғойиб” бўлишини таъминлашини айтган.

Ўзбекистон Бош вазири Шавкат Мирзиёев 7 сентябрь куни кечқурун ўтказган селектр йиғилишида ҳокимликлар қошида ташкил этилган “Ягона дарча” марказининг ўзини оқламаётгани ҳақидаги фикрга дўқ-пўписа билан жавоб берган.

Селектр йиғилишини ўз қулоғи билан эшитган, хавфсизлик нуқтаи назаридан ўз исмини ошкор этишни истамаган фарғоналик ҳокимият мулозимларидан бирининг Озодликка айтишича, савол берган одамнинг ўзи балога қолган:

“Кимдир “Ягона дарча” ўзини оқламаяпти, балки уни ёпиш керакдир, деган эди, Бош вазир тутаб кетди. “Ээээй, “Ягона дарча”ни қуритаман деганингни, мен ўзим уйинг билан қуритаман. Уни мен яратганман, чет элга бориб олиб келганман. Агар шу темада муаммо қилсанг, мен ҳаммангни муаммо қилиб қўяман”, деди”, дейди ҳокимлик мулозими.

(“Ягона дарча” маркази тадбиркорликни қўллаб қувватлаш учун ҳокимликлар қошида ташкил қилинган. Бунда тадбиркор бирор иш очмоқчи ёки бино қурмоқчи бўлса, бунга рухсат берадиган 17 та ташкилотга бориб юрмайди ва аризани ана шу марказга топширади. Қолган ишларни марказ қилиши керак - таҳририят.)

Лекин, тадбиркорлар бу марказ ўз фаолиятини қониқарсиз олиб бораётгани сабаб уларнинг ўзи ташкилотма-ташкилот юриб, пора эвазига ишини битираётганини айтадилар.

Ҳокимлик мулозимига кўра, Бош вазир селектр йиғилишида марказ фаолиятини яхши йўлга қўймаган мансабдорларга қаттиқ гапирган.

Хавфсизлик боис исми сир қолишини сўраган жиззахлик фермерлардан бири селектр йиғилишида “Ягона дарча” маркази ҳақида шундай гаплар бўлганини тасдиқлар экан, айни пайтда, Бош вазир пахта режасини бажармаган фермерларни қаматиш билан таҳдид қилганини айтади:

“Ягона дарча” ҳақида гапириб бўлганидан сўнг Бош вазир яна фермерларга ёпишди. Мен сенларнинг ҳамма шароитингни қилиб берганман, агар режани бажармасанг, ҳаммангни қаматаман. Ҳеч кимнинг овози қаттиқ чиқишини хоҳламайман, агар овозинг чиқса “ғойибона” йўқ бўп кетасан”, деди, дейди фермер.

Унинг айтишича, Шавкат Мирзиёев пахта режасини бажаролмаган фермерлар “Ойболта”га(“Ойболта” - режани бажармаган фермерларнинг мол-мулки зўравонлик билан тортиб олиниб, мусодара қилиниши ҳақида Бош вазир ўйлаб топган тадбир – таҳририят) тушишини айтган:

“Буни қаранг, Бош вазир уч фоизлик олган кредитимизни ҳали пахта терилмай ва сотилмай туриб қайтаришимизни талаб қиляпти. У буғдой режасини бажармаганларга нисбатан қўлланган “Ойболта” пахта кампанияси натижасига қараб яна давом этишини айтди”, деди фермер.

Фермернинг айтишича, Шавкат Мирзиёвнинг селектр йиғилишларида айтадиган иккита севимли сўзи бор:

“Қаматаман, йўқ қиламан”, деб кўп гапиради.

Селектрни эшитган мулозим ва фермер сўнгги йиғилишда Шавкат Мирзиёевнинг гапириш оҳангида аввалги мажлислардан фарқли ўлароқ, дўқ-пўписа кучайганини таъкидлади.

Селектр йиғилиши – Ўзбекистон Бош вазири Шавкат Мирзиёевнинг Қорақалпоғистон ва 11та вилоятдаги ҳокимликлар мулозимлари, корхона ва ташкилотлар раҳбарлари, фермерлар билан ўтказадиган жонли мулоқоти.

Селектр йиғилишида ҳукумат қабул қилган қарорларнинг қандай бажарилаётгани, қишлоқ хўжалиги ва молиявий масалалар муҳокама қилинади.

XS
SM
MD
LG