Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 16:28

Шинжон пахтасига бойкот ўз таъсирини кўрсатмоқда


Шинжонда этник уйғурлар мажбурий меҳнат қурбони бўлаётгани ва уларнинг ҳуқуқлари поймол қилинаётгани ҳақидаги хабарлар Хитойнинг пахта саноатига зарар етказмоқда. Бу ҳақда “Associated Press” агентлиги ёзмоқда.

Аммо бундай босим Хитой ҳукумати ёки ширкатларини ўз йўналишини ўзгартиришга мажбурлай олиши ёки йўқлиги хали номаълум.

Шинжонда жойлашган “Huafu Fashion” фабрикаси бош менежери Ли Цян матбуотга берган интервьюсида ширкат 2020 йилда ўзининг 27 йиллик тарихида биринчи марта йўқотишга учраган бўлишига қарамай, ички буюртмаларга эътибор қаратиш орқали яна оёққа турганини айтди.

“Бу энди ўтмишда. Биз жорий йилнинг биринчи чорагида вазиятни ўзгартирдик”, деди Ли.

Ли чет эл буюртмаларининг кескин пасайиб кетишига “фейк хабарлар” сабабчи бўлганини иддао қилди. 2019 йилда “Wall Street Journal” газетаси кийим ишлаб чиқарувчи таниқли ширкатлар ва озиқ-овқат компаниялари Хитойнинг мусулмон аҳолини мажбуран ассимиляция қилиш кампаниясига билиб-билмай ҳисса қўшаётгани ҳақида хабар берган эди. Ўшандан бери “Adidas” ва H&M каби брендлар Шинжон пахтасидан воз кечди. “Huafu” ширкати савдо кўлами озайишига АҚШ санкциялари ва коронавирус пандемияси ҳам сабабчи бўлганини билдирди.

2017 йилдан бери Хитой ҳукумати асосан уйғурлар ва бошқа мусулмон халқлар яшайдиган Шинжонда миллиондан ортиқ одамни ҳибсга олган. Танқидчилар Пекинни мусулмон халқларни қийноққа солишда, уларни мажбуран стерилизация қилишда ҳамда уларни маданий ва диний репрессия қилишда айблаб келади.

Хитой пахта етиштириш бўйича дунёда иккинчи ўринда бўлиб, мамлакатда етиштириладиган пахтанинг аксар қисми Шинжонга тўғри келади. Шунингдек, жаҳон бўйлаб фотоэлементлар ишлаб чиқаришда ишлатиладиган кремнийнинг йирик қисми Шинжонда ҳозирланади.

Айни дамда АҚШ қуёш панелларини ишлаб чиқаришда мажбурий меҳнатдан фойдаланилаётгани ҳақидаги хабарлар фонида санкция жорий қилиш масаласини кўриб чиқмоқда.

Шинжон расмийлари бу айбловларни рад этиб, Ғарб танқидларини назар-писанд қилмай келади. Яқинда улар ўнга яқин чет эллик журналистни Оқсув шаҳридаги йирик “Huafu” мажмуасига олиб бордилар. Мажмуада ҳар йили 100 минг тонна рангли ип ишлаб чиқарилади.

Ўтган ойда компания дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, жорий йилнинг илк уч ойида 120-150 миллион юань (тахминан 20 миллион доллар) даромад олганини билдирди. 2020 йилда сотувлар 10 фоизга қисқаргани туфайли ширкат 405 миллион юань (63 миллион доллар) зарар кўрган.

Мажбурий меҳнатдан фойдаланилаётганини кўрсатувчи далиллар Хитойни тарк этган шахслар кўрсатмалари ва ҳукумат ҳужжатларидан иборатдир. Аммо муайян заводларда ҳуқуқбузарликлар содир бўлаётганини аниқ исботлаш қийин, чунки инсон ҳуқуқлари мутахассислари эркин тергов ўтказиш имконига эга эмас.

Шинжонга мустақил равишда саёҳат қилган дипломатлар ва журналистлар таъқиб қилинади ва Шинжон аҳолисининг аксарияти муаммоларга дуч келишдан қўрқиб, минтақадаги вазият ҳақида очиқ-ойдин сўзлашни истамайди.

Қароргоҳи Вашингтонда жойлашган “Ишчилар ҳуқуқлари консорциуми” директори Скотт Нова:

“Ҳукумат минтақадан ташқарига маълумот чиқишини хоҳламайди ва улар бунинг уддасидан чиқишяпти”, дейди.

Қозоғистонга қочиб кетган шинжонлик этник қозоқ аёл ҳибсда деярли бир йил ушлаб турилганидан кейин, 2018 йилда фабрикада бир ҳафта давомида форма тикишга мажбурлашганини сўзлаб берди.

Дина Нурдибай ҳибсга олинишидан олдин 30 нафар ходими бўлган кийим-кечак бизнесини юритган. Унинг сўзларига кўра, қўлга олинганидан кейин, фабрикада ишлашга мажбурлашган.

“Агар улар сизга заводга борасан, дейишса, сиз “ҳа” дейсиз. Агар бормасангиз, фикрлашингиз муаммоли эканини айтишади ва сизни таъқиб қилишади”, дейди у.

Бошқалар ҳам ўзлари ёки яқинлари фабрикаларда ишлашга мажбурланганини сўзлаб берди.

Ҳукумат бундай кўрсатмалар ёлғон эканини иддао қилиб келади. “Huafu” заводи ишчиларидан бири Пазилия Турсан мажбурий меҳнат тўғрисидаги хабарлар асоссиз эканини таъкидлади. Расмийлар Турсаннинг сўзларини тинглар экан, у фабрика ишчилари “анор доналари каби” бирга ишлашини таъкидлади. Хитой президенти Си Цзиньпин мамлакатда этник бирликни ифодалаш учун ушбу метафорани ишлатган.

Ўтган йилда АҚШ далиллар етарли эканини айтиб, ўнга яқин ширкат ишлаб чақираётган кийим-кечак, пахта, соч маҳсулотлари ва компьютер қисмлари импортини тақиқлади. Жорий йилнинг январь ойида эса Шинжонда етиштирилган барча помидор ва пахта маҳсулотларини АҚШга импорт қилиш ман этилди.

Хитой пахта етиштириш бўйича дунёда иккинчи ўринда. Шинжондаги пахта қайта ишлаш заводларида 600 мингдан зиёд киши ишлайди. Ўтган йили Хитойда қарийб 5.9 миллион тонна пахта етиштирилган.

АҚШ расмийлари жорий ойда Япониянинг “Uniqlo” ширкатининг Калифорния портида ҳибсга олинган эркаклар кўйлаклари партиясини қайтиб беришдан бош тортди.

Коммунистик партиянинг Шинжондаги вакили компаниялар қисқа вақт ичида харидорларини йўқотиши мумкин бўлса-да, охир-оқибат улар ва уларнинг ишчилари кўпроқ ишлаб ва янги бозорларни топиб, янада кучлироқ бўлишини айтди.

“Қандайдир маънода, бу босимни компаниялар учун ҳаракатлантирувчи кучга айлантириш мумкин”, деди у “Associated Press” агентлигига берган интервьюсида.

Пекинда жойлашган “CIFCO Futures” молия ширкати вице-президенти Пенг Бо Хитойнинг улкан ички бозори борлигини ҳамда Жануби-шарқий Осиё, Ўрта Шарқ, Африка ва Шарқий Европада талаб ўсиб бораётганини айтди. Бу орада пандемия сабабли бошқа мамлакатлардаги рақобатчилар фаолияти чекланар экар, Хитой ширкатлари ўз бозор улушини оширди.

“Халқаро бозор маҳаллий брендлар учун муҳим бўлса-да, уни алмаштириб бўлмайди, дейиш тўғримас, айниқса, Европа ва Америка бозорларини”, деди Пенг.

АҚШ Савдо департаменти Шинжонда инсон ҳуқуқлари бузилишига алоқадор бўлган йигирмадан зиёд компанияга, шу жумладан, “Huafu” ширкатига АҚШ технологиялари ва эҳтиёт қисмларини сотишни тақиқлади.

Бундан ташқари, технология компаниялари ҳам нишонга олинмоқда. Ўтган йилнинг июль ойида Савдо департаменти “Nanchang O-Film Tech” компаниясини қора рўйхатга қўшди.

Мижозлари орасида “Apple” ва “Lenovo” ширкатлари бўлган “Nanchang O-Film Tech” Шинжондан Наньчанга олиб келинган уйғур ишчиларни оғир шароитда ишлатаётгани ҳақида хабарлар мавжуд.

“Nanchang O-Film Tech” ширкатига эгалик қилувчи OFILM Group корпорацияси ўтган йили бекор қилинган шартномалар туфайли 1.9 миллиард юань (300 миллион доллар) йўқотганини билдирди. Ширкат айнан қайси мижозлари келишувларни бекор қилганини очиқламади.

Ўтган йилнинг охирида BBC телерадиокомпанияси ҳамда америкалик тадқиқотчи Адриан Ценц Шинжонда пахта етиштиришдаги суиистеъмоллар ҳақида ҳисобот эълон қилди.

Ценц Хитой ҳукуматининг жамоатчиликка маълум бўлган ҳужжатларига таяниб, аҳоли мажбурий меҳнатга жалб қилинаётганини кўрсатувчи далилларни тўплади ва “Шинжондан келаётган ҳар қандай пахта мажбурий меҳнат ёрдамида етиштирилган бўлиши мумкин, деб тахмин қилиш керак ва мажбурий меҳнатдан фойдаланилгани эҳтимоли жуда юқори”, дея хулоса қилди.

Хитой Ценц ва BBC агентлиги ҳисоботларни қоралади. Мамлакат ҳукумати чет эллик журналистларни машинада экилган 40 гектар пахта майдонига олиб бориб, механизациялаш ишчиларга бўлган эҳтиёжни деярли йўқ қилганини иддао қилди.

Аммо ўзбекистонликларга яхши маълум бўлганидек, пахтани экишдан териш анча мушкул. Шинжонда пахта терими механизациялаштирилган ҳудудларда АҚШнинг “John Deere” ширкати ишлаб чиқарилган техника ишлатилади. “John Deere” ширкати АҚШ санкциялари ўз бизнесига таъсир қилганини билдирди, аммо аниқ маълумот беришдан бош тортди.

Хитой ҳукумати йиғим-терим ишларининг 70% механизациялаштирилгани иддао қилди, аммо ҳанузгача кўплаб жойларда пахта қўлда экилишини ва терилишини тан олди.

XS
SM
MD
LG