Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 03:24

Алвидо Феллини. Наврўз куни ўлган рассом дўстим хотирасига


Нозим Аббосов
Нозим Аббосов

Рассом дўстим Нозим Аббосов ўлди. Бу хабар мени қувиб етганида Прагадаги уйимда коронавирус карантинида ўтирган эдим. Нозим ўлгани хабарини Москвада ижод қиладиган киночи юртдошим Улуғбек Йўлдош хабар қилди.

- Қачон. Қаерда. Касалмиди? Қачон дафн қилинади?

- Йўқ касал эмас эди, кеча гаплашгандим, бугун юраги ёмон бўлиб қолибди. Чиғатойга қўйилади. Жаноза 22 март пешин намозидан кейин ўқилади.

- Неча ëшда эди?

- 58 ёшда.

.............

Негадир Нозимни ëш деб юрардим. Отаси раҳматли Шуҳрат Аббосов тириклигида Нозим менга ўйинқароқ бола каби кўринарди.

Шуҳрат ака раҳматлик ўғли Нозимни қаттиққўллик билан тарбиялашни истарди. Нозим эса эркинлик ошиғи эди. Бу эркинлик унга кичик кулфатлар ҳам келтирарди. Бир марта қўлини синдириб олганди. Докторлар гипсга солишди. 1993 йил эди. Тошкентда «Инвариант» деган галерея очилганди Халқлар дўстлиги метроси ëнида. Ўша ерда бирга кўргазма қилгандик. Қўлидаги гипсга ҳам расмлар чизиб безаб кўргазмага келган эди.

Нозимнинг отаси Шуҳрат ака ўғли туғилганида улуғ турк ëзувчиси Нозим Ҳикматдан таъсирланиб юрган пайти бўлганини эслаганди бир суҳбатлашганимда.

"Ўғлим туғилган пайтда Нозим Ҳикмат Москвада яшарди. Учрашиб суҳбатини олганман. Битта мультфилмга сценарий ҳам ëзганди. Нозимнинг "Сен ëнмасанг" деб бошланадиган шеърини ëддан билардим. Шундай улуғ шоир бўлсин деб¸ ният қилиб исмини Нозим қўйгандим" ¸ деган эди марҳум киночи.

Рассомлик бўйича битта устоз - Шавкат Абдусаломов шогирдлари эдик. Ҳар бир рассом¸ айниқса кино рассоми ўзи кино суратга олишни истайди.

Нозим Аббосов отаси Шуҳрат Аббосов шону шуҳрати боис бу истагини тезроқ амалга ошира олмади. Боз устига раҳматли Шуҳрат ака ўша вақтда кино мулозими эди. «Ўғлига кино олдирди» деган гап сўзни истамас эди.

Нозим Аббосовнинг сўнгги суратларидан бири
Нозим Аббосовнинг сўнгги суратларидан бири

Аммо орзу тош остидан ўсиб чиққан чечаккка ўхшайди. Нозим Аббосов рассомлик баробарида кино ола бошлади. Албатта¸ Нозим дўстимнинг илк фильми «Феллини» ҳақида эди. Жузеппа Торнатори фильмига тақлид каби кўринса ҳам¸ бу фильмнинг Нозимга хос таровати бор эди.

"Феллини" фильми 2003 йилда Федерико Феллини ижоди ретроспективаси ўтган Лозанн шаҳридаги кинофестиваль бошланишида намойиш қилинган ва бундан Нозим жуда севинган эди.

Феллини кино олиш билан бирга расм ҳам чизган ижодкор эди.

Қолаверса¸ устоз Шавкат Абдусаломов ўрнаги эди бу .

Шавкат ака ҳам расм чизиш билан бирга кино суратга олади.

Умуман мен билган тенгқур ижодкорлар учун кино олами бир магнит эди.

Ëш пайтимизда шаҳарга тушиб келганимиз заҳоти¸ атрофимизга тенгқурларимизни тўплаб¸ кўрган киномиз ҳақида гапириб берардик.

Кинолардаги ўтда ëнмас¸ сувда чўкмас қаҳрамонлар биз учун ибрат ва ўрнак¸ агар таъбир жойиз бўлса¸ бир мактаб эди.

Федерико Феллини¸ Андрей Тарковский¸ Элем Климов¸ Сергей Паражанов суратга олган киноларни кўриб ««Мен ҳам кино оламан» деб орзу қилардим.

Биз томоша қилган фильмни суратга олиш учун қанча вақт ва маблағ кетганини ўйламас ҳам эдик.

Харажати катталиги боис¸ мутлақо бадиий фильмлар суратга олинмайдиган мамлакатлар ҳам бор.

Ўзбекистон эса йилига ўнлаб кино суратга олинаëтган мамлакатлар қаторида.

Ўзбек киночилари ишлаган ишқ-муҳаббат ва оилавий можаро ҳақидаги йиғлоқи фильмлар Марказий Осиë кинотеатрларини томошабин билан тўлдирмоқда.

Бу киноларнинг савияси пастлигига ишора қилган мунаққидлар Ўзбекистонда ора-сира юксак санъат мезонларига тўғри келадиган фильмлар ҳам суратга олинаëтганини эътироф қилишади.

Марҳум деб айтишга тилим бормаëтган дўстим Нозим Аббосов суратга олган “Ойдиной” фильми халқаро мукофотга сазовор бўлганида илк севинганлар қаторида мен ҳам бор эдим.

“Ойдиной” фильми Австриянинг Инсбрук шаҳрида 2009 йили ўтказилган Осиë¸ Африка ва Лотин Америкаси фильмлари кинофестивали совринини олган эди.

Мукофот соҳиби¸ таниқли рассом ва кино устаси дўстим Нозим Аббосовга телефон қилганимда бўғиқ овоз билан “Мен ҳозиргина учқичдан тушдим. Мен суратга олган фильм соврин олганидан хурсандман” ¸ деганини ҳануз эслайман.

- Ютдик. Кичкина қизча тўғрисидаги кино. Нима дейман энди. Мен хурсандман. Менинг қизим ютди. Мен бир тийинсиз бордим. Қўлимда бир тийин ҳам йўқ эди.

Юзимга табассум ëйилди. Ўтган асрнинг 90-йилларини эсладим. Нозим доимо бир тийинсиз юрадиган дарвеш.

- Мексикадан¸ Африкадан¸ Лотин Америкасидан делегациялар келишди. Мен бу қизни юрагимда ушлаб бориб келдим. Энди шу қизнинг йўли очилсин. Ажойиб қиз¸ деган эди бугун марҳумга айланган рассом дўстим Нозим Аббосов.

Нозим Аббосов билан сал кейинроқ суҳбатимизни давом эттирдим. Шу ўринда марҳум дўстим суратга олган ва Австриядаги обрўли фестивалда соврин олган “Ойдиной” фильми ҳақида икки оғиз гапирсам.

Афсона жанрида яратилган “Ойдиной” фильми мактабда ўқишни истаган қиз ҳақида.

“Ойдиной” фильми фестивалнинг бирданига икки мукофотини қозонди.

Нозим Аббосов фестиваль ривожига катта ҳисса қўшган киночи деб топилди ва “Ойдиной” фильмида бош ролни ижро қилган Маржоной Шавкатова фестиваль ҳакамларининг махсус совринига сазовор бўлди.

Кино мазмунини икки оғиз калима билан баëн қилиш мумкин. Олти яшар қизалоқ ўқишни истайди ва бунга катталар қаршилик қилади. Қиз учун бу ҳолат ҳақиқий фожиага айланади.

Қиз ўзини ўраб олган бу тор муҳитни тарк қилиб¸ тоғ чўққиларига чиқиб кетади.

Фильмда опера ҳофизи Паваротти сурати замонавий Ўзбекистондаги тарғибий плакатлар фонида кўзга ташланади ва қишлоқнинг ташландиқ кинотеатрида Чарли Чаплин фильмлари намойиш қилинади.

Кино мавзуси «ҳилолга ошиқ» постколониал Ўзбекистон учун долзарб эди. Жулдурвоқи кавакларидан чиқиб келган қадимчилар «қизлар ўқимасин¸ уларни эрга бериш керак» деган сафсата сўқа бошлашган бир давр.

Кинорежиссëр ардоқлаган идеаллар бир нур тўпи бўлиб бугунги Ўзбекистон воқелигини кесиб ўтади.

"Буни қилишим зарур эди"¸ деган эди Нозим Аббосов.

- Чарли Чаплин кинода Худо. Барибир қандайдир контраст бўлиши керак эди. Чарли Чаплин ва қаттиққўл мактаб директори ўртасида контраст бўлиши керак эди. Мен шунинг учун мана шундай юриш қилдим¸ дейди Нозим Аббосов.

Нозимнинг санъат ва кино ҳақидаги эстетик тасаввурларини шакллантиришда унинг устози¸ таниқли кино устаси ва рассом Шавкат Абдусаломов катта ҳисса қўшди.

Шавкат ака доимо ўз шогирдлари пилигини кўтариб гапирадиган меҳрибон устоз.

- Мен Нозимнинг муваффақиятидан жуда севиндим. Биласизми¸ у оддий санъаткор эмас¸ балки ичида ўт ëнаëтган¸ бошқаларга ўхшамайдиган санъаткор. У суратга олган тасвирларда маҳорат баробарида ўта ҳассос¸ нозик тарзда ифода қилинган ҳис-туйғулар ëтади.Нозим маҳалла киночиси эмас. У Феллини¸ Антониони каби куррасал фикр юритувчи улкан ижодкор. Мен Нозимнинг санъат деб аталган нарвоннинг энг сўнгги мартабасигача кўтарилишини тилайман¸ деган эди Шавкат Абдусаломов.

Аммо кино санъати нарвонининг сўнгги мартабаси дўстимга насиб қилмади. Энди унинг сўнги манзили «Чиғатой» қабристони. Айни қабристонда ўзбек киноси отахони Комил Ëрматов ëтибди.

Марҳум Нозим Аббосовнинг асл касби рассом эди. Аммо у кино суратга ола бошлади.

У тириклигида “Нега”¸ дея берган саволимизга Нозим Аббосов “Устозларим Шавкат Абдусаломов ҳам Рустам Ҳамдамов ҳам рассом¸ аммо уларнинг хаëл дунëси бўз тортилган чорчўпга сиғмагани учун ҳам кино олишди” деб жавоб берганди.

- Рассомликда бир иш қиласиз¸ икки иш қиласиз¸ уч иш қиласиз. Кинода кино билан миллион иш қиласиз. Кинода жуда катта имкониятлар бор. Рустам Ҳамдамов нима учун кинога кирди? Фақатгина мана шу сабаб туфайли. Рассом устахонада ишлайди¸ кўргазма қилади . Аммо кам. Макро контакт йўқ. Кинода эса миллион иш қилиш миллионларга таъсир қилиш мумкин¸ деган эди марҳум Нозим Аббосов мен билан суҳбатда.

Шухрат ва Нозим Аббосовлар. Марҳумга айланган ота-бола киночилар.
Шухрат ва Нозим Аббосовлар. Марҳумга айланган ота-бола киночилар.

Нозим Аббосов таниқли кино устаси марҳум Шуҳрат Аббосовнинг (1931 — 2018) ўғли. Кўпинча таниқли кишиларнинг фарзандлари уларнинг соясида кўринмай қолишади.

“Маҳаллада дув-дув гап”¸ “Оловли йўллар” каби фильмларни суратга олган кино устасининг ўғли сифатида отаси панжасига панжа уриш машаққати ҳақида сўрагандим Нозимдан.

- Мен отамнинг соясидан ҳеч қачон чиқмайман. Чунки у менинг отам бўлади. Ота битта бўлади¸ она битта бўлади¸ деган эди Нозим Аббосов.

Нозим ўзи ҳақида учинчи шахс тарзида ҳам гапираверди:

«Нозим Аббосов ойлаб¸ йиллаб хаëл суриб ëтадиган санъаткор эмас. У ҳозир янги фильм устида ишламоқда. Фильм лойга шакл берадиган Хоразм кулоли ҳақида¸» деган эди Аббосов бундан 11 йил олдинги суҳбатда.

- Биринчи июлдан Хоразмга катта лойиҳа ва катта команда билан кетяпман. Август¸ сентябрь ойлари Хоразмнинг энг жаннат пайтлари. Ўша пайтда суратга оламан. Хоразмни кўрсатишим керак¸ деган эди Нозим Аббосов 2009 йилда.

Нозим Аббосов ўзбек киночиларининг нафақат ишқ-муҳаббат ва оила можароси ҳақида¸ балки ҳаëт ҳақиқати ҳақидаги чўпчакнома бўлса ҳам фалсафий фильмлар олишга қодирлигига ишонарди.

Нозим суратга олмоқчи бўлган кулол ишлаган кўза устига эса “Кадрлар ҳар ишга қодирлар” деган ëзув ëзиғлиқ турганига эътиборимни қаратган эдим.

Нозим учун кадр деган сўз кинокадр¸ яъни кинотасвир маъносини таширди.

Раҳматли рассом дўстим Умар Хайëм рубоийларини севарди.

Ёшдир-қаридир, жаҳонга юз тутгайлар,

Бу нуктани то кўнгилга жо этгайлар.

Ҳеч кимсага қолмагай абад мулки жаҳон,

Келдик, кетамиз, боз келиб-кетгайлар...

Шуҳрат Бобожон. 21 март¸ 2020 йил. Прага шаҳри

XS
SM
MD
LG