Линклар

Шошилинч хабар
02 ноябр 2024, Тошкент вақти: 00:37

Швейцариянинг Credit Suisse мижозлари рўйхати сиздирилди: Улар орасида постсовет макондан кимлар бор?


Коррупция ва уюшган жиноятчиликни ўрганиш маркази (OCCRP) 39 мамлакат журналистлари билан бирга Швейцариянинг Credit Suisse банки мижозларига доир сиздирилган маълумотлар асосида “Suisse Secrets” (“Credit Suisse сирлари”) номли суриштирув ўтказди. Суриштирув OCCRP сайтида эълон қилинган.

Унда айтилишича, банк коррупцияга аралашган сиёсатчилар ва ҳатто жиноятчиларга ҳам ҳисоб рақамлар очган.

OCCRP маълум қилишича, суриштирувга асос бўлган маълумотларни аноним манба Германиянинг Süddeutsche Zeitung газетасига берган. Сиздирилган маълумотлар базасида 1940-йиллардан тахминан 2010-йиллар ўрталаригача бўлган даврда очилган 18 мингдан ортиқ банк ҳисоб рақамлари қайд этилган бўлиб, уларда жами 100 миллиард доллардан зиёд маблағ сақланади.

Швейцария банкидан сиздирилган маълумотларни таҳлил қилишда Россия ОАВларидан “Важные истории” қатнашди. Нашр хабарига кўра, маълумотларда Россия сиёсатчилари ва “сиёсий муҳим шахслари” тилга олинмаган.

Бироқ Credit Suisse мижозлари орасида Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаевнинг ва унинг салафи Нурсултон Назарбоевнинг қариндошлари борлиги аниқланди.

Тоқаев ва Назарбоев оилаларининг активлари

Журналистлар маълумотига кўра, ушбу банкда Тоқаевнинг ҳисоб рақами 90-йиллар охиридан бери бўлган. Унда сақланган энг катта сумма 1,5 млн швейцария франкини (ўша пайтдаги курс бўйича қарийб 1 млн доллар) ташкил қилган. Бу 2005 йилда бўлган гаплар.

2012 йилда Тоқаевлар Швейцария банкидаги ҳисоб рақамларини ёпишгач, Британиянинг Виргиния оролларида иккита офшор ширкатни таъсис этганлар. Аммо бу ширкатлар реал фаолият кўрсатмаган. Wishing Well Group Inc. расман Қозоғистон президентининг собиқ хотини Надеждага, Wisdom Invest & Finance Inc. эса Надеждадан туғилган ўғли Тимурга тегишли бўлган.

Суриштирувчилар тахмин қилишича, улар Британиядаги Edelweiss Resources LLP ширкатига эгалик қилиш мақсадида тузилган. 2014 йилнинг март ойига доир молиявий ҳисоботларга кўра, ташкилот активлари банкда сақланаётган 4 миллион доллар нақд пул ва инвестициялар кўринишидаги 1 млрд долларни ташкил этади. 2015 йилда иккала офшор ва Edelweiss Resources LLP тугатилган.

“У йилларда Тоқаев қатор юқори давлат лавозимларида ишлаган, хусусан ташқи ишлар вазири, бош вазир ва Сенат раиси бўлган. Аммо ўша кезлар на унинг бизнеси бор эди, на хотинининг”, қайд этишади журналистлар.

Суриштирувга кўра, Қозоғистон собиқ президенти Нурсултон Назарбоевнинг тўнғич қизи Дариға Назарбоева 2008 йилдан 2012 йилга қадар Швейцария банкида жами 5 миллиард рубль (турли валюталарда, ўша пайтдаги курс бўйича) сақланган олтита ҳисоб рақамга эгалик қилган. Назарбоевнинг иккинчи қизи Динара Қулибоева ҳамда унинг турмуш ўртоғи Тимур Қулибоевнинг ҳисоб рақамларида 164 млрд рублга (2012 йил декабрдаги курс бўйича) тенг миқдордаги швейцария франклари, доллар, евро ва фунтстерлинглар бўлган.

Озарбайжоннинг Нахичеван мухторияти раҳбарининг болаларига оид миллионлар

Сиздирилган материаллардан англашилишича, Нахичеван мухтор республикаси (Озарбайжон) раҳбари Васиф Толибовнинг ўғиллари ҳам банк мижозлари бўлганлар.

2007 йил охирида уларнинг банкдаги ҳисобларига иккита ўтказма келиб тушган: 19 ёшли Сеймурга – 40 минг, 25 яшар Ризога эса 95 минг. Ҳисоб рақамлар ширкатларга оид бўлмаса-да, ака-укалардан ҳеч бири тўқимачилик бизнесига алоқадор бўлмаса-да, тўлов мақсади сифатида ўтказма ҳужжатларига “газламалар учун” деган ёзув қайд этилган.

Шундан сўнг Толибовнинг ўғиллари анча катта ўтказмалар – бирданига 500 минг доллар олганлар. Бу тўловларнинг ҳам мақсади савдо билан боғлиқ бўлган: ҳужжатларга “металлар учун”, “металл буюмлар учун”, “Электр ускуналар учун” дея қайд этилган. 2012 йил охирларига қадар ака-ука Толибовлар биргаликда 20 миллион доллардан ортиқ маблағ олганлар.

Журналистлар, банкдан сиздирилган маълумотлар таҳилига таяниб, Толибовнинг ўғиллари “Озарбайжон ландромати” ҳамда “Тройка ландромати” офшор ширкатларидан ўз миллионларини олиб туришганини таъкидлашмоқда. Бу кенг кўламли пул ювиш схемалари бўлиб, OCCRP журналистлари томонидан аввалроқ фош этилганди.

Қолаверса, ака-ука Толибовлар ва уларнинг синглиси Баҳорхон Дубайда ўнлаб кўчмас мулк, жумладан вилла, апарт-отел ва бир қанча квартиралар сотиб олишган. Уларга тегишли кўчмас мулкларнинг умумий қиймати 63 миллион долларга баҳоланмоқда.

“Васиф Толибовнинг расмий ойлик маоши йилига 26 минг долларга бормайди. Ўғиллари ҳам нари борса шунча пул топишлари мумкин эди, чунки Ризо – миграция хизматида мулозим бўлиб ишлади, Сеймур эса маҳаллий парламентда депутат”, дейилади суриштирувда.

Украина агросаноат ширкатининг синиши

Журналистлар Украинадаги “Мрия Агрохолдинг” агросаноат ширкати Credit Suisse банкидаги ҳисоб рақамлар ёрдамида касодга учратилганини тахмин қилишмоқда. Мазкур ширкат 2014 йилда банкрот деб топилганди.

Кейинроқ аён бўлишича, ширкат соҳиблари бўлмиш Гута оиласи аъзолари “Мрия”дан катта маблағни офшор ширкатлар ҳисобига ўтказишган, кейинроқ бу пулларга кўчмас мулклар, хусусан Германияда ҳашаматли чорбоғ харид қилишган. “Credit Suisse сирлари” суриштируви чоғида маблағларнинг ярмидан кўпи “Мрия”нинг Credit Suisse банкидаги ҳисоб рақамидан, қолгани Bank of Cyprus банкидаги ҳисобидан олингани ўртага чиқди.

Журналистлар 2011-2013 йилларда ширкат шубҳали молиявий амалиётлар ўтказганини, хусусан, Кипрдаги саккиз ширкатнинг асл қиймати 12 минг доллардан ошмайдиган акциялари учун юз миллион доллардан зиёд пул тўлаганинини аниқладилар.

Банк мижозлари орасида Арманистоннинг собиқ президенти Армен Саркисян, Боку мэри Элдор Азизов, шунингдек Ўзбекистон махсус хизматлари ходимлари ва бошқалар аниқланган.

Маълумотлар сиздирилгани маълум бўлган куниёқ Credit Suisse банки барча айбловларни инкор этиб чиқди.

“Ҳисобот чала, нотўғри ва матндан узиб олинган танлама маълумотга асосланади. Бу банкнинг тадбиркорлик фаолиятига нисбатан салбий таассуротлар ҳосил бўлишига олиб келади”, дея баёнот берди Швейцария банки ва тилга олинган ҳисобварақлардан 90 фоизи аллақачон ёпилганини ёки ёпилиш арафасида турганини қўшимча қилди.

“Биз масалани ўрганишда давом этамиз ва зарурат бўлганда зарур чораларни кўрамиз”, дейилган яна банкнинг расмий баёнотида.

XS
SM
MD
LG