Линклар

Шошилинч хабар
22 ноябр 2024, Тошкент вақти: 20:19

Сифатсиз қурилган иссиқхонани қор босди. Фирма қайта қуриб беришни истамаяпти(ВИДЕО)


Зафар Пошшоев биринчи қорни кўтара олмай қулаган иссиқхонасида
Зафар Пошшоев биринчи қорни кўтара олмай қулаган иссиқхонасида

Қашқадарё вилоят, Косон тумани, Қўйбоғ қишлоғида яшайдиган ўқитувчи Зафар Пошшоевнинг “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастури асосида кредитга қурдирган иссиқхонаси битта қорга дош беролмади.

Бу иссиқхона ўтган йил ноябрида Косон туманидаги “Агро чорва томорқа” МЧЖ томонидан 30 миллион сўмга қуриб берилган эди.

Ўқитувчи иссиқхонанинг ярмини қор босиб синдирганидан сўнг, уни қайтадан мустаҳкам қилиб қуриб беришни ёки пулини қайтариб беришни талаб қилди.

Аммо МЧЖ унинг талабини бажармаяпти. Оқибатда ўқитувчи ишлата олмаган иссиқхона учун кредит пулини тўлашда давом этмоқда.

“Агро чорва томорқа” МЧЖ раҳбари Тоҳир Расулов иссиқхонани фақат аввалги ҳолатдагидек қуриб бера олишини, уни қўшимча мустаҳкамлаш учун қўшимча тўлов лозимлигини айтди.

Қорга дош бера олмаган иссиқхона
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:04:28 0:00

Косон туманидаги 3 – умумтаълим мактабининг тарих фани ўқитувчиси, 46 яшар Зафар Пошшоев ўтган йилнинг кузида ҳукуматнинг “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастури асосида банкдан 30 миллион сўм кредит олиб, ноябрь ойида иссиқхона қурдирган эди:

“Банк пулни тўғри “Агро чорва томорқа” МЧЖга ташлаб берди. Улар қуришни бошлади. Лекин иссиқхона аркини узунлигини 9 метрлик қилди. Мен унга бунинг ораси жуда кенг, қорларга дош беромайди, 6 метрлик арк қилинг десам, йўқ, бизнинг сметамизда шунақа деб унамади. Хуллас, 25 метр узунлиги 18 метр энига иккита дуга қилиб қилинган, 9 метрдан. Ҳар бир аркнинг ўртаси 2,70 метр”.

Ўқитувчининг айтишича, орадан бир ой ўтмай 26 декабрда ёққан қор иссиқхонининг бир томонини босиб қолган:

“Мен Тоҳирни ўшанда огоҳлантириб, қалинроқ қор ёғса буларинг кўтара олмайди, деганимда “мен сизга уч йилга гарантия бераман, агар қор босиб синса қайтадан қуриб бераман, деган эди. Қизиғи шундаки шартнома банк билан таъминочи орасида тузилган, менга кўрсатишмаган ҳам. Кейин банкдан талаб қилиб олсам, мен қўядиган имзо сохталаштирилган экан. Улар 15 августга қилиб берилди деб шартнома қилган экан, аслида эса иссиқхона ноябрь ойида қурилган”.

Зафар Пошшоев иссиқхонани қор босиб қолган куннинг эртасигаёқ Тоҳир Расуловга қўнғироқ қилиб айтган, лекин у орадан уч кун ўтиб келган. Бундан ташқари сектор раҳбари, туман ҳокимлиги, банк, туман прокуратурасига хат билан расман мурожаат қилган.

“Ҳеч қайси ташкилот расмий жавоб бермади. Кейин прокуратурага бориб талаб қилаверганимдан кейин улар “биз ҳам ҳеч нарса қилолмаймиз, у ҳам тадбиркор, ўзингиз келишинг” деб менга жавоб беришди. Бўлмаса банкдан кердитимни тўхтатиб туринглар десам, йўқ уни ҳам тўхтат олмаймиз, кредитни сиз олгансиз сиз тўлашингиз шарт, дейишди”.

Зафар Пошшоевнинг иддао қилишича, шундай иссиқхоналар қурган бошқа қурувчиларни олиб келиб кўрсатганда улар иссиқхона қуришда стандарт қоидалар бузилганини айтган:

“Биринчидан, юқорида айтганимдек арк узунлиги 9 эмас, 6 метрлик қилиб қурилиши керак. Иккинчидан, Тоҳир Расулов 25 миллиметрли трубаларни қўйган, аслида 32лик бўлиши керак. Трубанинг стенди, яъни қалинлиги 1,7 бўлиш керак экан, Тоҳир эса 1,4лигини қўйган. 30 миллион сўм олган, аслида эса 15 миллион сўмлик иш қилинган. Агар банк ўша пулни мени ўзимнинг ҳисобимга ўтказиб берганида эди, мен капитални қилиб, бўрон турса ҳам йиқилмайдиган иссиқхона қурдирган бўлардим. “Ҳар бир оила тадбиркор” дастури асосида ўзлари келишган фирмаларга пулни ўтказиб, хўжакўрсинга қуриб берилган иссиқхоналар бу. Мендан бошқа яна жуда кўп одамлар ана шундай куйиб қолмоқда”.

Биринчи қордаёқ қулаган иссиқхонани қурган “Агро чорва томорқа” МЧЖ раҳбари Тоҳир Расулов Озодликка иссиқхонани қайта қурииб беришга розилиги, аммо бунга Зафар Пошшоев рози бўлмаётганини айтди:

“Мен қуриб берганимга саккиз ой бўлди. Қор босиб қолган экан, майли мен йўқ демаганман. Қулаган жойини қайтадан қилиб берамиз десак, у кўнмаяпти. У саккиз ойдан бери иссиқхонадан фойдаланиб келяпти. Менинг айбим билан бўлган йўқ у, менинг айбим билан қор босиб қолгани йўқ. Қайтадан таъмирлаб бераман деяпман, у эса бузиб олиб кетгинда пулимни қайтариб бер деяпти".

Зафар Пошшоев эса МЧЖ директорининг бу гаплари ёлғон эканлигини айтади:

“Иссиқхонани 25 ноябрда қуриб битказишди. Қанақасига мен 8 ой уни ишлатган бўламан. Қанақасига унинг айби йўғ экан, катта пулга сифатсиз нарса қуриб берадию айби бўлмасмикан? Тўғри менга яна ўшандай қилиб қуриб бераман деди, янаги қорда яна босиб қолиши учунми? Шунинг учун мен унга стандарт, сифатли қилиб қуриб бер, бўлмаса банкка ўзинг тўла, мен бошқа кредит олиб бошқа қураман деганман”.

2018 йилда 7 июнида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастурини амалга ошириш мақсадида ПҚ-3777 сонли қарорни имзолаган эди.

Бу қарорга мувофиқ банклар оилаларга тадбиркорлик учун имтиёзли кредит бериши ва улар бу пулни ишлаб чиқраишга сарфлаши лозим эди.

Лекин, банклар бу кредитни тўғридан тўғри одамларга бермай манфаатли ташкилот ва фирмаларга бериши оқибатида аҳоли ўзи истаган товарларни ололмай куйиб қолгани ҳақида Озодлик аввал ҳам хабар берган эди.

Жумладан, ўтган йили андижонлик 42 нафар шикоятчи Озодликка мурожаат қилиб, “Гулистон нурли истиқболи” чорвачилик фермер хўжалигидан 2018 йилда қорамол сотиб олгани, бироқ бу молларнинг касаллиги яшириб сотилгани сабаб улар нобуд бўлгани ёки сўйиб сотишга мажбур бўлганликларини билдирди.

Андижон вилоятининг Шаҳрихон туманидаги “Гулистон нурли истиқболи” чорвачилик фермер хўжалиги “Агробанк” билан келишиб, аҳолига 7 фоизлик кредит билан 1000 дан ортиқ касал қорамол сотган эди.

XS
SM
MD
LG