Линклар

Шошилинч хабар
22 ноябр 2024, Тошкент вақти: 11:37

Соғлиқни сақлаш вазири: “Док-1”дан яна 100 нафар бола ўлиши мумкин эди”


2023 йилнинг 14 ноябрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси депутатлари қаршисида ҳисобот берган Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири Амрилло Иноятов, мамлакатда “Док-1 макс” препарати қурбонлари бундан ҳам кўп бўлиши мумкин эди, деди.

Иноятовга кўра, у ўша вақтда вазирнинг биринчи ўринбосари сифатида фаолият олиб борган ва “Док-1 макс” препаратини истеъмол қилиб, болаларнинг вафот этаётганини кеч эшитган.

“Ўтган йилнинг 23-24 декабрь кунлари воқеани эшитиб, дарҳол шуғулланганман. 2023 йилнинг 10 январига қадар 17 минг нафар ҳамшира ва бригадаларимиз хонадонма-хонадон юриб, сироп ва препаратларни йиғиб олди.

Ўша вақтда президентимиз топшириғига кўра, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идора вакиллари ҳам ушбу масалада иш бошлаган эди. Идора ходимлари барча дорихоналарни инвентаризация қилиб, сиропларни йиғиштириб олди”, — деди Амрилло Иноятов.

Вазирнинг иддао қилишича, 100 нафарга яқин бола ҳудудлардан олиб келиниб, Болалар миллий марказига ва Республика шошилинч тез тиббий ёрдам марказига жойлаштирилган ва уларнинг кўпчилигининг ҳаёти сақлаб қолинган.

“Самарқанд вилоятидаги бош шифокор масалани кўтариб, бу препаратдан экани ҳақидаги ахборот бизга етиб келгунга қадар шифокорларимиз бошқа касаллик бўйича ташхис қўйиб ишлашган.

Одатда болаларда ўткир буйрак етишмовчилиги грипп ва ўткир ичак касалликларини асорати сифатида келади. Бемор болалар шунга мос равишда протокол бўйича даволаган. Шифокорларимиз препаратдан заҳарланиш бўлганини билмаган. Агар билганида ёндашув мутлақо бошқача бўлиб, ҳар бир болани ҳаётини сақлаб қолиш мумкин эди”, — деди соғлиқни сақлаш вазири.

Бироқ Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари Элмира Боситхонова жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судида бораётган маҳкама жараёнлари даврида ОАВга вазирликнинг мутлақо айби бўлмагани, кейинчалик ҳам заҳарланишлар юзасидан раҳбарият хабардор қилинмаганини иддао қилган.

Ҳолбуки, судда гувоҳ сифатида сўроқ қилинган вазирликнинг Оналик ва болаликни муҳофаза қилиш бошқармаси собиқ раҳбари Севара Убайдуллаева “Беҳзод Анваровичга 2022 йилнинг 22 ноябрь куни ўтказилган семинар расмларини Telegramдан юборганман ва “Биз ОПН — буйрак етишмовчилиги бўйича семинарлар ўтказяпмиз. Ҳаммани ўқитиб, эрта аниқлаб, тўғри йўналтиришни ўргатяпмиз”, дедим. “Маъқул дедилар”, дейди.

Убайдуллаевага кўра, собиқ вазирнинг тиббиёт соҳаси вакили эмаслиги унинг маълумотларга унчалик эътибор бермаслигига олиб келган.

“Улар (вазир Беҳзод Мусаев назарда тутилмоқда) тиббиёт соҳасидан сал йироқроқ бўлгани учун ОПНга унчалик эътибор қилмадилар. Шундан сўнг 15—16 декабрь кунлари менга чиқиб, “Сенинг хабаринг борми, менга ҳозир шунақа дейишяпти. Бу оғир касал экан”, деди. Мен “Бу касалликни беморларда буйрак етишмовчилиги пайдо бўлаётган пайтда сизга хабар қилгандим, бу нарсанинг устида ишлаётгандик. Болаларни сақлаб қолишга ҳаракат қилаётгандик” дедим, — дейди гувоҳ вазирга бу ҳақда аввалроқ хабар берганини айтар экан.

Айни у ўзининг вазирга тўғридан-тўғри мурожаат қилишга имкони йўқлиги, орада Боситхонова тургани, Боситхонова эса бу иддаоларни рад қилаётганини таъкидлаган.

Вазирлик мутасаддилар ўртасидаги ўзаро зиддиятли баёнотлар ортидан жавобгарликдан қочишга уринмоқда. Мазкур иш юзасидан бораётган суд жараёнлари, ОАВдаги “Док-1 макс” препарати қурбонларининг чиқишлари жамоатчиликда эътирозлар уйғотмоқда.

Депутатлар тилга кирди

14 ноябрь кунги тингловларда депутат Дониёр Ғаниевнинг чиқиши “Док-1 макс” препарати қурбонлари юзасидан Парламентдаги сукунатни бузди. Палата мажлисида депутат Дониёр Ғаниев “Док-1 Макс” воқеасидан кейин сиёсий жавобгарлик кўрмаётганини айтди.

“Жабрдийда оналарни кўриб йиғладим, вафот этган болаларнинг биттаси мени ҳам фарзандим бўлиши мумкин эди”, - деди Дониёр Ғаниев.

Депутатнинг эътирози юзасидан вазир Амрилло Иноятов унинг иддаоларини 100 фоиз қабул қилиши ва бирор баҳона қилишга асоси йўқлигини билдирди.

“Эзгу ниятлар, ажратилаётган маблағларга қарамай, афсуски, тизимдаги қўпол, ўта қўпол хатоликлар туфайли ўнлаб инсонларнинг, болаларнинг ҳаётига зомин бўладиган ҳолатларга гувоҳ бўлдик.

Тизимдаги битта коррупция — дорини тегишли тартибда сертификация қилмаслик оқибатида 65 оила фарзандидан жудо бўлди. Президентимизга раҳмат, буни танқид қилдилар ва “Ҳар битта одам, бунга ким алоқадор бўлса қонун олдида жавоб беради”, дедилар ва биз буни бугун кўриб турибмиз.

Одамни виждони қийналяпти, депутат сифатида ўз вақтида назоратни тўғри қилмай, эътиборни бошқа томонга қаратганимиз учун ва тизимдаги қўпол хатолик туфайли 65 нафар бола вафот этди”, - деди Дониёр Ғаниев.

Ғаниевга кўра, тизимдаги ходимларнинг кўрсатмаларидан пастдаги маълумотни ўз вақтида юқорига етказмаслик ҳолати ойдинлашмоқда. Вазирлик томонидан бу ишлар учун сиёсий жавобгарлик тан олинмаган. Тегишли мансабдорларга нисбатан жавобгарлик чоралари кўрилмаяпти.

Фармацевтика агентлиги раҳбари: “Сен ифлосни деб...”

“Док-1 макс” препарати қурбонлари устидан Тошкент шаҳар жиноят судида бораётган маҳама жараёнлари даҳанаки жангга айланиб кетди. 15 ноябрь кунги суд мажлисида сўроқ қилинган Ўзбекистон Республикаси Фармацевтика агентлиги директори биринчи ўринбосари Улуғбек Эгамов судланувчиларнинг ҳақоратларига нишон бўлди.

Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигининг собиқ раҳбари, “Док-1 Макс” иши бўйича судланувчи С.К. раислик этувчидан яна бир ҳамкасби Улуғбек Эгамовни ҳам жиноий жавобгарликка тортишни сўради.

“Сен ифлосни деб, 11 ойдан бери мана шу ерда ўтирибман”, деди Эгамовга қарата Фармацевтика агентлигининг собиқ раҳбари судда.

Судланувчининг айтишича, у “Док-1 Макс” иши аввалидаги терговда унга биринчи ўринбосар бўлган Улуғбек Эгамовнинг барча кирдикорларидан хабар топган.

Дарё.Уз сайти мухбирига кўра, Фармацевтика агентлигининг собиқ раҳбари ўзининг амалдаги ўринбосарига қарата: “Сен зам бўлиб келганингдан кейин агентликда барча қилғилиқлар бошланган экан. Мен буни тергов пайтида билдим, шу пайтгача кўзим кўр бўлиб, билмай юрган эканман. Бу зам бўлиб, яхши ишлаяпти деб юрган эканман. Лекин сени деб, мен ҳозир шу ерда ўтирибман”, деган.

Судланувчининг иддаосича, Ҳиндистоннинг Кураракс дорисини (33 минг доллар пора эвазига инспекцион текширувдан олиб ташланган дори воситаси) инспекцион текширувдан олиб ташлаш бўйича агентликдан топшириқ бўлган. Бу иш эса С.К. номидан Улуғбек Эгамов топшириғига кўра қилинган.

“Судланувчининг гувоҳни ифлос деб атаганига эътироз билдирган судья бунинг учун жавобгарлик борлигини эслатди ва судланувчига суд унга нисбатан чора кўришига мажбур қилмасликни сўради. Судланувчи С.К. эса Улуғбек Эгамовни ифлос деб атагани учун жавобгарликка тайёрлигини айтиб, гувоҳни яна бир бор ифлос деб атади.

Судда шунингдек, яна тўрт нафар собиқ мансабдор судланувчи Улуғбек Эгамов агентликка ишга ўтган кунидан бошлаб, ходимларга инспекцион текширувга тушган дорини "текширувдан олиб ташла", "қўй", "қил", "тезлаштир" деган топшириқлар кўпайганини маълум қилди. Судланувчилар, жумладан Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигининг собиқ раҳбари С.К.нинг айтишича, Улуғбек Эгамовга нисбатан ҳам жиноят иши очилиши керак” дейди маҳкамани кузатаётган Дарё.Уз мухбири.

Судланувчи С.К.нинг судда қўшимча қилишича, инспекцион текширувни тўхтатиш учун берилган 33 минг долларнинг тегишли қисми Улуғбек Эгамовга етиб борган.

Тошкентдаги шов-шувли маҳкама ва яна бир жиноят иши

Шу йилнинг 11 август куни ЖИБ Тошкент шаҳар судида Ўзбекистонда “Ўлим сиропи”, яъни “Док-1 Макс” дори воситаси иши бўйича суд жараёнлари бошланган. Мазкур препаратни истеъмол қилиш оқибатида 65 нафар бола ҳалок бўлгани қайд қилинган.

Иш доирасида жами 21 киши, жумладан, Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигининг собиқ раҳбари, Ҳиндистон фуқароси, “Quramax Medikal” МЧЖ директори ҳамда бошқаларга айблов эълон қилинган. Айбланувчиларнинг 16 нафари эркак ва 5 нафари аёл бўлиб, уларнинг 7 тасига қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чоралари қўлланган.

9 октябрь куни «Док-1 Макс» иши бўйича суд тергови ниҳоясига етди. Ўзбекистон Республикаси ДХХ томонидан олиб борилган жиноят иши доирасида бир неча юзлаб шахслар сўроқ қилинган. ЖИБ Тошкент шаҳар судида олиб борилаёитган маҳкама жараёни ДХХ қўзғатган ишнинг бир қисми бўлиб, жиноят ишининг ажратиб олинган бошқа қисмлари бўйича тергов ҳаракатлари тугаб, судга чиқарилмоқда.

Шу йилнинг январь ойида ДХХ Тергов бошқармаси томонидан “Quramax Medikal” МЧЖ ҳамда “Дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техникалар экспертизаси ва стандартлаштириш давлат маркази” мутасаддиларига нисбатан жиноят иши очилганди. “Док-1 Макс” сиропини Ўзбекистонга олиб кирган “QURAMAX MEDICAL” МЧЖнинг лицензияси ҳам 13 январь куни бекор қилинган.

“Док-1 Макс” ва “Амбронол” сиропининг ножўя таъсири сабабли “ўткир буйрак етишмовчилиги” ташхиси билан болалар вафоти бўйича қўзғатилган жиноят иши тергови доирасида бир қатор мансабдорлар, хусусан, Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги ҳамда унинг ҳузуридаги “Дори воситалари, тиббий буюм ва тиббий техника экспертизаси ва стандартлаштириш давлат маркази” ДУК директори Сардор Кариев ҳамда содир этилган жиноятларга алоқадор бўлган унинг бир нечта жиноий шериклари иш бўйича гумон қилиниб ушланган ва уларга нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилганди.

Форум

XS
SM
MD
LG