Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 01:13

"Машшоғи кўп юртнинг қашшоғи кўп бўлур" – тармоқлар санъаткорларга уй учун субсидия бериш ҳақида


Тармоқлардаги аксар постларга аввалроқ санъаткорлар пахта кампанияси чоғида тушган сурат илова қилинган.
Тармоқлардаги аксар постларга аввалроқ санъаткорлар пахта кампанияси чоғида тушган сурат илова қилинган.

7 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг маданият ва санъат ходимларига субсидия тўлашга доир қарори лойиҳаси эълон қилинди. Соҳа вакилларига уй-жой борасида моддий кўмак кўрсатиш назарда тутилган ҳужжат тармоқларда танқид қилинмоқда.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига жойлаштирилган қарор “Уй-жой сотиб олиш ёки якка тартибдаги уй-жойларни қуриш ва реконструкция қилиш учун маданият ва санъат ходимларига субсидия тўлаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида” деб номланади.

Унга кўра, маҳаллий бюджетлар ҳисобидан узоқ йиллар самарали фаолият олиб борган маданият ва санъат соҳаси вакиллари ҳамда истеъдодли ёш ижодкорларга ипотека кредити асосида сотиб олинаётган уй-жой қийматининг 50 фоизи миқдорида субсидия берилади. Моддий кўмак миқдори Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар учун 192,5 миллион, Тошкент шаҳри учун эса 245 миллион сўм этиб белгиланган.

Қарор лойиҳаси муҳокамага қўйилиши билан ижтимоий тармоқ эътироз, киноя-кесатиқ, танқид руҳидаги постларга тўлди. Фаоллар “қора қозонини аранг қайнатаётган” илм-фан, таълим вакиллари қолиб “туваги ҳам тиллодан бўлиб кетган” санъаткорлар рағбатлантирилаётганидан норозилик билдирган.

“Беришаверсин, давлатнинг энг камбағал қатлами шу бечоралар! Битта тўйга 5000$ дан 10000$гача борса, ҳақиқий муҳтож шулар-да!” дея киноя қилди Низомиддин Аҳмедов.

“Уларга текин сут ҳам бериш керак” деб ёзди журналист Рустам Иқбол.

“Солиқдан озод қилиш ва уй олишдаги имтиёзлар етмайди. Бу бечора қатламни коммунал тўловлардан ҳам озод қилиш керак. Иложи бўлса бир йил давомида йўл ҳаракати қоидаларини 10 марта бузишга рухсат берилса ундан-да аъло бўлади”, дея кинояга қўшилди Руслан Бобо.

“Бой бойга боқар, сув сойга оқар. Муаллимга шимилдириқ!” дея масъулларни таълим аҳлига қайишишга ундади Муҳиддин Норбоев.

“Педагог ходимлар қачон қўллаб-қувватланади? “Педагог ходимнинг мақоми тўғрисида”ги қонун лойиҳаси нима бўлди? Педагогларга ҳам хамир учидан патир деб у-бу нарса ажратиладими? Ким миллатга кўпроқ наф келтиради ўзи: устозми ёки санъаткор?” дея савол қўйди Муҳаммадамин Каримжонов.

“Озодбек Назарбеков, уялмайсизми?! Санъаткорлар юртимиз ривожи учун нима қилиб берди? Ундан кўра шу пулларга боғча, мактаб қуринглар, қанча талабалар квартираларда тиқилиб, сиқилиб яшамоқда, шуларга ётоқхона қуринглар, илм-фанга сарфланглар!” дея эътироз билдирди Лазиз Носиров.

“Тўлаётган солиқларимни шунақа қилиб сарфлар экан, рози эмасман. Машшоғи кўп юртнинг қашшоғи кўп бўлур деб бекорга айтишмаган экан. Отарчиликдан топган пулидан солиқ тўламайди-да, яна солиқларимиз ҳисобидан субсидия оладими?! Қанақа мантиқ бу?” дея арзи ҳол қилди Озод Эркин.

Муҳиддин Турғунбоевнинг фикрича, субсидия давлатга ортиқча юк, айниқса, бюджет илма тешик бўлиб ётган, ташқи қарз ошаётган пайтда моддий кўмак масаласида эҳтиёт бўлиш керак.

Айрим фаоллар Конституциянинг 19-моддасида имтиёзлар фақат қонунга мувофиқ белгиланиши кўрсатилгани, бинобарин, маданият ва санъат вакилларига ҳукумат қарори билан моддий рағбат тайинланиши ноқонуний эканини иддао қилган.

Ҳукумат қарорини қўллаб-қувватлаган бошқа бир гуруҳ фойдаланувчилар эса маданият ходимлари фақат артисту созандалардан иборат эмаслигини эслатиб, ижарама-ижара кўчиб яшаётган соҳа вакилларига моддий кўмак бериш вақти келганини уқтирган.

“Маданият ходими бу отарчи дегани эмас, театрда 2 миллион сўм ойликка ишлаётган санъаткорлар дегани”, дея ёзди Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги матбуот котиби Назокат Азим.

“Жияним Муқимий театрида ишлайди. Яхши, ёш актёр. Аммо 10 йилдирки, оилавий ётоқхонада яшайди. Шуларга эътибор керак эди”, дейди Хайрулло Абдураҳмонов.

“Маданият вазирлиги тизимида фақат артистлармас, ойликка қараб қолган кутубхона ва музей ходимлариям бор. Хор артистлари, оркестр чолғучилари, театр ходимлари ҳам бор. Улар тўйга чиқиб пул ишлолмайди”, деб ёзди журналист Шуҳрат Шокиржонов.

“Буни эшитиб, шаҳримиз кутубхонаси ва маданият марказларида севган касбини ташлаб кетолмай арзимаган маошга ишлаб юрган фидойи ходимларнинг шодлиги кўз ўнгимга келди ва улар учун мен ҳам хурсанд бўлдим”, деб ёзди шоир Неъмат Душаев.

Озодбек Назарбеков фирмаси. Манфаатлар тўқнашуви қачон барҳам топади?
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:18:19 0:00

Айни пайтда фаоллар имтиёздан асл эгалари фойдалана олмаслигидан хавотир билдирган.

“Аслида яхши ниятда анча йиллар олдин бошланган лойиҳа эди. Бир умр ижара уйларда хор бўлиб, ярим оч ҳолатда вафот этган эски санъаткорларнинг аҳволини кўриб шундай таклиф киритилганди. Лекин ўйлашимча, амалда бу уйлар яна “олтин” рўйхатдагиларга тегади, ҳақиқатан эҳтиёжмандлар эса қолиб кетаверади”, дейди соҳа вакили Замира Бешимова.

“Маданият вакиллари 20 йиллаб давлатнинг ётоқхоналарида яшаб юрибди, дейсизми? Айтинг, 20 йиллаб давлатнинг ётоқхонасига етолмай, ўз пулига ижарага яшаб юрганларнинг нечтасини кўрсатай?! Хафа бўлманглар-у, менга қолса, шу пайтгача берилган уйларни ҳам олиб қўярдим...” деб ёзди журналист Аброр Зоҳидов.

Ҳукумат қарори теграсида баҳс-мунозара бошланганидан икки кун ўтиб Маданият вазирлиги расмий муносабат билдирди.

“Интернет сайтлари ва ижтимоий тармоқларда иддао қилинаётганидек, маданият ва санъат соҳаси вакилларининг ҳаммаси ҳам бир хилда тўй-ҳашам, туғилган кун ва ёки бошқа тадбирларда хизмат кўрсатиш, қўшимча даромад топиш имкониятига эга эмас. Лекин шунга қарамай, улар ўз касбига меҳр қўйиб, фидойилик билан меҳнат қилмоқда”, дейилади баёнотида.

Вазирликка кўра, маданият ва санъат тизимида 36 мингдан зиёд ходим фаолият юритади.

Айрим тармоқ фойдаланувчилари ўзбек санъаткорлари шу йил ўтган Конституция бўйича референдум ва сайлов тадбирларида "текинга" ва фаол иштирок этганликлари, уй-жой учун субсидия уларнинг "хизмат ҳақи" эканини писанда қилишган.

Форум

XS
SM
MD
LG