Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 21:38

Суд айбдор деб топган директор Президент академиясига ўқишга юборилди, номзоди депутатликка кўрсатилди


Ўзбекистон Жиноят кодексида назарда тутилган ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш, мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш, мансаб сохтакорлиги каби жиноятларни содир этганликда суд томонидан айбдор, деб топилган, лекин ўзлаштирган пулини тўлагани учун жазодан озод қилинган Жиззах вилоят, Мирзачўл туманидаги Агроиқтисодиёт касб-ҳунар коллежи директори Шерзод Маматқулов Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясига ўқишга юборилди.

Бундан ташқари коллеж директорининг номзоди Халқ депутатлари Мирзачўл туман кенгаши депутатлигига кўрсатилган.

Коллеж директори Озодлик қўнғироқларига жавоб бермади, унинг ўринбосари эса бошлиғи ҳақидаги саволни эшитиши билан алоқани узди.

Озодлик 19 ноябрь куни эълон қилган “200 000 000 сўмдан ортиқ давлат пулини ўзлаштиргани учун судланган коллеж директори ўз вазифасида ишламоқда” сарлавҳали мақоласидан сўнг Жиззах вилоят касбий таълимни ривожлантириш ва мувофиқлаштириш ҳудудий бошқармаси бу мақолага муносабат билдириб, жумладан бундай деб ёзди:

Жиноят кодексининг 167-моддаси, 2-қисми «в,г» бандлари, 205- моддасининг 1-қисми ва 209-моддасининг 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топилган.


“Шерзод Маматқулов Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш, мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш, мансаб сохтакорлиги каби жиноятлар назарда тутилган моддалари билан айбланиб, 2019 йил 8 апрель куни жиноят ишлари бўйича Мирзачўл туман судида кўриб чиқилган ва унга нисбатан, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 167-моддаси, 2-қисми «в,г» бандлари, 205- моддасининг 1-қисми ва 209-моддасининг 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топилган.

Шерзод Маматқулов ва бош ҳисобчи Худоёр Болбеков томонидан зарарни қоплаш учун тўланган 78 миллион 605 минг сўм пул Мирзачўл тумани молия бўлимига қайтарилган.

Суд хулосасига асосан Ш.Маматқулов Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 70-моддасига асосан жазодан озод қилинган.

Шерзод Маматқуловга нисбатан Жиноят ишлари бўйича Мирзачўл туман судининг 2019 йил 8 апрелдаги ҳукмига асосан Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Касб-ҳунар таълими марказининг 2019 йил 17 майдаги № 294-к-сонли буйруғи билан “ХАЙФСАН” интизомий жазо чораси қўлланилган”.

Бошқарма баёнотининг давомида Шерзод Маматқулов Президент ҳузуридаги Давлат бошқарув академиясига тўрт ойлик ўқишга юборилганини ҳам ёзган.

Президент ҳузуридаги Давлат бошқарув академияси тингловчилари рўйхати
Президент ҳузуридаги Давлат бошқарув академияси тингловчилари рўйхати

Коллежнинг собиқ ўқитувчиси Ориф Ўроловнинг айтишича, гарчи Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Мирзачўл туман департаменти ва туман молия назорат бошқармаси 200 миллион сўмдан ортиқ камомадни аниқлаган бўлса-да, лекин суд фақат 78 миллион 605 минг сўм пулни ундириш ҳақида қарор чиқарган:

Нима, у президент академиясида давлат пулини ўзлаштиришнинг янги усулларини ўрганадими?


“Битта камбағал одам ночорликдан битта калиш ўғирласа суд 2-3 йил бериб юборади. Шерзод Маматқулов давлатнинг юз миллионлаб пулини ўзлаштирса, битта ҳайфсан билан қутулиб кетяпти. Яна бу одам Президент ҳузуридаги Давлат бошқарув академиясига ўқишга юборилибди. Нима, у президент академиясида давлат пулини ўзлаштиришнинг янги усулларини ўрганадими? Энди буни қаранг, ҳалолликдан узоқ бу одам яна номзодини туман кенгашига депутатликка қўйибди. Бу қанақа адолат бўлди? Бу қанақа суд бўлди? Нега суд департамент ва КРУ аниқлаган 200 миллиондан ортиқ маблағни йўққа чиқарди?”

Лицензиясидан маҳрум бўлишидан чўчиб исми сир қолишини сўраган тошкентлик адвокатлардан бирининг айтишича, суд бу мулозимга жуда енгил жазо қўллаган:

Лекин бу ерда коррупция аралашганми ёки таниш-билишчиликми, суд жуда ҳам енгил жазо қўллаган.


“Суд Ўзбекистон Жиноят кодексининг 70-моддасини қўллаб, яъни ижтимоий хавфлилиги йўқ деб уни жазодан озод қилган. 77-моддага кўра эса, бу модда қўлланилган шахс судланмаган деб ҳисобланади. Кўряпсизми, судья қандай ўйин қиляпти. Бу ҳолатда бу одам раҳбарлик лавозимида ҳам ишлаши мумкин, депутат ҳам бўлишга ҳаққи бор, академияда ҳам ўқиши мумкин. Аслида эса бу ҳолатда судья уни айбдор деб топиб жазо қўллаши, кейин Жиноят кодексининг 45-моддаси (муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш)ни қўллаши керак эди. Бу моддага кўра уни суд уч йилгача раҳбарлик лавозимларида ишлашдан маҳрум қилиши лозим. Лекин бу ерда коррупция аралашганми ёки таниш-билишчиликми, суд жуда ҳам енгил жазо қўллаган. Прокуратура бу қарорга протест билдириши керак эди, лекин бу ишни қилмаган”.

"Мирзачўл овози" газетасида берилган хабарга кўра, Халқ депутатлари Мирзачўл туман кенгаши депутатлигига Шерзод Маматқуловнинг номзоди Ўзбекистон Либерал демократик партиясидан, "Ғалаба МФЙ"дан кўрсатилган.

Депутатликка номзодлар рўйхати
Депутатликка номзодлар рўйхати

Коллеж директори Шерзод Маматқулов Озодлик қўнғироқларига жавоб бермади, унинг ўринбосари Собир Бойматов эса бошлиғи ҳақидаги саволни эшитиши билан алоқани узди.

Мирзачўл тумани прокуратурасидан бу масалага муносабат олишнинг имкони бўлмади.

XS
SM
MD
LG