Линклар

Шошилинч хабар
22 ноябр 2024, Тошкент вақти: 20:04

Қизини зўрлаган шахс жазоланмаганидан норози она иккинчи марта ўз жонига қасд қилди (1-қисм)


Қашқадарё вилоят, Косон туманида яшайдиган, 21 йил ўқитувчи бўлиб ишлаган 40 яшар аёл 15 сентябрда бўйнига арқон солиб, жонига қасд қилди.

Ўша пайт мактабдан қайтган қизи арқонни кесиб юбориб, онасини қутқариб қолди.

Бундан аввал, бу ўқитувчи аёл 2018 йилнинг охирида ўзига ўт қўйиб, танасининг 40 фоизи куйиб кетган эди.

Она 14 яшар қизини зўрлаган шахс жазога тортилмагани, маҳаллада бу оилага нисбатан таҳқирловчи гап-сўзнинг кўпайгани учун ўз жонига қасд қилганини унинг синглиси Озодликка айтди.

Қиз отасининг айтишича, туман прокуратураси гумонланган шахс қолиб, қизнинг қариндошларидан ДНК анализи олиб текширмоқда.

Туққан боласини бошқа қайтиб кўрмаган қиз, мактабда унга нисбатан масхара ва таҳқирлаш тинмаётганини айтди.

Туғилган қиз бола ўша куннинг ўзида бошқа шахсга фарзандликка бериб юборилган.

Туман хотин-қизлар қўмитаси раҳбари ўринбосарининг айтишича, 14 яшар қиз билан жинсий алоқа қилишда гумонланган йигитнинг оиласи аввал қизни келин қилишга рози бўлган, кейин эса бу фикридан қайтган.


Ўз жонига икки марта қасд

Косон туманида яшайдиган 40 яшар ўқитувчи (ўқитувчи, унинг қизи ва бошқа қариндошларининг исми, улар яшайдиган қишлоқ ва бошқа маълумотлар Озодликка маълум – таҳририят.) 15 сентябрь куни тушдан кейин ўз уйининг айвонида ўзини осиб, жонига қасд қилган.

Ўқитувчининг қизи сўзларига кўра, мактабдан қайтган пайтда онаси ўзини осаётганини кўриб қолган:

“Шундай ҳовлига киришим билан, онам айвон тўсинига ўзини осаётганини кўриб қолдим. Додлаб югуриб бориб, ошхонадан пичоқни олиб чиқдим. Онамнинг тепасидаги арқонга бўйим етмай, бир неча марта онамнинг пешонасини ҳам кесиб олдим. Бир бало қилиб арқонни кесдим. Онамни иккинчи марта асраб қолдик”.

Қизнинг айтишича, онаси бундан аввал 2018 йилнинг 2 декабрида ҳам ўзига ўт қўйиб, жонига қасд қилган:

“Онам бизга бор, кўчадан бензин олиб кел деб айтаверарди. Биз олиб келмасдик. Бир куни ҳаммомга кириб, устидаги кўйлак ва лозимига шундай ўт қўйиб юборибди. Кўйлак синтетикадан бўлгани учун ловуллаб ёниб кетган. Духтурларнинг айтишича, қарийб 40 фоиз бадани куйган”.

Ўқувчи қизнинг сўзларига кўра, онасининг ўз жонига қасд қилишига у билан боғлиқ ҳодиса сабаб бўлган.

Номусга тажовуз

Ўқувчи қизнинг Озодликка иддао қилишича, 2017 йилнинг август ойида ўша пайтда 20 яшар бўлган қўшни йигит унинг номусига тажовуз қилган:

Орқамдан югуриб кирдида, оғзимни ёпиб номусимга тегди


“Мен уйда бир ўзим ўтирган пайтда у темир сўраб келди. Қўшни бўлгани учун қачон нима сўраб чиқса берардик. Мен ўша темирни олиб чиқиш учун подвалга кирганимда орқамдан югуриб кирдида, оғзимни ёпиб номусимга тегди. Кейин буни бирор кишига айтсанг, сени ўлдираман, деб қўрқитди. Деворимиз тепасига чиқиб, менга ўқрайиб қарар, бармоғини бўйнига олиб бориб, ўлдираман деб таҳдид қиларди. Бу воқеадан икки ҳафта ўтиб, у мени яна зўрлади. Бу сафар "онамнинг мазаси йўқ, ёрдам берасан", деб онамдан сўраб уйларига олиб чиқди. Борганимдан кейин онаси уйни пилесос қилиб бер, деди. Кейин онаси қаергадир кетди. Мен пилесос қилаётганимда яна келиб шундай қилди”.

Қизнинг айтишича, у ҳомиладор бўлиб қолганини туғишга яқин вақт қолганда билган:

Духтур бу қиз 9 ойлик ҳомиладор, деди.


“2018 йилнинг апрель ойи охирида мазам бўлавермади, кейин холам хусусий поликлиникага олиб бориб, УЗИ қилдирди. Духтур бу қиз 9 ойлик ҳомиладор, деди. Мен ҳам ҳайрон қолдим. Чунки қорним йўқ эди, жисмоний тарбия дарсларида 200тадан аэробичка сакрардим, озайин деб кўчада югурардим”.

15 яшар ўқувчи қиз 2018 йилнинг 10 майида Косон туғруқхонасида қиз фарзанд кўрган.

Аммо, айтишича, фарзанди унга умуман кўрсатилмаган...

Мақоланинг 1- қисми тугади.

Ўқувчи қиз туққан бола қаерда, балоғатга етмаган қизни зўрлаган йигит нега жазодан қутулиб қолмоқда, мактаб директори, прокуратура, хотин-қизлар қўмитаси нима деди, каби саволларга мақоланинг кейинги қисмидан жавоб топасиз.

XS
SM
MD
LG