Линклар

Шошилинч хабар
28 феврал 2025, Тошкент вақти: 20:20

"Система": Венгрия Алишер Усмоновдан ЕИ санкцияларини олиб ташлашга уринмоқда


Алишер Усмонов
Алишер Усмонов

Будапешт, агар Европа Иттифоқи қатор шахсларни санкция солинганлар рўйхатидан ўчирмаса, уларнинг муддати узайтирилишига вето қўймоқчи, дея хабар қилди Reuters. Агентлик Венгрия ҳукумати назарда тутган шахслар исмларини келтирмаган.

Вазиятдан хабардор Евроиттифоқ мулозими Будапешт шундай талаб қўяётганини тасдиқлади. Озодлик радиосининг дипломатик доиралардаги юқори мартабали манбаси эса маълумотни тасдиқлаш баробарида, бу шахслар исмларини ҳам очиқлади. Озодлик рус хизмати ва "Настояшчее Время"нинг қўшма лойиҳаси бўлган “Система” – Венгрия айнан кимларни санкциялардан ҳимоя қилмоқчи бўлаётганини аниқлаган.

Демак, рўйхатда қуйидаги шахслар бор:

Алишер Усмонов – Россиянинг энг бадавлат тадбиркорларидан бири. 2022 йил 28 февралдан бери Евроиттифоқ “қора рўйхати”да қолмоқда, санкциялар асосномасида у “Кремлпараст олигарх”, “Владимир Путиннинг севимли олигархларидан бири” ва “президент Путинни пана қилиб турадиган ва унинг бизнес билан боғлиқ муаммоларини ҳал қиладиган одам” дея таърифланган эди.

“Нега Ўзбекистон санкциядаги олигарх Усмонов ҳимоясига киришди?”
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:10:37 0:00

Гулбаҳор Исмоилова – Усмоновнинг синглиси, муҳтамалан, унинг чет элдаги активларидан бир қисмига эгалик қилади, айни сабабга кўра ЕИ 2022 йил 8 апрелда унга нисбатан санкциялар қўллаган.

Михаил Фридман – “Альфа-Банк” ҳаммуассиси ва йирик инвестор. Унинг молия гуруҳи чекловлар жорий этилгунича ЕИ мамлакатларида фаол ишлаган. 2022 йил 28 февралда Михаил Фридман ва унинг ҳамкори Пётр Авенга қарши санкциялар жорий этилгани улар “иқтисодиётнинг Россия ҳукуматига катта даромад келтирувчи муҳим тармоқларида иштирок этаётгани” билан изоҳланган.

Пётр Авен – “Альфа-Банк”нинг яна бир ҳаммуассиси. 2022 йил 28 февралда ЕИ санкцияларига учраган.

Дмитрий Мазепин – “Уралхим” холдинги мулкдорларидан бири, Украинага қарши тўлақонли босқин бошланган 2022 йил 24 феврал куни у Путиннинг йирик тадбиркорлар билан учрашувида қатнашган. Ўша йил мартидан бери ЕИ санкциялари остида қолмоқда.

Вячеслав Моше Кантор – тадбиркор, Европа яҳудийлари конгресси раҳбари. Унга нисбатан ЕИ санкциялари 2022 йил 8 апрелдан бери амал қилади, санкция қарори асосномасида у “президент Путинга яқин рус олигархи” деб аталган.

Муса Бажаев – “Альянс” гуруҳи раҳбари ва нефт корчалони, 2022 йил апрелда санкцияларга учраган. ЕИ маълумотига кўра, у ўз бизнес тузилмалари орқали Россия иқтисодиётининг стратегик тармоқларини қўллаб-қувватлайди.

Санаб ўтилган тадбиркорларнинг барчаси санкциялар устидан ЕИ судларига шикоят қилган, аммо даъволари рад қилинган.

Михаил Дегтярёв – Россия спорт вазири. Дума депутати бўлган вақтида Москвада “ДХР” элчихонаси очилишини эълон қилиши ортидан 2014 йил 25 июлда ЕИ санкцияларига дучор бўлган.

Алишер Усмонов Путинга “яқин эмас”лигини исботлай оладими?
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:20:43 0:00

Европа Иттифоқининг санкциялар рўйхати мунтазам қайта кўрилади ва 27 аъзо мамлакат бир овоздан қўллаб-қувватлаши билан узайтирилади. Венгрия олдин ҳам Европа санкцияларига нисбатан вето қўйиш билан пўписа қилиб, шу орқали Брюсселнинг бир оз ён беришига эришган.

Венгрия ҳукумати раҳбари Виктор Орбан санкциялар гўёки Россиядан кўра ЕИнинг ўзига кўпроқ зарар келтираётганини иддао қилади. Расмий Брюссел эса санкциялар масаласида якдиллик бўлмаса, Евроиттифоқ Москвага босим ўтказувчи энг муҳим қуролидан айрилишини таъкидлайди.

“Система” лойиҳаси тилга олинган шахслар ва уларнинг вакилларига, шунингдек, Венгрия ташқи ишлар вазирлигига сўровлар йўллаган, бироқ ҳозирча ҳеч биридан жавоб олмаган.

Форум

XS
SM
MD
LG