Линклар

Шошилинч хабар
27 декабр 2024, Тошкент вақти: 00:09

"Россия юзига тушган тарсаки". Асад режимининг қулаши ва Путин


Россия аскари Дамашқ четидаги назорат-ўтиш пунктида. 1 март, 2018
Россия аскари Дамашқ четидаги назорат-ўтиш пунктида. 1 март, 2018

Владимир Путин чорак аср олдин Россияда ҳокимият жиловини қўлга олганиданоқ Москванинг глобал куч сифатидаги мақомини тиклашга киришди.

Бунга 15 йил вақт кетди, аммо Россия Сурия фуқаролар урушига аралашди ва буни ўзининг халқаро майдонда ҳисобга олиниши керак бўлган кучи сифатида кўрсатди.

Москва бу кучдан Яқин Шарқ ва ундан ташқарида ўз таъсирини кенгайтириш учун фойдаланди.

Москванинг асосий иттифоқчиси бўлган президент Башар Ассад ҳокимияти қулаши Россиянинг буюк давлат бўлиш интилишларига жиддий зарба берди.

"Путиннинг Суриядаги ҳарбий саргузашти Россиянинг буюк давлат эканлигини ва ўз таъсирини чет элга ёя олишини кўрсатиш учун мўлжалланган эди," дейди Яқин Шарқ бўйича мутахассис Филлип Смит. "Сурияни йўқотиш – Путин учун катта тарсаки."

Сурияда Асад режими қулади, унинг ўзи қочди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:13:18 0:00

Асаднинг ағдарилиши нафақат Россиянинг обрўсига путур етказди, балки катта стратегик мағлубият ҳам бўлди.

Сурияда Россиянинг иккита йирик ҳарбий иншооти жойлашган: Ҳмеймимдаги ҳаво базаси ва Тартусдаги денгиз базаси. Иккинчиси Россиянинг ягона илиқ сувли денгиз базаси бўлиб, Москвага Ўрта ер денгизига чиқиш имконини беради.

"Россия Суриядаги базаларидан фойдаланиб, ўз қудратини ҳам шарқий Ўрта ер денгизига, ҳам кенг Яқин Шарққа йўналтирди," деди Смит.

Серхаражат актив

2015 йилда Россиянинг Сурияга ҳарбий аралашуви уруш оқимини ўзгартирди. Москванинг исёнчилар позицияларига қарши ҳалокатли ҳаво ҳужумлари Сурия армиясига кенг ҳудудларни қайтариб олишга ва Асадни ҳокимиятда сақлаб қолишга ёрдам берди.

Москванинг Сурия кампанияси Украинанинг Қрим ярим оролига бостириб киргани ҳамда Украина шарқидаги айирмачи кучларни қўллаб-қувватлаганидан бир йил ўтиб содир бўлди.

Москва ўзини Қўшма Штатлар, НАТО ва умуман Ғарбга қарши тура оладиган куч сифатида кўрсатиш учун Сурия ва Украинадаги иштирокидан фойдаланиб, Ўрта ер денгизидан Африка ва Лотин Америкасигача глобал таъсирини кенгайтирди.

Мутахассислар таъкидлашича, 2022 йил февраль ойида Россиянинг Украинага бостириб кирганидан сўнг, Сурия Москва учун янада муҳим активга айланди, шу билан бирга икки фронтда ҳарбий ҳаракатларни давом эттириш муаммосини ҳам келтириб чиқарди.

Асад ҳукумати қулагач, Россиянинг Суриядаги ҳарбий активлари йўқотилиши кутилаётгани билан бу вазифа янада мураккаблашди.

Россия аллақачон Украинага бой берган Курскдаги ҳудудларни қайтариб олиш учун қарши ҳужумга катта куч сарфламоқда, ҳаттоки Шимолий Корея қўшинларининг ёрдамига таянмоқда. Айни пайтда, у эҳтимолий тинчлик музокараларидан олдин Украина шарқидан иложи борича кўпроқ ҳудудни эгаллашга уринмоқда.

Россиянинг Ўрта ер денгизи соҳилидаги ҳарбий объектларини АҚШ томонидан террорчи деб эътироф этилган "Ҳаёт Таҳрир аш-Шом" (ҲТШ) ташкилоти ва унинг иттифоқчилари бошчилигидаги жангарилар босиб олиши мумкин.

Вашингтон институти катта илмий ходими Аарон Зелин Россия Суриядаги активларини ҳимоя қилиш учун етарли ҳарбий кучга эга эмаслигини таъкидлайди.

"Шуни ёдда тутиш керакки, Россия 2015 йилда Сурияга биринчи бор кириб боргандагига нисбатан ҳозир Украинада каттароқ уруш билан шуғулланишга мажбур," дейди Зелин.

"Россиянинг Саҳрои Кабирдан жанубдаги Африкада ҳам жанг қилаётган кучлари бор. Ўн йил олдинги, [Евгений] Пригожин бошчилигидаги Вагнер гуруҳи мавжуд бўлган даврдан фарқли ўлароқ, Россия ҳозир ўша даражадаги салоҳият ёки қобилият билан кураша олмайди."

Зелин, айниқса, Тартус ҳарбий-денгиз базасини йўқотиш "Россия учун жуда катта йўқотиш" бўлишини таъкидлайди.

"Бу Россиянинг денгиз кучларини намойиш этиш учун фойдаланиши мумкин бўлган ягона илиқ сув портидир, – деди у. – Уни йўқотиш Россияни Яқин Шарқнинг марказидан ажратиб қўяди."

Москва 8 декабрь куни ҲТШ ва унинг иттифоқчиларига таслим бўлган Дамашққа ёрдам бериш учун қуруқликдаги қўшинларини юбормади. Россия ноябрь ойи охирида жангарилар Асад кучларига қарши ҳужум бошлаганидан бери ўнлаб ҳаво зарбаларини амалга оширди, аммо Москванинг чекланган аралашуви исёнчиларнинг илгарилаб боришини тўхтата олмади.

Мутахассислар фикрича, Россия Суриядаги муваффақиятсизлиги учун катта товон тўлайди.

Асаднинг қулаши "Россиянинг хорижда ҳарбий ва сиёсий таъсирини сақлаб қолиш нуқтаи назаридан ҳали ҳам глобал куч эканлиги ҳақидаги даъвосига катта зарба" бўлди, деди Германия халқаро ва хавфсизлик масалалари институти ходими Ҳамидризо Азизий.

Лотин Америкаси ва Африка каби бошқа минтақалардаги иштирокчилар "Россия билан алоқаларини ва унга таяниш режаларини қайта кўриб чиқа бошлашлари мумкин," деб қўшимча қилди у.

Форум

XS
SM
MD
LG