Линклар

Шошилинч хабар
26 декабр 2024, Тошкент вақти: 23:34

Сурияда исёнчилар Дамашқни эгаллади - Асад мамлакатни тарк этди


Мухолифат аскари Суриянинг марҳум президенти Ҳофиз Асаднинг ағдарилган бюсти билан. Дамашқ, 8 декабрь, 2024
Мухолифат аскари Суриянинг марҳум президенти Ҳофиз Асаднинг ағдарилган бюсти билан. Дамашқ, 8 декабрь, 2024

Сурия президенти Башар Асад мамлакатни тарк этди. Бу ҳақда Асаднинг содиқ иттифоқчиси бўлган Россия маълум қилди. Россия Ташқи ишлар вазирлиги Асаднинг ҳозирда қаерда эканини айтмаган, аммо унинг кетиши билан боғлиқ музокараларда қатнашмаганини билдирган.

Сурияда исёнчилар 8 декабрь куни эрта тонгда пойтахт Дамашқни ўз назоратига олганини эълон қилди. Ижтимоий тармоқлар орқали тарқатилган хабарда Дамашқ «Энди Асаддан озод бўлди», дейилган.

Президент Башар Асаднинг қаерда экани ҳозирча номаълум. Британияда жойлашган Сурия Инсон ҳуқуқлари мониторинги Асад Дамашқ эгаллангани ҳақидаги хабарлар ортидан Суриядан учиб кетганини маълум қилган.

Сурия бош вазири Муҳаммад Ғози ал-Жалолий видеомурожаат орқали чиқиш қилиб, ҳукумат «халқ танлаган ҳар қандай раҳбарият билан ҳамкорлик қилишга тайёр»лигини билдирди.

“Сурия барча сурияликларники. Бу давлат ҳеч қандай минтақавий иттифоқ ва блокларга кирмасдан қўшнилари ва дунё билан яхши муносабатлар ўрнатадиган нормал давлат бўла олишига ишонамиз", деди ал- Жалолий. У ҳозирда уйида экани ва кетмаслигини қўшимча қилган.

«Ҳайъат Таҳрир аш-Шом» исёнчи гуруҳи етакчиси Абу Муҳаммад ал-Жавлоний 7 декабрь куни кечаси қўзғолончилар 775 минг аҳолига эга Хомс шаҳри «озод қилишнинг сўнгги босқичида» эканини маълум қилган.

ҲТШ АҚШ, Буюк Британия, Канада ва Европа Иттифоқининг террорчи ташкилотлар қора рўйхатига киритилган.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, Асад режимининг қулаши Теҳрон билан бирга узоқ йиллардан бери Сурия ҳукуматини қўллаб келаётган Кремль учун ҳам катта геосиёсий тўсиқ бўлади.

АҚШда жойлашган Урушни ўрганиш институти “Асад режими қулагани, унинг тарафдорлари Сурия армиясига ҳарбий ёрдам беришга тайёр эмас»лиги ҳақида ёзмоқда.

Россия Сурияда бир нечта ҳарбий базаларга эга. Хмеймимдаги ҳаво базаси ва Тартусдаги стратегик денгиз объектлари шу пайтгача Кремлнинг Сурия ва Африкадаги ҳарбий иштироки учун фойдаланиб келинган.

Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Россия ҳарбий базаларининг тақдири ҳақида изоҳ беришдан бош тортиб, “тахмин қилиш унинг иши" эмаслигини айтди.

ISWга кўра, Москва ҳали базаларини эвакуация қилишни бошламаган, бироқ исёнчилар шиддат билан илдамлар экан, Россия ўз кемаларини портда яна қанча ушлаб туриши номаълумлигича қолмоқда".

АҚШ Давлат департаменти Вашингтон Суриядаги вазиятни диққат билан кузатиб бораётганини билдирди.

Департамент вакилининг сўзларига кўра, Қўшма Штатлар ва унинг ва иттифоқчилари тинч аҳоли, жумладан, озчилик гуруҳларни ҳимоя қилишга чақирган.

Исёнчилар Дамашқни қўлга киритишидан олдин пойтахтда ваҳима кўтарилган, зарурий таъминот етишмовчилиги кузатилган.

ҲТШ бошчилигидаги исёнчи гуруҳлар ўтган ҳафта кутилмаганда ҳужум бошлаб бирин-кетин Суриядаги йирик шаҳарларни катта қаршиликларсиз эгаллаб олди.


ҲТШ таркибида жангарилардан ташқари "Сурия миллий армияси" деб аталадиган Туркия дастагидаги гуруҳ ҳам бор.

Туркия исёнчиларни қўллаб-қувватлашини рад этмоқда. Бироқ экспертлар фикрича, қўзғолон Туркия розилиги билан бошланган.

БМТ 6 декабрь куни эълон қилган ҳисоботига кўра, ноябрь охиридан бери Сурияда деярли 300 000 киши жанговар ҳаракатлар туфайли уй-жойини ташлаб чиқиб кетган. Исёнчиларнинг илдамлаши давом этса, яна 1,5 миллионга яқин одам мамлакатни тарк этишга мажбур бўлиши мумкин.

2011 йилги фуқаролар урушидан бери Асад Эрон ва Россия ёрдамига таяниб келаётган эди.

ҲТШ ўтган ҳафта Ҳалаб устидан назоратни қўлга киритганидан кейин бирин-кетин Суриянинг бошқа йирик шаҳарларни эгаллашга киришди.

Форум

XS
SM
MD
LG