Линклар

Шошилинч хабар
30 октябр 2024, Тошкент вақти: 08:25

Талаб ва тақиқ: Ўзбекистонда суррогат оналик


Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Россия ва Грузиядаги суррогат оналар хизматини таклиф қилаётган клиникаларда ўзбекистонлик аёллар сони кўпаймоқда.

Суррогатлик қилаётган аёлларнинг аксари бир неча фарзандини ёлғиз катта қилаётган ижтимоий ҳимоясиз қатламга мансуб экани кузатилмоқда.

Озодлик билан шахсини сир тутиб гаплашган аёлларга кўра, бир фарзандни дунёга келтириш эвазига улар 13 мингдан 25-30 минг АҚШ долларига қадар пул ишлаши мумкин.

Ўзбекистонда бу ҳақда ҳануз очиқ муҳокама йўқ. 2019 йилда парламентда кўтарилган муҳокама эса натижасиз тугаган.

Мамлакат қонунчилигида суррогат оналик ҳақида ҳеч гап йўқ, аммо қонуности ҳужжатларида бу ҳолат “одам савдоси”га тенглаштирилган, жазоси оғир. Ислом дини Ҳанафий мазҳаби буни тақиқлайди.

Ўзбекистонда аҳолининг репродуктив саломатлигига оид муаммолар ортиб бораётганини қайд этган шифокорлар, суррогат оналик институтини халқаро тажрибага таянган ҳолда қонун билан регуляция қилиш зарур, демоқдалар.

-----------------------------------------------------

"Ноиложликдан келдим"


Ўзбекистонлик 29 яшар аёл шу кунда Тбилисида. Хорижлик бир оиланинг боласига ҳомиладор, яъни суррогат она.

“29 ёшдаман. Бу ерни бир танишимдан эшитиб келдим. Ўзбекистонда 2 та ёш болам бор, уларга ўзим қарашим керак. Пул керак. Шунинг учун келдим, ноилож. Бу ерда бизга қарашади, шифохонага ҳам ўзлари олиб боришади. Дориларимизни ҳам олиб келиб беришади", дейди аёл.

Бир неча ойдан кейин бола туғилади ва суррогат оналик муддати, шартномага мувофиқ тугайди.

Ўзбекистонлик суррогат оналар ҳозирча Грузия ва Арманистонга сафар қилишга мажбур. Иллюстратив сурат.
Ўзбекистонлик суррогат оналар ҳозирча Грузия ва Арманистонга сафар қилишга мажбур. Иллюстратив сурат.


Ҳозир Тблисида фаолияти кенгайиб бораётган клиникалардаги суррогат оналар орасида ўзбекистонлик ва умуман, марказий осиёлик аёллар талай.

Бу оналар хизматидан фойдаланаётган мижозларнинг аксари Хитой, араб давлатлари ҳамда бошқа минтақалардан.

Бир болани 9 ой қорнида ташиб, туғиб бергани учун суррогат она, 20 минг АҚШ долларигача пул олади.

"Ҳозирдан ўзимни тайёрлаб боряпман - бу болани беришим кераклигига. Тўғри оғир бўлса керак, лекин мен аввалдан ўзимни тайёрлаяпман. Тезроқ шу бола туғилса, эсон-омон эгасига бериб олсам, кейин уйдаги болаларимнинг ёнига кетсам, деб ўйляпман", дейди аёл.

Тармоқдан таклиф

Интернетда Марказий осиё, хусусан ўзбекистонлик аёлларга суррогат оналик таклиф қилинган эълонлар кўпайган.

Айниқса Телеграм тармоғида ўзбекча эълонлар ва гуруҳлар кўпроқ кўзга ташланади.

"Биз Марказий Осиё аёлларини муносиб ҳақ эвазига суррогатлик дастурида қатнашишга таклиф қиламиз. Дастурлар Тбилиси, Грузия ва Aрманистоннинг Ереван шаҳарларида бўлиб ўтади. Суррогат она бўлиш учун анкетани тўлдиришингиз ва телеграм каналида хабар қолдиришингиз керак. Қўшимча маълумот учун Телеграм орқали боғланинг!", дейилди шундай эълонлардан бирида.

Суррогат оналик учун қўйиладиган асосий талаблар:

  • -Ёши 20 ёшдан 35 ёшгача.
  • -гинекологик, жисмоний, руҳий ва бошқа касалликлардан азият чекмаслик.
  • - Ҳеч бўлмаганда битта соғлом фарзандингиз бўлиши.
  • - камида сўнгги 6 ой давомида эмизишнинг йўқлиги.
  • -Оддий тана тури, ортиқча вазн йўқ.
  • - зарарли одатларнинг йўқлиги.


Таклифлар эса:

  • - Тўлиқ ҳуқуқий ёрдам.
  • - Юқори пул мукофоти.
  • -Дастур билан боғлиқ барча харажатларни тўлаш (саёҳат, имтиҳон) бутун ҳомиладорлик даври учун бепул турар жой.
  • - Ойлик тўловлар.
  • - Юқори малакали мутахассислар назорати.


Озодлик ижтимоий тармоқлар орқали берилган эълонлардаги телефон рақамларига қўнғироқ қилди.

Гўшакни кўтарганлар матбуот учун маълумот беролмаслиги, мижозларга доир маълумотлар ҳам очиқланмаслигини айтиш билан чекланиб, мулоқотдан бош тортишди.

Диний тақиқ бор

Ўзбекистонда суррогат оналикка харидорлар ортиб бораркан, бу ҳақда жамоатчилик орасида ҳануз очиқ муҳокама йўқ.

Айрим интернет нашрлари бу мавзуда “Айрим ўзбек аёллари бачадонини ижарага бермоқда. Ўзбекистонлик аёллар, ўз қорнини 20 минг АҚШ долларигача бўлган суммага ижарага бермоқда”, мазмунидаги хабарлар кўзга ташланади.

Ўзбекистонда бу борада очиқ муҳокаманинг йўқлигига ислом динида бунинг тақиқлангани ҳам сабаб қилиб келтирилади.

Ушбу мавзуда интернетда кенг тарқалган фатволардан бири Ўзбекистоннинг собиқ муфтийси, марҳум шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфга тегишли.

“Ассаламу алайкум муҳтарам Шайх ҳазратлари. Ҳозирги кунда авж олиб бораётган суррогат яъни "вақтинчалик" оналардан фойдаланишга ислом динининг муносабати қандай? Улар ўзи туғолмайдиган аёллар бўлиб, уларнинг тухуми сунъий урчитилиб, бошқа аёл бачадонига сунъий йўл билан экилади ва ҳомила ривожланиб туғилгандан кейин "юридик" онага қайтариб берилади. Болани қорнида катта қилган "суррогат" онага бунинг эвазига ҳақ тўланади”, деган саволга Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг қисқагина "Мумкин эмас", жавоби берилган.

Қонунчиликда йўқ


Суррогатлик Ўзбекистон қонунчилигида акс этмаган - на рухсат берилган ва на тақиқланган.

Аммо, Вазирлар Маҳкамасининг одам савдосидан жабрланганларга оид қарорига тиркалган иловада “суррогат она сифатида фойдаланиш” - эксплуатация турларидан бири сифатида келтирилган. Бошқа гап йўқ.

Яъни, суррогат оналик - амалда одам савдосига тенглаштирилган.

"Жиноий жавобгарлик бор. Тиббиёт нуқтаи назаридан ривожланган давлатларда рухсат этилган. Ҳатто донорлик хам мумкин чет элда. Ёши, хамроҳ касалликлари туфайли фарзанд кўра олмайдиган жуфтлар суррогатдан фойдаланади. Ўзбекистонда бунга эҳтиёж бор, албатта. Рухсат бериш керак, органик касалликлар туфайли фарзанд кўра олмай ажрашиб кетаётган жуфтлар муаммоси ҳал бўлиши учун. Агар бизникилар халқ фикрига қараб иш тутишса, аниқ тақиқланади. Лекин, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ташаббусни қўлга олиб, суррогатлик тартибини белгиласа яхши бўларди”, дейди исмини ошкор қилмасликни сўраган тошкентлик шифокор.

Парламентдаги муҳокама

2019 йилда Ўзбекистон қонунчилигига “суррогат она” тушунчасини киритиш таклиф қилинганди.

Парламент “Фуқароларнинг репродуктив саломатлигини муҳофаза қилиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини муҳокама қилаётган кезда бу таклиф ҳам ўртага ташланган.

Парламентдаги муҳокамаларда Ўзбекистонда турмушга чиққан аёлларнинг 5,3 фоизигача бўлган қисми бефарзанд қолаётгани айтилганди.

Олий Мажлис қуйи палатасининг ўша пайтдаги Саломатликни сақлаш масалалари бўйича қўмитаси раисининг ўринбосари Нурия Айтжонова буни соғлом генофонд шакллантириш мақсади билан асослаган эди:

“Мазкур қонун лойиҳаси Ўзбекистонда хориж мамлакатларида кенг қўлланилаётган ва замонавий бўлган сунъий йўл билан уруғлантириш орқали бола туғдириш ва соғлом генофондни шакллантириш учун соғлом тухум хужайраларини танлаб олиш амалиётидан фойдаланишга имконият яратиб беради”.

Бу таклиф Қонунчилик палатаси депутатлари орасида жиддий баҳс бўлган. Бир депутат “никоҳсиз фарзанд дунёга келишига қонуний асос яратилади” деса, бошқа бири буни яширин одам савдосига қиёслаган эди.

Депутат Раҳим Ҳакимов бу тушунчани қонунчиликка киритиш кераклиги, шунда мамлакатдан йилига 10 миллион доллар четга чиқиб кетишининг олди олинишини таъкидлаганди. Аммо, бу борада бирор расмий рақам эълон қилингани Озодликка маълум эмас.

Ўшанда бу масала қонунан ҳал бўлмади. Жамоат хавфсизлиги ва соғлиги ҳимоясига масъул давлат ташкилотлари, хусусан Соғлиқни сақлаш вазирлиги эса бу масалада сукут сақламоқда.

Шу тариқа, ўзбекистонлик аёллар суррогатлик қилиш учун, бепушт оилалар суррогат оналар хизматидан фойдаланиш учун аввал Россия ва Украинага борган бўлса, ҳозир Грузияга сафар қилишмоқда.

Тбилисидаги клиникалардан олинган маълумотларга кўра, шу кунда суррогат она бўлиш учун даъвогар аёлларнинг аксари - қўлида ёш болалари бўлган, бошпанасиз ва ёлғиз аёллар.

Яъни, суррогатлик қилишга аёлларни аксар ҳолларда йўқчилик мажбурлайди. Суррогатлик хизматини Россия ва Украинада бошлаган кўпчилик клиникалар ҳозир бизнесини Грузияга кўчирмоқда.

Боиси, Россияда хориж фуқароларига суррогат оналар хизматидан фойдаланиш тақиқланди. Бу клиникаларнинг асосий харидорлари эса Россия эмас, хориж фуқаролари.

Украина эса уруш ичида қолган. Шу боис, бу давлатдаги клиникалар ҳам Грузияга кўчди.

"Грузияда яқинда иш бошладик, унгача Москвада эдик. Россияда чет элликлар учун суррогат оналик қилиш тақиқланди. Шунинг учун ҳозир бизнинг мижозларимиз Грузия ва Арманистонга боряпти. Бишкекда офисимиз бор. Суррогат она бўлишни истовчилар бизнинг Тик-ток ва Инстаграмдаги эълонларимиз орқали келишяпти. Кимлардир танишларидан эълон олишяпти. Албатта, бунинг ҳам ўз талаб ва чекловлари бор. Аёл 20 ёшдан катта бўлиши ва ҳеч бўлмаганда, битта боласи бўлиши лозим. Агар бир марта кесар кесиш амалиётидан ўтган бўлса мумкин, агар икки ёки ундан ортиқ бўлса, мумкин эмас”, дейди суррогат оналарни ёлловчи агентликлардан бирининг вакили Людмила Волчкова.

Қирғизистонда суррогат оналик тақиқланмаган. Қонунчиликка биноан, 20 ёшдан 40 ёшгача бўлган аёллар суррогатлик қилиши мумкин.

Лекин, мутахассисларнинг айтишича, Қирғизистонда суррогат оналикка зарур тиббий шароити бўлган клинакалар йўқ, ҳисоби. Шунинг учун, аксар мижозлар Грузияга йўл олмоқда.

Грузияда суррогат оналик учун расман рухсат берилганига 25 йилдан ошди.

“Соғлиқни сақлаш тўғриси”даги Грузия қонуни, суррогатликни - бепушт оилалар учун замонавий даволаниш методларидан бири сифатида тан олади.

Қонунга биноан, бу хизматдан фақат қонуний никоҳдан ўтган оилалар фойдаланиши мумкин.

Дунёда суррогатлик масаласи ҳануз бироз баҳсли ва бунинг сабаблари кўпроқ ахлоқий - диний қадриятларга бориб тақалади. Нафақат ислом, балки насронийлик дини ҳам буни тақиқлайди.

Ҳозирда Франция, Германия, Австрия, Норвегия, Швеция ва АҚШнинг айрим штатлари - Аризона, Мичиган, Нью-Джерсида бу амалиёт тўлиқ тақиқланган.

Айни пайтда, аксар Европа давлатлари, жумладан Германия ва Францияда, бу амалиёт аёлнинг шаънини ерга уради, боиси бир аёлдан бошқалар ўз манфаати йўлида фойдаланишига имкон беради, деган тушунча бор.

Айрим давлатлар, жумладан Буюк Британия, Дания, Канада, Исроил, Нидерландия, Ҳиндистон ва АҚШнинг қатор штатларида пул ишламасдан, яъни ўзаро келишув асосида суррогатлик қилишга, баъзи чекловлар билан, рухсат берилган.

АҚШнинг қатор штатлари, Жанубий Африка, Грузия, Қозоғистон, Украина ва Россияда рухсат берилган. Фақат Россия 2019 йилда чет эллик фуқароларнинг Россияда суррогат оналик хизматидан фойдаланишини тақиқлаган.

Форум

XS
SM
MD
LG